Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:29

Тожикистон Хитойнинг уйғурларга қарши репрессиясини дастаклашда айбланмоқда


Уйғур гуруҳлар адвокатлари Халқаро жиноят судига (ХЖС) Тожикистон ҳукумати уйғурларни Хитойга жўнатиб, Пекин билан ҳамкорлик қилаётганини кўрсатувчи янги далилларни тақдим этди.

Тожикистон ХЖС прокуратурасига юборилган шикоятда тилга олинган ягона мамлакат эмас. Хабарларга кўра, Хитой босими остида уйғурларни ҳибсга олиб, ноқонуний экстрадиция қила бошлаган яна бир давлат Камбоджадир.

Кўп сонли хабарларга кўра, Хитой ҳукумати асосан уйғурлар ва бошқа мусулмон халқлар яшайдиган Шинжонда миллиондан ортиқ одамни ҳибсга олган ва “қайта тарбиялаш лагерларига” улоқтирган.

Хитой расмийлари минтақадаги лагерлар бўлгинчилик, террорчилик ва экстремизмга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган қайта тарбиялаш марказлари эканини иддао қилиб келади.

Пекин лагерда кун ўтказганлар кўрсатмалари ва кўплаб бошқа далилларга қарамай, лагерларда касб-ҳунар ўргатилаётгани ва у ердагилар ҳуқуқлари оёғости қилинаётганини рад этиб келади.

Баъзи ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, уйғурлар, қозоқлар, қирғизларга ва дунганларга қарши чоралар ушбу халқларнинг дини ва маданиятини йўқ қилиш мақсадида кўрилмоқда.

Тожикистон ва Камбоджа ХЖСга аъзо бўлгани учун судга юборилган шикоятда ушбу икки мамлакат тилга олинди. Хитой эса ХЖСга аъзо эмас.

“Хитой ХЖСнинг имзо чеккан аъзоси эмас ... [ва суд мамлакатда] нима содир бўлаётганини тергов қила олмаслигига ишонади”, дейди уйғур гуруҳлари адвокатларидан бири Родни Диксон.

“Аслида эса ҳозирги кунда ХЖС текширувни бошлашига имкон берадиган жуда аниқ қонуний йўл мавжуд”.

Бундай тергов бошланиши мумкин бўлган жойлардан бири Тожикистондир.

ХЖСга шикоят йўллаган гуруҳлардан бири бўлмиш “Сургундаги Шарқий Туркистон ҳукумати” эълон қилган пресс-релизда айтилишича, “Хитой ҳукумати ХЖСга аъзо давлат ҳисобланувчи Тожикистонда ҳибсга олиш, ғойиб бўлишга мажбурлаш, ўғирлаш ва депортация қилиш каби ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этган”.

10 июнь куни “Сургундаги Шарқий Туркистон ҳукумати”, “Шарқий Туркистон миллий уйғониш ҳаракати” ва жабрланган индивидуал уйғурлар ХЖС прокурорига топширган далилларда “Хитой жамоат хавфсизлиги бюросининг Тожикистондаги аъзолари тожик полициясига уйғурлар яшайдиган ва ишлайдиган ҳудудларда рейдлар ўтказишни буюргани” айтилади. Баёнотга кўра, Хитой ҳукумати “ҳужжатлари жойида” бўлмаган уйғурларни “халқаро эътиборни ўзига тортмаслик учун 10 кишигача бўлган кичик гуруҳларда Хитойга қайтариб юборган”.

Пресс-релизда, шунингдек, “бугунга қадар тўпланган далиллар сўнгги 10–15 йил ичида Тожикистонда яшовчи уйғурлар сони 3 000 дан тахминан 100 тага тушиб қолганини кўрсатади”, дейилади. Баёнотга кўра, Тожикистондаги уйғурларнинг аксарияти мамлакатни 2016 йилдан 2018 йилгача бўлган муддат орасида тарк этган.

Шунингдек, Тожикистон Туркиядан уйғурларини ўғирлашда роль ўйнаганини кўрсатувчи далиллар мавжуд.

Озод Осиё радиоси 2019 йил августида “яқинда камида учта этник уйғур Туркиядан Тожикистон орқали Хитойга депортация қилингани” ҳақида хабар берган эди.

Улар Зиннетгул Турсун “ва унинг икки кичкина қизи” бўлиб, учовлон Туркиянинг Измир шаҳрида ҳибсга олинган ва 2019 йилнинг 31 июлида Истанбулдан Душанбега отланган самолётга миндирилган. Ўша рейс билан учган тожикистонлик йўловчилар Турсун ва унинг ёш болаларини Душанбе аэропортида Хитой полицияси ҳибсга олганига гувоҳ бўлган.

Тожикистонлик йўловчилар самолётда улар билан яна бешта уйғур одам – тўрт нафар аёл ва бир эркак учганини айтишган.

Кейинчалик Турсуннинг Хитойдаги оиласи Зиннетгул ва унинг болалари Хитойга олиб келинганини тасдиқлади.

Тожикистонлик йўловчилар уйғурларга ўхшаган деб тасвирлаган беш йўловчи тақдири эса номаълум.

Озодлик радиосининг тожик хизмати Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурасига уйғурлар Туркиядан олиб келингани ва Душанбеда Хитой хавфсизлик хизматлари қўлига топширилгани ҳақидаги даъволар тўғрисида маълумот сўраб мурожаат қилди, аммо жавоб ололмади.

XS
SM
MD
LG