Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:27

Тадқиқотчилар: Мусулмон дунёси Хитойнинг уйғурларга қарши глобал кампаниясини «фаол қўллаяпти»


Уйғур аёл боласини кўтариб Хўтан шаҳри бозорида турибди. Хитойнинг Шинжон-Уйғур минтақаси. 2015, 15 апрель.
Уйғур аёл боласини кўтариб Хўтан шаҳри бозорида турибди. Хитойнинг Шинжон-Уйғур минтақаси. 2015, 15 апрель.

1997 йилда Покистон ҳукумати ўз ҳудудидан 14 уйғурни бадарға қилган эди. Пекин уларни Шинжонни Хитойдан ажратиб олишни режалаштираётган террорчилар деб ҳисоблаган. Айбланувчилар Покистоннинг Хитой билан чегарасини кесиб ўтиши биланоқ қатл этилган эди.

Бу уйғурлар Хитой талаби билан экстрадиция қилингани илк бор қайд этилган ҳолат ҳисобланади.

Жорий йилнинг 24 июнида эълон қилинган China's Transnational Repression of Uyghurs («Хитойнинг уйғурларга қарши трансмиллий репрессияси») маълумот базаси ва шу номли ҳисоботда қайд этилишича, Покистон уйғурларни бадарға қилгани «Хитойнинг трансмиллий репрессияси эволюциясида ўзгариш нуқтаси» бўлган. Маълумот базасида 1997 йилги воқеадан 2021 йил мартигача 28 мамлакатда қайд этилган 1546 та қамоққа олиш ва депортация қилиш ҳолатлари кўриб чиқилган.

Ҳисобот «Марказий Осиё ишлари бўйича Оксус жамияти» ва «Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси»нинг қўшма ташаббуси бўлиб, Хитойнинг уйғурларга қарши кампанияси глобал миқёсда ривожланиб, Марказий ва Жанубий Осиёдан тез суръатда Европа, Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиёга тарқалаётганини кўрсатади.

Хитойнинг халқаро кампанияси энг тўлиқ ёритилгани айтилаётган ҳисоботда асосан Яқин Шарқ ва Осиёда жойлашган мусулмон мамлакатлар ҳукуматлари Шинжонни тарк этган уйғурларни ва бошқа мусулмонларни кузатиб бориш, ҳибсга олиш ва ватанига қайтариш йўлида Пекин билан ҳамкорлик қилаётгани ҳужжатлаштирилган.

«Аксарият мусулмонлар яшайдиган давлатлар Шинжон ва уйғурлар репрессияси бўйича сукут сақлаётгани учун кўп танқидга учраб келади», - деди «Марказий Осиё ишлари бўйича Оксус жамияти»нинг тадқиқотлар бўйича директори ва ҳисоботнинг етакчи муаллифи Брэдли Жардин.

«Аммо ушбу маълумотлар базаси шуни кўрсатадики, Ислом олами иккиюзламачилик қилибгина қолмай, Хитой билан фаол ҳамкорлик қилмоқда», - дея қўшимча қилди у.

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича расмийларига кўра, 1 миллион ёки ундан ҳам кўп уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон гуруҳ вакиллари Хитойнинг йирик «қайта тарбиялаш лагерларида» сақланмоқда. Лагерларда сақланган кўплаб собиқ маҳкумларнинг таъкидлашича, улар индоктринация, жисмоний зўравонлик ва ҳатто мажбурий стерилизацияга дучор бўлишган.

Қашғар шаҳри кўчасидан Хитой полицияси ходимлари ўтиб бормоқда. 2021 йил, баҳор.
Қашғар шаҳри кўчасидан Хитой полицияси ходимлари ўтиб бормоқда. 2021 йил, баҳор.

АҚШ ҳукумати ва қатор Ғарб парламентлари Хитойнинг Шинжондаги ҳаракатларини геноцид деб топган. Аммо асосан мусулмонлар яшайдиган давлатларнинг аксарияти сукут сақламоқда. Мусулмон давлатларнинг кўпи Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» (Belt and Road Initiative) лойиҳаси доирасида Пекин билан яқин молиявий ва сиёсий алоқа ўрнатган.

Ҳисоботда айтилишича, уйғурларни нишонга олиш ва уларни Хитойга қайтаришга қаратилган ҳаракатлар 2017 йилдан бери авж олган. Хитой Шинжонда оммавий концентрация лагерлари дастурини айнан шу йилда бошлагани айтилади.

«Ушбу амалиётлар орқали Хитой ҳукумати уйғур халқи репрессияси ва унинг устидан назоратни суверен чегаралар оша кенгайтиришга муваффақ бўляпти», дейилади ҳисоботда.

Дунё бўйлаб ёйилган маҳаллий кампания

Хитой ҳукумати дастлаб Шинжон лагерлари мавжудлигини инкор этди. Аммо кейинги йилларда Пекин лагерларни «касб-ҳунар ва таълим марказлари» деб атай бошлади ва улар исломий экстремизмга қарши курашиш учун зарур экани ҳақида дипломатик ва PR кампанияни йўлга қўйди.

Ҳисоботда айтилишича, Хитой хорижда уйғурларни нишонга олиш кампанияси терроризм хавотирлари билан боғлиқ. Пекин бошқа мамлакатлардаги уйғурларни нишонга олиш учун жосуслик ва киберҳужумлардан тортиб, «Интерпол» орқали «Қизил циркуляр» эълон қилишга қадар турли чораларни кўрмоқда.

Хитой расмийлари азалдан уйғурларга шубҳа билан қараб келади. Бугунга қадар радикал уйғур сепаратист гуруҳлари ҳужумларни амалга оширган. Шундай бўлса-да, ҳисоботда Шинжон пойтахти Урумчида 2009 йилда содир бўлган этник тартибсизликлар Пекин учун бурилиш нуқтаси бўлгани таъкидланади.

Тартибсизликлар 200 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Нобуд бўлганларнинг аксари этник ханлар бўлиб, хунрезликдан кейинги йилларда экстремистик уйғур гуруҳлари амалга оширган ҳужумлар Шинжонда хавфсизлик вазиятини янада кескинлаштирди.

Пекин эса экстремизмга қарши курашиш номи билан тезда қасос олишга киришди. Жардиннинг сўзларига кўра, Хитой ўч ола бошлар экан, кўплаб уйғур Хитойни тарк этиб, дунёнинг турли мамлакатларига қочқин бўлиб борди ва сиёсий бошпана сўради.

«Бу илгари Марказий Осиё ва Покистон каби қўшни ҳудудларга эътибор қаратган Хитойни масалага глобалроқ ёндашишга мажбур қилди», - деди у.

Маълумотлар тўпламида Хитойнинг чет элдаги уйғурларга қарши олиб бораётган кампаниясининг уч босқичи белгиланган.

Урумчи шаҳридаги бозорда савдо қилаётган уйғур аёл. 2010, 19 август.
Урумчи шаҳридаги бозорда савдо қилаётган уйғур аёл. 2010, 19 август.

Биринчи босқич асосан уйғур диаспоралари мавжуд бўлган Марказий ва Жанубий Осиёдаги қўшни ҳудудларга қаратилган бўлиб, 1997 йилдан 2007 йилгача чўзилган. Бу давр мобайнида 89 нафар уйғур ҳибсга олинган ёки Хитойга жўнатилган. Иккинчи босқич эса 2008 – 2013 йилларга тўғри келади ва унинг давомида Пекин кампанияси 15 мамлакатга кенгайиб, 130 кишини нишонга олган. Учинчи босқич 2014 йилнинг март ойида бошланган. Бу босқичда кампания авж олган ва 20 мамлакатда 1327 нафар киши ҳибсга олинган ёки экстрадиция қилинган.

Ҳисоботда мусулмон мамлакатлар роли яққол кўрсатилган. Унда қайд этилган ҳолатларнинг 647 таси Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада, 665 та ҳодиса эса Жанубий Осиёда содир бўлган. Рўйхатга киритилган 1151 та ҳолатда уйғурлар ўз мамлакатларида ҳибсга олинган, 395 та ҳолат эса Хитойга депортация ҳолатларидир.

«Бу рақамлар денгиздан бир томчи», - деди Жардин.

«Биз қисматини сўзлаб берган одамлар билан чекландик, аммо биз ҳали билмайдиган ва хабар қилинмаган жуда кўп ҳолатлар мавжуд».

Диққат марказида мусулмон дунёси

Покистон Бош вазири Имрон Хон яқинда АҚШнинг Axios ахборот агентлигига берган интервьюсида Шинжонда Хитой ҳукумати инсон ҳуқуқларини оёғости қилаётганини тан олиш ёки қоралашдан бош тортиб, шов-шув келтириб чиқарди.

Исломобод ва Пекин яқин алоқа ўрнатган ҳамда кўп миллиард доллар қийматга эга Хитой – Покистон иқтисодий йўлаги (CPEC) Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасидаги муҳим лойиҳа бўлиб қолмоқда.

Аммо маълумотлар базаси Покистоннинг Хитой билан уйғурлар борасида ҳамкорлиги ўнлаб йиллардан бери давом этиб келаётганини кўрсатди. Унга кўра, бу ҳамкорлик Пекин Евросиё бўйлаб сармоя ва иқтисодий фаолиятини кенгайтиришидан анча олдин бошланган.

«Уйғурларнинг фаолиятини кузатиб бориш бўйича расмий келишув имзолаганини кўрсатувчи ҳеч қандай далил бўлмаса-да, Покистоннинг 1990 йиллар охиридаги фаолияти расмий ёки бошқа йўл билан келишувга эришилганига ишора қилмоқда», дейилади ҳисоботда.

Жорий ойда уйғур гуруҳлар адвокатлари Халқаро жиноят судига (ХЖС) Тожикистон ҳукумати уйғурларни Хитойга жўнатиб, Пекин билан ҳамкорлик қилаётганини кўрсатувчи янги далилларни тақдим этди.

Туркия уйғурлар учун муҳим бошпана мамлакати бўлиб қолмоқда. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон узоқ йиллар давомида уйғурларни Туркияга киритди. Айни дамда мамлакатда тахминан 40 минг уйғур борлиги айтилади.

Бундан олдин Эрдўғон Хитойнинг Шинжондаги сиёсатини танқид қилган, аммо сўнгги пайтда Анқара Хитой билан иқтисодий алоқаларни кучайтира бошлагани учун Туркия президенти Пекинни кескин танқид қилишдан ўзини тия бошлади.

XS
SM
MD
LG