Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:18

“Ғарб прагматизми диктаторларни ҳаддидан оширяпти”. Дарья Навальная отаси номидан Европарламентда нутқ сўзлади


Дарья Навальная
Дарья Навальная

Дарья Навальная Страсбургда отаси ўрнига Сахаров номидаги “Фикр эркинлиги учун” мукофотини қабул қилиб олди. Алексей Навальний айни пайтда Владимир вилоятидаги 2-сонли қамоқхонада жазо муддатини ўтамоқда: у “Ив Роше” иши бўйича уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган. Сиёсатчи қамалганидан сўнг Россияда уни озодликка чиқариш талаби билан намойишлар ўтказилди, Навальнийнинг кўплаб сафдошлари таъқиблар туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишди.

Қуйида Навальнийнинг қизи Дарьянинг отасига топширилган мукофотни қабул қииш чоғида Европарламентда сўзлаган нутқининг тўлиқ матни келтирилмоқда.

Сиёсатни унчалик тушунмайдиган 20 ёшли толиба сифатида бирон ножўя гап айтиб қўйишдан чўчиб турибман.

“Салом. Катта раҳмат. Бу фавқулодда воқеа бўлди. Нутқимни бошлашдан олдин бу ерда бўлиш ва отам ўрнига ушбу мукофотни қабул қилиб олиш имконияти берилгани учун қанчалик миннатдорлигимни, шу билан бирга қўрқувда эканлигимни айтмоқчи эдим. Бу ерда, қаршингизда турмоқ – мен учун ниҳоятда буюк шараф. Бироқ сиёсатни унчалик тушунмайдиган 20 ёшли толиба сифатида бирон ножўя гап айтиб қўйишдан чўчиб турибман.

Отам Алексей Навальний Сахаров мукофотига сазовор бўлганини эшитиб, қувонганимнинг икки сабаби бор. Биринчидан, унинг хизматлари ҳамда у амалга оширган ва ҳозирда сафдошлари давом эттираётган ишларнинг эътироф этилиши юксак шарафдир. Бироқ энг муҳими, бу – Россияда гўзал ҳаёт қуриш учун кураш олиб бораётган ўн миллионлаб одамлар, менинг ватандошларимга ажойиб мужда бўлди.

Иккинчи сабабни ҳам, гарчи бу хийла кескин ва ўнғайсиз бўлса-да, айтаман. Отам Европа парламенти мукофотига сазовор бўлди. Бунақа мукофотни олганингда бу ерга келиб, парламентга мурожаат қилиш имкониятига ҳам эга бўласан. Лекин, афсуски, маълум сабабларга кўра у бугун бу ерда бўла олмади. Ва мен тезроқ Страсбургга чипта олиб, барчасини ўз кўзим билан кўришим кераклиги ҳақида ўйладим.

Бирмунча вақт ўтиб идрок этдимки, бу – мен ва оилам бошимиздан кечираётган даҳшатларнинг қиёфаси экан: мен турфа анжуманларга бораман, отамнинг номидан нутқлар ирод этаман, баъзан унинг учун қанақадир мукофотлар беришади. Мен дунё кезиб, ҳазил-ҳузул билан бошланадиган нутқлар ёзаётган чоғимда у қамоқда ўтирибди.

Аммо мен сафарларни давом эттиряпман, отамни қанақа расво шароитда сақлашаётгани ҳақидаги мақолаларни ҳам ўқиб турибман. Бу аҳволни ўзгартириб бўлмайди. Мен юртма-юрт юриб, нутқ сўзлайман. У тутқунликда қолишда давом этади.

Бунақа тақдир пешонасига битилган ёлғиз Алексей Навальний эмас. Сахаров мукофотининг аввалги соҳиблари қаерда? Аксари қамоқда. 2010 йилда Нобель тинчлик мукофотини олган Лю Сяобо қаерда? Қамоқда ўлди.

Бир нарсага ҳайронман, инсон ҳуқуқлари учун курашувчиларни озод қилиш нега бунчалар қийин?

Бир нарсага ҳайронман, инсон ҳуқуқлари учун курашувчиларни озод қилиш нега бунчалар қийин? Нега бутун дунёда уларни қамоқларга тиқишади, ҳатто жўғрофик жиҳатдан Европага мансуб ва ХХI асрда яшаётган мамлакатларда ҳам?

Европа буюк ва қудратли. Европа фуқароларининг хоҳиш-иродаси Европарламент резолюцияларида ўз аксини топади. Бу аниқ, тўғри ва адолатли резолюциялар. Уларни Буюк Британия, АҚШ, Исроил, Янги Зеландия ва бутун эркин дунё давлатлари қўллайди.

Аммо отам кабилар ҳамон қамалишга ва маслакдошлари бирма-бир панжара ортига равона бўлишини жимгина кузатишга маҳкумдирлар.

Биласизми, мен бир гапни кўп эшитаман. Ҳатто мана шунақа саройларнинг йўлакларида ҳам эшитаман. Айтишадики, “Даша, сен нега бундай ўйлаётганингни тушунаман, чунки бу сенинг оилангга ва яқинларингга алоқадор, Лекин реал ҳаётда биз прагматик бўлишимиз керак”.

Мен бош ирғаб қўяман: “Ҳа, албатта”. Бошқа нима ҳам дея олардим? 20 ёшли талаба қиз масъул лавозимли ва тажрибали прагматиклар билан баҳслаша олармиди?

Аммо мен шу тобда, олдимда микрофон борлигидан ва уни ҳеч ким тортиб олмаслигидан, ҳеч ким мен билан шахсан баҳслашмаслигидан фойдаланиб, мана шу прагматизмга қарши сўз айтмоқчиман.

Бу Сахаров мукофоти. Андрей Сахаров эса эҳтимолки энг нопрагматик одамлардан бири бўлган. Унинг номидан диктаторлар билан прагматик алоқалар олиб боришга тарғиб этаётганлар тарих китобларини варақлаб кўрмайдиларми? Бу жуда прагматик қадам бўлур эди.

Ўшанда улар диктатор ва мустабид ҳукмдорларни тийиб туришнинг ушбу усули ҳеч қачон иш бермаганини билиб олган бўлардилар.

Ҳокимиятга жон-жаҳди билан ёпишиб олган телба, агар унга бир оз ён берилса ёки мулозамат кўрсатилса, яхши бўлиб қолади, деб ўзини алдашга уринганлар қанчалиги муҳим эмас. Чунки бунақаси ҳеч қачон бўлмайди.

Авторитар ҳокимиятнинг бутун моҳияти агрессия ва янги душманлар қидиришдан иборатдир.

Авторитар ҳокимиятнинг бутун моҳияти агрессия ва янги душманлар қидиришдан иборатдир. “Келинг, Лукашенкога босим қилмайлик”, деб у билан мулоқотни давом эттирганлар бугун унинг одамларни ёппасига қамашига ва биргина кишини қўлга тушириш учун бутун бошли учоқни қўндиришдан тап тортмаслигига эришишди.

Бу прагматиклар гўё иқтисодий йўқотишларнинг олдини олмоқчи бўлардилару лекин ўзлари қўлларига калкульятор олиб, уларнинг прагматизми Европалик солиқ тўловчиларга қанчага тушаётганини ҳисоблай олмайдилар.

Путин билан муроса шунгача олиб келдики, у ўз рейтингини ошириш учун уруш бошлашга ҳам тайёр. Украинадаги уруш Европага қанчага тушади? Ҳеч бир прагматик савдо шартномаси бу уруш келтирадиган талафотлар ўрнини тўлдира олмайди.

Россия мухолифати етакчиларидан бири Борис Немцов Кремль яқинида орқадан отиб ўлдирилди. Мана шунақа пайтларда прагматик келади-да: қўлимиздан ҳеч нима келмайди, келинглар, танқидий баёнот берайлик-да, мулоқотни давом эттирайлик, дейди.

Аммо улар тийилмайдилар ва Берлинда, Британияда кейинги мухолифатчиларни ўлдиришда давом этишади. Кейин эса Европадаги омборлардан бирини портлатишади, сўнгра кимёвий қурол билан одам ўлдиришади. Айрим уринишлари улар ўйлаганидек тугамаганини биламиз. Лекин амалга ошган суиқасдлар қанча?

Биз биламизки, чинакам террорчи гуруҳ Путиннинг махсус хизматлари ичида ташкил қилинган.

Биз биламизки, чинакам террорчи гуруҳ Путиннинг махсус хизматлари ичида ташкил қилинган.

Улар менинг ватандошларимни судсиз-терговсиз ўлдиришмоқда. Менинг онамни ўлдирмоқчи бўлишди, отам ҳам уларнинг дастидан ўлишига сал қолди.

Ва эртага европалик сиёсатчилар эшик дастагини ушлаши билан ўлиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Сиз аллақачон полиция ва хавфсизлик хизматларининг бюджетларини оширдингиз, бу оғудан ҳимояланиш учун миллионларни сарфлаяпсиз. Булар бари прагматизмнинг оқибатидир.

“Босим қилманг, диктаторларнинг жаҳлини чиқармаслик учун эҳтиёт бўлишимиз керак”, – дейди прагматик. Эртаси куни эса диктатор Евроиттифоқ чегараларига минглаб мигрантларни бошлаб келади, аёллар ва болаларни тўсиқдан ошиб ўтишга мажбурларкан, ичида “Улардан биронтасини отиб қўйсалар эди”, дея орзуланади.

Прагматиклар менинг эътирозларимга жавобан: “Муддаонг нима? Булар суверен давлатлар. Ўз ҳукуматлари бор. Бизнинг имкониятларимиз чекланган. Сиёсий тутқунларни озод қиламиз деб ядро уришини бошлайликми?” дея оғзимга уришлари мумкин.

Мен уруш бошлашни таклиф қилаётганим йўқ, албатта. Бироқ у қисман бошланиб бўлди. Ҳақиқий қурбонлар бор. Улар киберқуролларни ва кимёвий қуролларни қўллашмоқда. Европа банклари Путин ва унинг дўстлари пул ювишига изн бераётганига, Путин олигархларининг яхталари Европанинг Ўрта ер денгизида бемалол сузиб юрганига, Россия ва Беларусь расмийларининг 99 фоизи жиноятларга қўл урганига қарамай Европа бўйлаб баҳузур сайр қилиб юрганига қараганда Ғарбнинг иқтидордаги раҳбарлари бу урушда қандай ютиб чиқиш ҳақида бош қотираётганга ўхшамайди.

Менимча, диктаторларга ёқиш ва мумкин қадар уларнинг асабига тегмаслик истаги мутлақо прагматик ёндашув эмас.

Бу ҳақда баралла гапириш фурсати етди. Прагматизм байроғи остида беорлик, мунофиқлик ва коррупция яширинган.

Идеализм билан прагматизм ҳамиша ўзаро курашиб келган. Европа сиёсатида ҳам баҳс-мунозаралар тинмайди. Бироқ прагматизмни танлаган сиёсатчилар ўз идеалларига хиёнат қилмасинлар.

Отамдан “Сизнинг номингиздан нима дейишимни истайсиз”, деб сўраганимда у шундай деди: Россия бу Путиннинг режими дегани эмас, уларни асло бир нарса деб ўйламасинлар. Россия Европанинг бир қисми ва биз унинг чинакам бўлаги бўлиш учун ҳаракат қиламиз. Аммо Европа ҳам ўзлигини эслаб, ўзига, ўз принципларига интилса яхши бўларди.

Биз Европа ғояларига, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва демократияга интиляпмиз. Биз канцлерлари ва вазирлари Путин қўлидаги давлат ширкатларининг директорлар кенгашига киришни ва олигархларнинг яхталарида сайр этишни орзу қиладиган Европага интилмаймиз”.

Сўзим якунида ушбу юксак мукофотга номи берилган буюк ватандошимдан иқтибос келтирмоқчиман. “Менинг тақдирим қайсидир маънода жуда ноёб бўлди. Сохта камтарликдан эмас, аниқликни ёқтирувчи бир киши ўлароқ айтаманки, тақдирим менинг шахсиятимдан кўра йирикроқ чиқди. Мен ўз тақдирим даражасида бўлишга интилдим холос. Ўз тақдиримизга муносиб бўлишга барчамизнинг қурбимиз етади, деб умид қиламан”.

Алексей Навальнийга озодлик!”.

Мухолифатчи Алексей Навальний Европа Иттифоқининг инсон ҳақлари соҳасидаги бош мукофоти бўлмиш Сахаров мукофотига сазовор бўлгани 20 октябрда маълум қилинган эди.

XS
SM
MD
LG