Бугун Россия президенти Владимир Путин йиллик матбуот анжуманини ўтказди.
Анжуман Россия Украина яқинига кўп сонли ҳарбий юбориши ортидан хавотир кучаяётган бир пайтга тўғри келди.
Анжуман давомида Путин ўз ҳукуматининг COVID-19 пандемиясига қарши курашда ҳамда мамлакат иқтисодини ривожлантиришда эришган ютуқларини олқишлади.
Путин пандемияга қарши саъй-ҳаракатларга тўхталар экан, россияликларни эмланишга чорлади.
Кўпгина мамлакат каби, Россия ҳам коронавирус билан боғлиқ вазиятни тўлиқ назорат остига ололмаяпти. Бунга қисман аҳолининг эмланишга ошиқмаётгани сабаб бўлмоқда.
Россия дунёда биринчи бўлиб коронавирусга қарши вакцинани маъқуллаган бўлишига қарамасдан, мамлакатдаги 146 миллион аҳолининг 50 фоиздан камроғи бугунга қадар тўлиқ эмланган. 23 декабрь ҳолатига кўра, Россияда коронавирусга чалинганлар сони 10,2 миллион кишига етган, уларнинг 300 мингга яқини касаллик туфайли нобуд бўлган.
Путин Кремль COVID-19 пандемиясининг иқтисодий оқибатларини муваффақиятли бартараф этганини таъкидлади.
“Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ муаммолар ва у туфайли иқтисодиётда, шунингдек, ижтимоий соҳада жорий қилинган чекловларга қарамай, иқтисодиётимиз дунёнинг бошқа ривожланган иқтисодиётларига солиштирганда янада жонлироқ ҳамда бу каби шокларга ҳозирроқ бўлиб чиқди”, деди Россия президенти.
Путин ҳар йили ўтказадиган катта матбуот анжуманида ўз имижини яхшилашга уриниб, россияликлар ишончли қўлларда эканлигини айтиб келади. Аммо савол-жавоблар қаттиқ назорат остида ўтади.
Айрим йилларда матбуот анжумани уч соатдан ошиқ вақт давом этади. Ўтган йилги анжуман 4 1/2 соатга чўзилган эди.
Пандемия чекловлари туфайли журналистлардан учта салбий COVID-19 тести натижасини тақдим этиш талаб қилинди.
Анжуман Украина билан чегара яқинига ҳамда Қримга 100 мингга яқин Россия қўшини сафарбар қилинган бир паллада бўлиб ўтди.
Ўтган ҳафта Москва НАТОга хавфсизлик бўйича ўз талабларини эълон қилди. Россия қўйган талаблар НАТОнинг шарққа томон кенгайишини тўхтатиш ва альянснинг Шарқий Европадаги ҳарбий фаолияти, жумладан, Украина ва Грузия билан ҳамкорлигини чеклашни назарда тутади.
АҚШ расмийларининг айтишича, Москва эҳтимолий ҳарбий ҳужумни режалаштирмоқда. Уларга кўра, Россия бир неча ҳафта ичида бундай ҳужумни амалга ошириши мумкин.
2014 йил бошидан бери Украина шарқидаги айрим ҳудудларда Киев ва Россия дастаклаётган жангчилар ўртасидаги тўқнашувларда 13 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.
Путин уруш бошлашни хоҳламаслигини айтиб келади, аммо унинг иддао қилишича, агар янги жанглар бошланадиган бўлса, бу Киев ва Ғарбнинг айби бўлади.
Бу орада Кремль ва АҚШ маъмурияти келаси ой хавфсизлик масалалари бўйича икки томонлама музокара ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
Жорий йилги Тинчлик бўйича Нобель мукофоти билан тақдирланган “Новая газета” бош муҳаррири Дмитрий Муратов 22 декабрь куни “Настояшчее время” нашрига берган интервьюсида 2021 йил россиялик журналистлар учун “даҳшатли йил” бўлганини айтди.
Путиннинг матбуот анжуманига “Новая газета” нашрининг бирорта ҳам журналисти таклиф қилинмади.