Қўшма Штатларда Қозоғистонга асосан Россия аскарларидан иборат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) контингенти жойлаштирилганига доир саволлар бор. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен НАТОга аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари онлайн мажлисидан сўнг шундай баёнот берди.
Блинкенга кўра, Қозоғистон ҳукумати тинч намойишчилар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда ўз кучи билан мамлакатда тартиб ўрнатиш имкониятига эгалиги шубҳасиз. “Ташқаридан кўмак уларга нега керак бўлгани тушунарсиз, биз бу ҳақда кўпроқ маълумот олишга уриняпмиз”, деди давлат котиби ва қўшимча қилди: “Энг янги тарих бизга шундай сабоқ берган: агар руслар уйингизга кириб олган бўлса, уларни чиқариш баъзан жуда қийин бўлади”.
Аввалроқ АҚШ Қозоғистондаги зўравонликни қоралаб, мамлакат ҳокимияти ҳамда намойишчиларни босиқликка ва можарони тин йўл билан бартараф этишга чақирганди.
КХШТ қўшинлари Қозоғистонга қатор ҳудудларда намойишлар қонли тўқнашувларга айланиб кетганидан сўнг мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев таклифига кўра киритилди (Қозоғистоннинг ўзи ушбу ташкилотга аъзо). Тоқаев мамлакат мамлакат “террорчилар” ҳужумига йўлиққанини айтди ва норозилик чиқишларини ташқи тажовузга менгзади.
Россия Мудофаа вазирлиги рус ҳарбийлари Қозоғистонда “маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва армия бўлинмаларининг тезкор-жанговар тадбирларига жалб қилинмайди”, дея иддао қилмоқда. Президент Владимир Путин эса вазият юзасидан расмий баёнот бергани йўқ.
Россия аскарларининг Қозоғистонга киритилиши Украина билан чегара яқинида Россия томонидан катта ҳарбий куч тўплангани ҳақидаги хабарлар манзарасида кузатилмоқда. НАТО мудофаа вазирлари мажлиси айнан Украина билан боғлиқ вазиятга, шунингдек Россия билан бўлажак музокараларга бағишланган эди.
Блинкен 7 январдаги баёнотида Россия Украинага қарши тажовузини давом эттирган тақдирда Ғарб унга “қатъий жавоб бериш”га шайлигини айтди. “Бироқ, агар Россия муаммони дипломатия йўли билан ҳал этишни афзал кўрса, бу ҳануз мумкин ва маъқул йўлдир”, деди у.
Блинкен, шунингдек, Россия ўзининг Украинага қуролли ҳужумини хаспўшлаш мақсадида провакация уюштириши мумкинлигидан ташвишда эканини билдирди. Давлат котиби Россиянинг хавфсизлик кафолатларига доир айрим талабларини “мантиқдан ҳоли” деб атади ва АҚШ музокараларда биринчи галда “Россиянинг Украинага нисбатан агрессияси”ни муҳокама қилиш ниятида эканлигини урғулади.
Энтони Бликенга кўра, Москва “бир замонлар Совет Иттифоқи ҳукми остида бўлган мамлакатларни қамраб олган ўз таъсир доирасини яратмоқчи”.
Ғарбдаги ва Россиядаги баъзи таҳлилчилар Владимир Путин Совет Иттифоқини бошқачароқ кўринишда тиклашга интилаётганини айтадилар. Аммо Кремль бу каби режалари борлигини ҳамиша инкор қилиб келган.