Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:26

“Қўй боқиб юрган ўғлимни террорчига чиқаришди”. Январь воқеалари бўйича қамоққа олинганларнинг ота-оналари ҳикояси


Январь ойида Чимкентда қўлга олинганларнинг ота-оналари Қозоғистон халқига ва мамлакат президентига мурожаат қилишмоқда. Улар ўз ўғилларини ҳимоя қилишни сўрашяпти. Одамлар терговнинг адолат қилишига ишонмай, ҳар бир жиноят ишини қайта кўриб чиқишни талаб қилишаётир.

Ал Форобий тумани прокуратураси биноси ҳамда Чимкентдаги 167/11-сонли тергов ҳибсхонаси олдида яна одамлар тўпланишмоқда. Улар икки ой муддатга қамалган йигитларнинг ота-оналаридир.

Озодликнинг қозоқ хизмати суҳбатлашган ота-оналар ўз ўғиллари турли ҳолатларда ушланган бўлса-да, уларнинг барчаси бир хилда – “Террорчилик” (Қозоғистон ЖКнинг 255-моддаси), “Ҳокимият вакилига нисбатан куч ишлатиш” (350-модда), “Ўзгалар мулкини қасддан нобуд қилиш ёки шикастлаш” (202-модда), “Безорилик” (293-модда), “Қурол, ўқ-дори, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини ноқонуний сотиб олиш, бировга бериш, сотиш, сақлаш ёки олиб юриш” (287-модда) ҳамда “Ўғирлик” (188-модда) каби олти модда билан айбланаётганини айтишди.

“Телефонидан 4 январь куни тинч митингда олинган видеони топишди”

Айгул Тлеубергенова, гумонланувчи Саулет Мауешнинг онаси

– Саулет 19 ёшда, у талаба. Ёқилғи қуйиш шохобчасида ишларди. У 4 январь куни оқшом тахминан 20.00 ларда уйдан чиқиб кетувди. Орадан қанча ўтганини билмайман, бир маҳал катта ўғлим қўнғироқ қилиб, Саулет намойишлар бўлаётган майдонда эканини айтди. Бу гапдан кейин дарҳол унга телефон қилдим. Ярим кечага яқин уни шаҳар акимати қаршисидаги фаввора ёнидан топдим ва уйга бошлаб келдим. У пайтда тўполонлар йўқ эди. Шундан кейин у ҳеч қаерга бормади.

12 январь куни кечқурун Саулетни сут олиб келгани юбордим. У кўчада ўртоқларини учратиб қолибди ва уч киши машина ювгани кетишибди. Қайтишаётганида уларни ҳарбийлар тўхтатишибди. Бунақа вазиятга илгари сира тушишмагани сабабли улар қўрқиб, қочиб кетишибди. Жанаталап қишлоғига кираверишда уларни полиция ушлаган. Нариги икки йигитни қариндошлари олиб кетишган, ўғлимни эса полиция олиб кетган, гўё уни ҳеч ким қидирмайдигандек.

Саулет Мауеш.
Саулет Мауеш.

Кечаси (комендантлик соати бошланганда) Саулет қўнғироқ қилиб, “Менинг шахсимни тасдиқловчи ҳужжатларни Ал Форобий тумани полициясига олиб келинг”, деди. Юрагим титраб кетди. Ташқарида ёмғир ёғмоқда эди. Чимкент чеккасидаги Жанаталап қишлоғи ёнидан ўтган йўлда машина тўхтатдим, у мени Коммунизм микротуманига элтиб қўйди. У ердан саккиз чақиримни яёв босиб ўтиб, Ҳамза туманига етдим. Йиғидан нафасим бўғилар, юришга мажолим қолмаганди. Бир светофор ёнида машина чироғини кўрдиму йўл ўртасига чиқиб, туриб олдим. Ҳайдовчидан “мени ўғлимнинг ёнига элтиб қўй”, дея ёлвордим. Тунги соат иккиларда машина мени шаҳар марказидаги Ал Форобий тумани полиция бошқармасига етказди.

Йўлакда Саулет билан бир-икки оғиз гаплашишга муваффақ бўлдим. Ўғлим уни уч киши сўроқ қилаётганини, адвокати йўқлигини, телефонини тортиб олишганини айтди. Телефонидан 4 январь куни тинч митингда олинган видеони топишибди. Умумий чатда у дўстларига: “Манғистау билан Атирау митингга чиқяпти. Келинглар, биз ҳам чиқайлик. Биз ҳам халқмиз”, деб ёзган экан.

Терговчилар “ўғлинг митингга борган, унда иштирок этган”, дейишяпти. Тўс-тўполон бошланмасидан ўғлимни уйга бошлаб келганимни айтган эдим, ишонишмади. Саулетни 11 соат ушлаб туриб, эртасига чошгоҳ вақтларида прокуратурага олиб боришган. Абай тумани прокуратураси уни салкам етти соат сўроққа тутган. Аслида ундан шахсий маълумотларини ва митинг чоғи қаерда бўлганини сўраганлар холос. Бор гап шу. Аммо терговчи компьютердан бошини кўтармай ёзаверган. Кечаси ўғлимни суд-тиббий экспертизага олиб боришган.

15 январь куни шаҳар ихтисослашган тергов суди ўғлимни икки ой қамоқда тутишга санкция берди. Бизни бу судга ҳам, кейинги апелляция судига ҳам киритишмади.

25 январда ўғлимга қандай айблар қўйилаётганидан хабар топдим. Қамоқхонага адвокатни юбордим, у ўғлим билан учрашди. “Онам хавотир олмасин, ҳаммаси яхши бўлади”, дебди ўғлим. Кечагина мактабни тамомлаган ўғлимни тинч норозилик акциясида қатнашгани учун “террорчи” деб қамаб қўйишган экан, мен қандай қилиб хотиржам ўтира оламан?..

“Мени чиқариб олинглар, деб ёлворади. Қаерга борай? Ўғлимни халос этинглар!”

Бўтакўз Шерубаева, гумонланувчи Даурен Сапарбойнинг онаси

– 4 ва 5 январь кунлари Даурен Чимкентдаги норозилик акцияларида қатнашган эди. У етти фарзандимдан иккинчиси. Биз Туркистон вилоятининг Келинтобе қишлоғида яшаймиз, қўй боқамиз. Даурен Янги йилни дўстлари билан кутиш учун Чимкентга кетган эди. Қайтишга йўл кираси бўлмагани сабабли ўғлим шаҳарда ушланиб қолган.

5 январь, оқшом соат 20.00 ларда қўнғироқ қилганимда у майдонда бўлган. “Уйга қайт”, деб тайинладим. “Хўп, қайтаман”, деди. Ўшанда у калтакланган полициячига ва оёғидан ўқ еган бир эркакка ёрдам бераётган бўлган. Шу пайт ўзи ҳам қўлидан яраланиб, йиқилган. Атрофидаги одамлардан ёрдам сўраган ва соат 21.00 ларда шаҳардаги 2-сонли шифохонага етиб борган. Шифокорлар уни амалиёт қилганлар.

Даурен Сапарбой
Даурен Сапарбой

Мен билан гаплашганидан сўнг телефони тахминан уч соат ўчиқ бўлди. Кечаси ўзи қўнғироқ қилиб, касалхонага тушганини айтди. Биз қўйларни ташлаб кета олмасдик, шу боис шаҳарга кетган қўшнимизга телефон қилдик – у ўғлимни шифохонадан олиб, уйга келтирди. Бу кузатув камераларига тушиб қолган экан.

9 январда полиция Дауренни уйдан куч билан олиб кетди. Уни Сауле микротуманидаги 167/11-сонли ҳибсхонага ташладилар. Қишлоқда қўй боқиб юрган ўғлимни “террорчи” деб аташяпти. 11 январь куни полиция Даурен “бинолар, иншоотлар, алоқа воситаларига ҳужум қилиш ёки уларни босиб олиш”да (ЖК 269-моддаси) гумон қилинаётганини айтди. Тўрт кундан сўнг унга яна тўртта моддани қўйишди.

23 январда ўғлим Даурен 20 ёшга тўлди, туғилган кунини у қамоқхонада кутиб олди. Эрим ўғлимнинг дардини кўтаролмай, ётиб қолган. Мен ҳам бир аҳволдаман. Дуч келган эшикни тақиллатиб, ўғлимни ҳимоя қилишларини сўраб юрибман.

Ҳар сафар кўргани борганимда ўғлим йиғлаб, ёлворади: “Ойижон, мени бу ердан чиқариб олинг”. Мен нима қилай? Қаерга борай? Ўғлимни қутқаринглар, илтимос!

“Иккала ўғлимни ҳам олиб кетишди”

Шарапат Шариев, ака-ука гумонланувчилар Женис ва Жеткерген Жаксиликнинг отаси

– Менинг бир эмас, икки ўғлим ҳибсда. Тўнғичим Женис 25 ёшга кирган. Оиласи, фарзандлари бор. Таксичи бўлиб ишлайди. 21 ёшли кичик ўғлим Жеткерген эса университетда ўқийди. Катта ўғлим Чимкент акимати яқинидаги кўп қаватли уйда яшайди. Митинглар айнан ўша ерда бўлган.

4 январь куни, митинг бошланган пайтда катта ўғлим укаси билан бирга машинага ўтириб, Туркистон вилоятининг Шубарсу қишлоғидан келган дўстини кутиб олишга жўнаганди. Кўчада норози оломонга дуч келишгач, улар орқага қайтишга қарор қилишган, шу пайтда улар кўча камераларига тушиб қолишган. Аммо ўғилларим намойишларда қатнашишмаган. Норозилик юришида ҳам иштирок этишмаган. Тош отишмаган, давлат мулкига қўл теккизишмаган.

Женис ва Жеткерген Жаксилик
Женис ва Жеткерген Жаксилик

7 январда полиция камералар орқали ўғилларимнинг шахсини аниқлаб, уйимиз қаршисидаги ёқилғи қуйиш шохобчасида уларни қўлга олган.

Иккаласи ҳам олтитадан модда бўйича айбланяпти. Жеткергеннинг телефонида митинг билан боғлиқ фото ёки видео йўқ эди. Аммо тўнғич ўғлимнинг телефонидан ўзи дераза орқали суратга олган видео чиққан.

Ҳибсхонада карантин тугагач, ўғилларим билан гаплашдим. Каттаси “ғазабланган оломонни кўрганимда улар машинани ағдариб ташлаши мумкин, деб ўйладим ва орқага қайрилдим”, деб айтди. Унинг бор-йўқ айби шу. Кичик ўғлимнинг айби эса ўша пайтда машинада бўлганидир. У нима учун қамоқда ўтирганини билмайди ҳам. Руҳи синган. Ростдан ҳам митингга чиққанларида, тош отганларида ёки акиматни ёққанларида куюнмасдим. Уларни машина “Сергек” камерасига тушиб қолгани учунгина қамоққа олишгани менга жуда оғир ботяпти.

Нима дейишга ҳайронман. Ўғилларимнинг айбсизлиги исботланишини, тергов адолатли бўлишини ва улар озод этилишини хоҳлайман.

XS
SM
MD
LG