АҚШ элчихонаси Россиядаги америкаликларни “имкон борида” мамлакатни тарк этишга чақирди
Украинага бостириб кирилгани туфайли Россия учоқлари учун кўплаб мамлакатлар ўз ҳаво ҳудудини ёпгани ортидан АҚШнинг Москвадаги элчихонаси америкаликларни зудлик билан Россияни тарк этишга чақирди.
“Парвозларни бекор қилаётган авиаширкатлар тобора кўпайиб бормоқда. АҚШ фуқаролари ҳозирча имкони бўлган тижорат вариантлари орқали Россиядан чиқиб кетиш ҳақида ўйлаб кўришлари керак”, дейилган элчихона хабарномасида.
Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг 27 февралдаги учрашувидан кейин ЕИ душанбадан Россия авиаширкатлари ҳамда бу мамлакатдан келадиган хусусий учоқлар учун ўз ҳаво ҳудудини ёпиши эълон қилинган. Бу қарор Европадаги ва унинг хорижидаги қатор давлатлар Россия учоқлари учун ўз осмонини ёпгани ортидан олинган. Мазкур мамлакатларга нисбатан Москва ҳам жавоб чораларини киритган.
“Аэрофлот” авиаширкати “Европа расмийлари томонидан киритилган ҳаво ҳудуди бўйича чекловлар туфайли” 28 февралдан эътиборан Европа йўналиши бўйлаб барча қатновларни тўхтатади. Бу ҳақда авиаширкат хабарномасига таянган ҳолда ТАСС ва “Интерфакс” агентликлари хабар қилган.
Якшанба куни Европадаги россияликлар Росавиация, Ростуризм ва ташқи ишлар вазирлиги томонидан ватанига қайтарилиши эълон қилинган.
ЕИ: Украина иттифоққа киритилиши лозим
Еврокомиссии президенти Урсула фон дер Ляйен Euronews телеканалига берган интервьюсида Украина Европа иттифоқига қўшилиши зарур, деб ҳисоблашини билдирди.
"Украина ЕИга киритиши лозим, бу давлат – биздан биридир ва биз уни Европа оиласида кўришни истаймиз", деди фон дер Ляйен.
Шунингдек, у Украина ҳозирданоқ Европадаги айрим жараёнларда, жумладан иттифоқнинг ички ҳамда ягона бозорида қатнашаётганини таъкидлади.
Хавфсизлик кенгаши бош ассамблеяси душанба куни йиғилади
БМТ Хавфсизлик кенгаши бош ассамблеяси раиси Абдулла Шахид душанба куни махсус фавқулодда йиғилиш бўлишини маълум қилди.
Унда Украинадаги вазият бўйича резолюция лойиҳаси муҳокама қилинади.
Бундай сессиялар, Хавфсизлик кенгаши талаб қилганидан кейинги 24 соат ичида чақирилади.
БМТ тарихида бундай сессиялар 10 марта чақирилган. Булардан олтинчиси 1980 йилда - собиқ совет қўшинлари Афғонистонга бостириб кирганида чақирилган.
Иккинчиси эса, 1956 йилда - собиқ СССР томонидан Венгриядаги исён бостирилганда чақирилган.
Украина ҳарбийлари: рус қўшинлари гуманитар қоидаларни бузяпти
Украина қуролли кучлари бош штаби, Россия қўшинлари гуманитар қоидаларини буззди, деб баёнот берди.
Қўмондонлик берган баёнотга кўра, рус ҳарбийлари "ижтимоий объектларни эгаллаб олмоқда, украин аскарлари, полициячилари ва фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходими кийими билан юришипти, қўпорувчи гуруҳлар эса тиббий ёрдам машиналардан фойдаланмоқда".
Шунингдек, рус ҳарбийларининг болалар лагерлари ва мактаблар биносидан фойдаланаётгани ҳам айтилди.