Ғарб мамлакатларидаги россияликлар ватанига учинчи мамлакатлар орқали қайтарилиши мумкин
Европада юрган россиялик туристларни ватанига учинчи мамлакатлар (улар орасида Бирлашган Араб Амирликлари, Миср ва Туркия кабилар бор) орқали амалга оширилажак транзит рейслар билан қайтариш режаланмоқда. Бу ҳақда РИА "Новости" агентлигига Россия туризм индустрияси уюшмаси вице-президенти Дмитрий Горин маълум қилган.
“Авиаалоқа ёпилгани туфайли туроператорлар ҳозирда Ростуризм билан биргаликда Венгриянинг Будапешт шаҳридан 400 нафар турист, Болгариядан 500 нафар турист ва Португалиянинг Мадейрасидан 200 чоғли туристни олиб келиш масаласини ҳал қилмоқда”, деган Горин.
Аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ЕИга аъзо мамлакатларнинг ҳаво ҳудудини Россия учоқлари (шу жумладан хусусий учоқлар) учун ёпиш қарори олинганини маълум қилган эди.
Путин Халқаро дзюдо федерациясининг фахрий президенти мақомидан маҳрум этилди
Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Россия президенти Владимир Путиндан ташкилотнинг фахрий президенти ваколатлари тўхтатилгани ҳақида маълум қилди.
“Халқаро дзюдо федерацияси жаноб Владимир Путиннинг IJF фахрий президенти ва элчиси ўлароқ мақоми бекор қилинганини эълон қилади”, дейилган федерация хабарномасида.
Путинга мазкур мақом 2008 йилда берилган эди.
IJF мазкур қарорга Россия қўшинлари 24 февраль куни Украина ҳудудида ҳарбий амалиёт бошлагани ортидан келган.
Австралия Путин ва россиялик айрим амалдорларга қарши санкциялар жорий этди
Австралия президент Путин, Россия ҳукумати ҳамда Хавфсизлик кенгашининг бир неча аъзосига қарши (улар орасида мудофаа вазири Шойгу, ташқи ишлар вазири Лавров, бош вазир Мишустин, ички ишлар вазири Колокольцев каби мулозимлар бор) якка тартибдаги санкцияларни жорий этди. Уларга Австралия кириш тақиқланади, уларнинг мол-мулклари эса (агар бўлса) музлатилади.
Австралия бош вазири Скотт Моррисон Путиннинг Россия ядровий кучларини “жанговар навбатчиликнинг махсус тартиби”га ўтказишга оид буйруғини қоралаган. Моррисонга кўра, бу Россиянинг Украинага қарши ҳарбий амалиёти режадагидек кетмаётганидан далолат беради.
Киев сўрови ортидан Европа Иттифоқи Украинага қирувчи учоқлар етказиб бермоқчи
Европа Иттифоқи Украинага жанговар қирувчи учоқлар йўллайди. Бу қарор, ЕИ бош дипломати Жозеп Боррелга кўра, Россиянинг қуруқлик ва ҳаводан ҳужумга қарши туриш учун украиналикларга ёрдам бериш тўғрисидаги Киев сўрови ортидан қабул қилинган.
ЕИ мулозими қайдича, Брюссель Украинани уруш олиб бориш учун жиддий воситалар билан таъминлашга тайёр.
Боррелга кўра, Москва 24 февралда бошланган ўз босқинидан кейин Украинани дастаклаган мамлакатларга ядровий ҳужум билан очиқ-ойдин таҳдид қилган, бироқ бу таҳдид Европа Иттифоқини Украинани қўллашдан тўхтатолмайди.