БМТ Хавфсизлик Кенгаши Москванинг Украинага бостириб кириши масаласида фавқулодда йиғилиш ўтказади
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши 27 февраль куни фавқулодда йиғилиш ўтказиб, Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши резолюцияни Бош Ассамблея муҳокамасига киритиш масаласини овозга қўйиши керак эди.
25 февраль куни Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашида овоз беришга вето қўйиш орқали бу ҳаракатга тўсқинлик қилди.
Доимий аъзолар Россия, АҚШ, Буюк Британия,Франция ва Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашида вето ҳуқуқига эга.
Аммо овоз бериш процессуал тартибда бўлади, яъни 15 аъзодан камида тўққизтаси ёқлаб овоз бериши керак. Бунда вето қўйиш мумкин эмас. Бу эса масала Бош Ассамблеяга ўтиши мумкинлигини англатади.
25 февралдаги муваффақиятсиз овоз бериш жараёнида Россия вето қўйди, Хитой, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари бетараф қолди. Қолган 11 аъзо ёқлаб овоз берди.
Мазкур фавқулодда йиғилиш Хавфсизлик Кенгашининг Украинага бўлган тажовуз юзасидан сўнгги ҳафтанинг ўзида ўтказилаётган тўртинчи мажлис бўлади.
Зеленский Европа Иттифоқига телемурожаат билан чиқди
“Биз Европа Иттифоқига Украинани янги махсус процедурага асосан зудликда ЕИга қабул қилиш масаласида мурожаат қилмоқдамиз. Биз ҳамкорларимиз елкама-елка тургани учун миннатдормиз. Аммо бизнинг мақсадимиз - барча европаликлар билан бирга бўлиш ва асосийси – тенг ҳуқуқли бўлишдир. Ишонаманки, бунинг имкони бор”,-деди Зеленский.
Украина делегацияси музокара ўтказиш учун украин-беларусь чегарасига келди
Украина делегацияси Россия билан музокара ўтказиш учун украин-беларусь чегарасига вертолётда етиб келди. Делегация парламентдаги “Слуга народа” фракцияси раиси Давид Арахамия, мудофаа вазири Алексей Резников, президент маъмурияти бошлиғи маслаҳатчиси Михаил Подоляк ва бошқа қатор расмийлардан иборат.
Музокараларнинг асосий мавзуси - ўқ отишни зудликда тўхтатиш ва Украина ҳудудидан Россия қўшинларини чиқариш.
Украина Мудофаа вазирлиги Россия шу пайтгача 5300 чоғли аскарини йўқотганини билдирди
Россия армияси шахсий таркиби кўрган талафот 28 февраль тонгидаги ҳолатга кўра тақрибан 5300 кишини ташкил қилган. Бу ҳақда Украина мудофаа вазирининг ўринбосари Анна Маляр маълум қилди.
Вазирлик маълумотига кўра, 24 февралдан 28 февралгача Россия армияси 29 та учоғи, 29 та вертолёти, 191 та танки, 816 та ҳарбий зирҳли машинаси, 74 тўпи, битта “Бук” русумли зенит-ракета мажмуаси, 21 та “Град” тизими, 291 та автомобили, 60 та цистернаси, 3 та дрони, 2 та қайиғи, 5 та ҳавога қарши мудофаа тизими ҳамда 5300 чоғли ҳарбийсидан айрилган.
Россия Мудофаа вазирлиги 27 февраль куни илк бор ўз армияси Украинада талафот кўрганини тан олган, бироқ бу борада бирор рақам келтирган эмас.