Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:35
Киев вилоятидаги Ирпень шаҳри орқали эвакуация қилинаётган тинч аҳоли.
Киев вилоятидаги Ирпень шаҳри орқали эвакуация қилинаётган тинч аҳоли.

Россия Украина шаҳарларини вайрон қилмоқда. Урушнинг ўн иккинчи куни

  • Россиянинг Украинага босқини давом этмоқда. БМТга кўра, Россия босқини бошланганидан бери Украинани тарк этганлар сони 1 миллиондан ошган.
  • БМТга аъзо 193 давлатдан 141 таси Россиянинг Украинага босқини қораланган резолюцияни қўллаб овоз берди. Ўзбекистон овоз беришда қатнашмаган.
  • Сингапур Россия банкларига қарши санкциялар киритди ва икки томонлама маҳсулотларни экспорт қилишни тақиқлади.
    Samsung Россияга маиший техника,телефонлар ва чиплар етказиб беришни тўхтатди.
    "Роскомнадзор" Facebook ва Тwitterни блоклади.
  • АҚШ, ЕИ, Буюк Британия ва бошқа кўплаб мамлакатлар Москвага қарши янги-янги иқтисодий санкцияларни жорий қилмоқда. Европа рус учоқларига осмонини ёпди, Туркия эса Босфор бўғозини Россия ҳарбий кемалари учун ёпиб қўйди.​
  • Германия Европа Иттифоқи санкцияларига тушган асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг 156 метрли яхтасини ҳибс қилди.​
  • 38 давлат Украинадаги эҳтимолий уруш жиноятларини тергов қилишни сўраб Ҳаагадаги Халқаро жиноят судига мурожаат қилган.

Зеленский Россия қўшинига қақшатқич зарба берилганини билдирди

Украина президенти Владимир Зеленский 3 март куни эълон қилган видеомурожаатида: “Душман бирорта стратегик йўналишда муваффақиятга эриша олмади. Улар тушкунликка тушган ва ҳалокатга маҳкумдир. Киев бу тунда навбатдаги ракета-бомба зарбаларига дош берди. Бизнинг ҳаводан мудофамиз яхши ишлади”,-деди.

У россияликларга мурожаат қилар экан: “Шундай сўзларни ўргана бошланг, булар "репарация" ва "контрибуция". Сизлар давлатга қарши ва ҳар бир украинга қарши қилган ҳаракатларингиз учун тўлиқ равишда товон тўлайсиз, биз ҳалок бўлганларни унутмаймиз”, -деб таъкидлади.

Зеленский уруш оқибатида ишсиз қолган украиналикларнинг ҳар бирига ойига 6,5 минг гривен (216 доллар) дан берилишини айтди. У, шунингдек, хориж давлатларидан 16 минг кўнгилли Россияга қарши жанг қилишга келганини билдирди

Зеленский ўз нутқини рус тилида якунлади ва қуйидагиларни айтди: "Иди домой, иди к себе домой защищать своих людей, и не по всему миру, а у себя дома, их тоже немало - около 150 миллионов. А тут – слава Украине!" (Уйингга қайт, уйингга бориб ўз одамларингни ҳимоя қил, дунё бўйлаб эмас, ўз уйингда, улар ҳам оз эмас -150 миллионга яқин. Бу ерда эса - Украинага шарафлар бўлсин!)

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари “геосиёсий таранглик вазиятида” ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 март куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди Мирзиёевнинг матбуот хизмати.

Ўзбек президенти матбуот хизматининг ёзишича, президентлар “дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари”ни муҳокама қилди.

Қозоғистон президенти матбуот хизмати эса: “Икки давлат лидерлари айни пайтдаги геосиёсий таранглик вазиятида савдо-иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолати”ни муҳокама қилгани ҳақида билдирди.

Қозоғистон президенти матбуот хизматининг билдиришича: “Президентлар янги таҳдид ва хавфларни бартараф этиш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар”.

Украинадан Молдовага қочган ўзбекистонликлар ватанига қачон қайтарилиши маълум эмас

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украинадан Молдовага ўтган 200га яқин ўзбекистонликни ватанга қайтариш масаласи кейинроқ кўриб чиқилиши ҳақида баёнот берди.

“Молдова томони инсонпарварлик нуқтаи назаридан, фуқаролигидан қатъий назар, ўз ҳудудига кираётган барча шахсларни ташиш, жойлаштириш, овқатлантириш ва бошқа зарур масалаларда кўмак бермоқда”, - дейилади расмий билдирувда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Молдовага қочиб ўтган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш масаласи “кейинроқ кўриб чиқилади”. Вазирлик айни пайтда Украинадан Польшага ўтган ўзбекистонликларни ватанига қайтариш устивор эканини таъкидлаган.

Ташқи ишлар вазирлиги 2 март куни Украинадан Польшага эвакуация қилинган ўзбекистонликларни ватанига қайтариш бўйича 28 февралдан шу кунгача еттита махсус авиақатнов амалга оширилганини маълум қилган эди.

Киевдаги элчихона ўзбекистонликларни эвакуация қилиш ишларини давом эттираётганини урғулаган вазирлик шу пайтгача 1 186 нафар фуқаро ватанига қайтарилганини қўшимча қилган.

Франция президенти “Путиндан яхшилик кутиш”дан умидини узганини билдирди

Франция президенти Эммануэль Макрон 3 март куни Россия президенти Владимир Путин билан Украина масаласида бир ярим соатлик телефон мулоқоти ўтказганидан сўнг “Путиндан яхшилик кутиш”дан умидини узганини билдирди.

Мулоқот чоғида Макрон Путинга Украинага уруш очиш ортидан “қўпол хато”га йўл қўйганини ва “ўзини ўзи алдаётгани”ни айтган. Макрон бу уруш Россия учун йирик йўқотишлар ва иқтисодий инқирозларга сабаб бўлишини таъкидлаган.

Путин бунга жавобан Россия “ўз курашини давом эттириши”ни ва охиригача ўз нуқтаи назарида собит қолишини билдирган.

Путин билан суҳбатидан сўнг Макрон ”Путин бизни хотиржам қиладиган бирорта сўз айтмади”,- деб билдирди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Макрон “энг мудҳиш воқелар ҳали олдинда”, деб ҳисоблайди.

Путин Украина Кремль талабларини бажармагунича урушни давом эттиришини ва “ўз мақсадига эришишини” айтган. Москва Киевдан Қрим Россия ҳудуди эканини, россияпараст исёнчилар назорати остида ўзларини “ДХР” ва “ЛХР” деб атаб олган ҳудудлар мустақил давлат эканини тан олишини талаб қилаётир.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG