БМТ: Украинада 331 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди
Украинада 331 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, 675 нафари яраланди, дея маълум қилди БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси.
Ташкилотга кўра, қурбонларнинг реал сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.
Ирпинда аҳоли уйлари ўққа тутилган
Телеграмда Ирпин шаҳрида (Киев вилоятидаги Киев шаҳри билан чегарадош шаҳар) турар-жой биноларининг ўққа тутилиши ҳамда уларнинг оқибатлари акс этган фотосурат ва видеолар эълон қилинди.
Зеленский қаерда?
Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Украина президенти Владимир Зеленский Украинани тарк этганини иддао қилиб чиқди.
Зеленскийнинг маслаҳатчиси Михаил Подоляк матбуот анжуманида Украина президентининг қаерда эканлиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди.
"Президентимиз ҳозир дунёда биринчи ўринда. Унинг хавфсизлигига келсак, мен ҳеч нарсани тасдиқламайман ёки инкор этмайман", - деди у.
Украина Олий Радаси Зеленскийнинг Киевда экани ҳақида маълум қилди
Британияда украин қочқинларини россиялик олигархларнинг уйларига жойлаштириш таклиф қилинди
Британия бош вазири ўринбосари Доминик Рааб агар “ҳуқуқий асос” яратилса, британ ҳукумати россиялик олигархларнинг Лондондаги уйларини мусодара қилиши ва украиналик қочқинларни жойлаштириши мумкинлигини айтди.
Рааб, шунингдек, ҳукумат тез орада олигархларнинг бойликлари ва обрў-эътиборини ҳимоя қилиш учун Британия юридик фирмаларини ёллашини тақиқлаш бўйича таклифлар ҳам киритишини кўшимча қилди.
Раабнинг баёноти Британия россиялик ўзбек аслли миллиардер Алишер Усмонов ва Россиянинг собиқ бош вазир ўринбосари Игор Шуваловга қарши санкциялар киритганидан кейин янграган.
Шувалов ҳам, Усмонов ҳам ўз бойликларини ноқонуний йўл билан орттирганликларини рад этишади.