Россия Украинада "сукунат режими" эълон қилди
Россия Мудофаа вазирлигининг хабар беришича: 5 март Москва вақти билан эрталаб соат 10 дан бошлаб сукунат режими эълон қилинган ва тинч аҳолининг Мариупол ва Волновахадан чиқиши учун гуманитар йўлаклар очилган. Гуманитар йўлаклар ва чиқиш йўллари Украина томони билан келишилган, дейилади хабарда.
1, 2 миллиондан ортиқ фуқаро ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди
Украинанинг Стратегик алоқа ва ахборот хавфсизлиги маркази БМТ маълумотларига таяниб маълум қилишича, Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери 1, 2 миллиондан ортиқ фуқаро ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Қочқинларнинг ярмидан кўпи - 650 мингга яқин киши Полшага, қолганлари Молдова, Словакия ва Руминияга кетган.
Россия баъзи шаҳарларга парвозлар чекланганини тасдиқлади
Россия Федерал ҳаво транспорти агентлиги мамлакатнинг жанубий ва марказий қисмидаги аэропортларга парвозларни вақтинча чеклаш 14-март, Москва вақти билан соат 03: 45 гача узайтирилганини тасдиқлади. Парвозлар вақтинча қуйидаги аэропортларга чекланган: Анапа, Белгород, Брянск, Воронеж, Геленжик, Краснодар, Курск, Липецк, Ростов-на-Дону, Симферопол, Элиста.
Киев яқинида Россия ҳаво зарбалари оқибатида тинч аҳоли орасидан 6 киши ҳалок бўлган
Россия ҳаво зарбалари оқибатида Киев яқинидаги Мархаливка қишлоғида олти киши, жумладан бир бола ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда вилоят полицияси.
Киев вилояти полицияси ҳам ҳаво ҳужуми оқибатида икки катта ёшли ва икки бола яраланиб, шифохонага ётқизилганини маълум қилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги идораси 24 февралда Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери Украинада тинч аҳоли орасида 331 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Баёнотда айтилишича, Украинада тинч аҳоли орасида қурбонларнинг ҳақиқий сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.