Украина шу кунгача 10 минг рус аскари ҳалок бўлгани ва яраланганини билдирди
Украина ҳукумати асир олинган рус ҳарбийлари тўғрисида маълумот берувчи “Оккупант” сайтини ишга туширди. Мазкур сайтдан Россия фуқаролари, жумладан, аскарларнинг оила аъзолари ва танишлари фойдалана олади. Сайтда асирга тушган Россия ҳарбийлари, уларнинг аҳволи ва айни пайтда қаерда экани тўғрисида маълумот берилади.
27 февраль куни Украина Ички ишлар вазирлиги ҳалок бўлган ва асирга олинган рус ҳарбийлари шахсини аниқлашга қаратилган “Ўзингникиларни изла” сайтини ишга туширган эди. Бироқ бу сайт Россияда блок қилинди. Лекин сайтнинг телеграм канали ишлаб турибди.
Россия Мудофаа вазирлиги 2 март куни илк бор ҳалок бўлган аскарлари тўғрисида маълумот берган эди. Москванинг билдиришича, Украинада 498 рус аскари ҳалок бўлган ва 1597 нафари яраланган.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби эса 5 март куни Россия Украинага бостириб кирганидан бери 10 минг рус аскари ҳалок бўлгани ва яралангани, 269 та танк, 945 та зирхли автомашина, 105 артилерия тизими, 50 та ракета-зенит тизими, 44 вертолёт ва 44 самолёт йўқ қилинганини билдирган.
Украина армияси кўрган талафотлар тўғрисида мустақил маълумотлар мавжуд эмас.
Visa ва Mastercard Россияда ўз фаолиятини тўхтатди
Visa ва Mastercard тўлов тизимлари Украинадаги уруш туфайли Россия банклари билан ишлашни тўхтатди. Бу мазкур тўлов тизимларининг Россия фуқаролари қўлидаги карталари хориж давлатларида, хориж карталари эса Россияда ишламаслигини англатади.
Аввалроқ American Express тўлоқ тизими ҳам Россия банклари билан ҳамкорлик қилишўни тўхтатгани тўғрисида баёнот берган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, эндиликда Россия банклари мамлакат ичкарисида Тўлов карталари миллий тизими орқалигина ишлашга мажбур бўлади. Хорижга чиқаётган россияликлар эса “Мир” ёки Хитойнинг China UnionPay карталаридан фойдаланиши мумкин.
“Мир” банк картаси жаҳоннинг 10 давлатида, жумладан, Туркия, Вьетнам, Озарбайжон, Ўзбекистонда қабул қилинади. China UnionPay эса Россиядаги бир нечтагина банкда мажуд бўлиб, уни жаҳоннинг 150 давлатида ишлатиш мумкин.
Украинанинг қатор шаҳарларида Россиянинг диверсия-разведка гуруҳлари қўлга олинди
Украина Хавфсизлик хизмати Киев, Днепр, Харьков ва Закарпатьеда Россиянинг диверсия-разведка гуруҳлари қўлга олингани тўғрисида хабар берди.
Хабарда таъкидланишича, Донецк вилоятида украин ҳарбийларига қуролли қаршилик кўрсатган диверсия-разведка гуруҳи асирга олинди. Улар Россия Украинага уруш очишидан бир кун олдин Қримдан кириб келгани аниқланди.
Киевда Беларусь ва Россия фойдасига тарғибот олиб борган “ака-ука пропагандистлар” ушланган. “Улар Россия ва Беларусь махсус хизматлари билан тиғиз ҳамкорлик қилганига оид исбот-далиллар мавжуд”,-дейилади билдирувда.
Харьков вилоятида эса рус ҳарбийларига ўқ отишни мувофиқлаштириб турган шахс қўлга олинган. Расман билдирилишича, у Россия ҳарбийларига ҳарбий объектлар ва стартегик инфраструктура тўғрисида ахборот етказиб берган. Айни пайтда қўлга олинган шахс “рус реактив артилериясини атайлабдан тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга ўқ отишга йўналтириб турган ва бунинг оқибатида ўнлаб тинч аҳоли ҳалок бўлган”.
Олмаотада Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши намойиш ўтказилди
Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри бўлган Олмаотада 6 март куни Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши намойиш ўтказилди.
Озодлик радиоси қозоқ хизмати мухбирининг воқеа жойидан хабар беришича, “Сариарқа” кинотеатрининг ортидаги истироҳат боғида ўтган намойишда бир неча юз киши иштирок этган. Улар Украина байроғини кўтариб, “Яшасин Украина”, “Урушга йўл йўқ”, "Путин, Ҳаага, қамоқ” каби шиорларни ҳайқириб турди.
Митингда сўзга чиққанлар “эртага Украинадаги каби воқеалар Қозоғистонда ҳам содир этилиши мумкин”, деган таҳминларни айтишган.
Намойишчилар Қозоғистон ҳукумати БМТда Россияга қарши овоз бермаганини танқид қилдилар. БМТда Россиянинг Украинага ҳужум қилишига қарши резолюцияни 193 давлатдан 141 таси қўллаган, Россия, Беларусь, Шимолий Корея, Эритрея, Сурия қарши овоз берган, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва яна 32 давлат бетараф қолган.