Россия ҳарбийлари Киевдан эвакуация қилинаёган тинч аҳолига ўқ отди
Россия ҳарбийлари Киев вилоятининг Ирпень шаҳрида эвакуация қилинаёган тинч аҳолига ўқ отди. Бу ҳақда Озодлик радиоси украин хизмати мухбири хабар берди.
Озодлик мухбирининг айтишича, Россия ҳарбийлари отган ўқдан камида уч киши, жумладан, 2 нафар бола ҳалок бўлди. Бир киши оғир яраланди. Мухбир рус ҳарбийлари эвакуация қилинаётган тинч аҳолига миномётдан ўқ отганини айтмоқда. Мазкур маълумот ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмади.
Сўнгги кунларда Киев атрофидаги Ирпень, Буча, Гостомель, Бородянка, Васильков, Ворзель шаҳарлари Россия томонидан узлуксиз бомбардимон қилинмоқда.
Украиналик қочқинлар сони 1,5 миллион кишига етди
БМТнинг Қочинлар иши бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг ўтган 10 кун ичида 1,5 миллион украин қочқинга айлангани тўғрисда маълум қилди.
“Бу Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европада юзага келган ўта тез ривожланаётган миграция инқирозидир”,-деб билдирди Гранди.
Россияда 6 март куни Украинадаги урушга қарши намойишга чиққанлардан камида 700 нафари қўлга олинди
Россиянинг қатор шаҳарларида 6 март куни Украинадаги урушга қарши намойишлар ўтказилди. Мустақил манбалар, жумладан, ОВД-инфонинг хабар беришича, 6 март кунги намойишда қатнашганлардан камида 700 нафари полиция томонидан қўлга олинган.
Намойишлар Хабаровск, Иркутск, Новосибирск, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Пермь, Томск шаҳарларида бўлиб ўтди. Кечга яқин Москвада ҳам намойиш ўтказилиши кутилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Москванинг намойиш ўтказиш режалаштирилган Манеж майдонида 20 га яқин полиция автобуслари тургани ва полиция ходимлари навбатчилик қилаётгани айтилмоқда.
“Украина темир йўллари”: Россия ҳалок бўлган аскарлари жасадини олиб чиқиб кетишдан бош тортди
“Украина темир йўллари” ҳалок бўлган рус аскарлари жасадини ватанига етказиш учун ажратган 20 та вагон-рефирежаторни чақиртириб олди. “Украина темир йўллари” ширкати раҳбари Александр Камишин ўз Telegram-каналида: “Вагонлар белгиланган станцияларда уч кун мобайнида кутиб турди. Бироқ уларга шу кунгача рус ҳарбийларининг жасадлари юкланмади”, деб ёзди.
Унга кўра, Россия ўз аскарларининг жасадларини Украинадан олиб чиқиб кетишдан бош тортган. Александр Камишин Россия жасадларни ватанига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилиши билан, вагонлар берилишини таъкидлади.
Россия ҳарбийлари жасадларини олиб чиқиб кетиш учун ажратилган 20 та вагон-реферижатор Фастов, Одесса-Застава, Подольск, Мерефа ва Запорожье темир йўл станцияларига жойлаштирилган эди.
Украина Мудофаа вазирлиги, 6 март ҳолатига кўра, Россиянинг 11 минг аскари ҳалок бўлгани ва яраланганини билдирган. Россия Мудофаа вазирлиги эса 2 март куни Украинада 498 аскари ўлганини, 1597 нафари яраланганини маълум қилган.