Блинкен Вашингтон НАТОнинг Украинага ҳарбий учоқ беришига қарши эмаслигини билдирди
Агар НАТО мамлакатлари Украинага ҳарбий учоқлар тақдим этса, Қўшма Штатлар бунга қарши бўлмайди, дея билдирган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Face the Nation теледастури ёйинида.
Блинкен Россиянинг Украинага қарши тажовузи “афсуски, яна қандайдир муддат давом этади”, дея қайд этган. АҚШ, “масалан, Польша томонидан Украинага ҳарбий учоқлар берилишига монеълик қиладими?” деган саволга давлат котиби манфий жавоб берган.
“Йўқ, “яшил чироқ” ёқилади. Аслида биз польшалик дўстларимиз билан ҳозирда, ҳақиқатан (Варшава) украиналикларга мазкур ҳарбий учоқларни тақдим этишга қарор қилса, уларни дастаклаш учун нималар қила олишимиз мумкинлиги ҳақида, украиналикларга берилган учоқлар ўрнини тўлдиришда уларга ёрдам бериш учун нималар қила олишимиз мумкинлиги тўғрисида гаплашяпмиз. Биз буни улар билан жуда фаол муҳокама қиляпмиз”, деган Блинкен.
Вазир Шкарлет: Россиянинг Украинага ҳужуми ортидан 200 дан зиёд мактаб вайрон бўлган ёки шикастланган
Россия қўшинларининг бостириб кириши туфайли Украинада 211 та мактаб вайрон бўлган ёки шикастланган, дея билдирди Украина таълим вазири Сергей Шкарлет телемарафон эфирида.
“Бугунги кунда биз вайрон бўлган ёки шикастланган мактаблар сони тобора ортаётганини кузатяпмиз. Шу кунгача бундай мактаблар сони 211 тага етди, уларнинг бир қисми тўла вайрон бўлган, бир қисмига эса шикаст етган”, дея қайд этди вазир.
Россия босқини бошланган пайтда Украинада мактаб ўқувчилари учун икки ҳафталик таътил эълон қилинган, бироқ яқинда ўқиш бошланиши режаланган эди.
Пентагон: Россия Украинага бостириб киришда чегара олдига йиғилган кучларининг 95 фоизини ишга солди
Россия Украинага ҳужумда шу кунгача икки давлат чегарасида босқиндан аввал йиғилган ҳарбий куч ва воситаларнинг 95 фоизини ишга солган. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимли мулозими 6 март куни бўлиб ўтган брифингда билдирган.
Унга кўра, ўтган кеча-кундузда Пентагон Россия қўшинларида сезиларли ҳаракатланишни сезган эмас. Киев яқинидаги 64 километрли колонна ҳали ҳам аввалги жойида турибди (бошқа кузатувчилар мазкур “уруш карвони”нинг лойга ботиб қолгани ёки бутун ёқилғисини сарфлаб бўлганини тахмин қилишмоқда).
Пентагон вакилига кўра, Россия ҳарбий-космик кучлари ҳали ҳам Украина ҳаво ҳудудини ўз назорати остига ололмаган. Украина жанговар учоқлари ва вертолётлари ҳали ҳам парвозларни амалга оширяпти, ҳавога қарши мудофаа тизими ишлаяпти. Айни пайтда ҳар икки томон ҳам жангларда учоқлари, вертолётлари ва ҳавога қарши мудофаа тизими воситаларида айрилганлар.
Айни пайтда мулозим АҚШ Мудофаа вазирлиги Россия томонидан Украинада кассетали бомбалардан фойдаланилганига оид ҳодисаларни тасдиқлай олмаслигини билдирган.
Британиялик вазир Россиянинг Интерполдан чиқарилишини талаб қилди
Буюк Британия ички ишлар вазири Прити Пател Россияни Интерпол (Халқаро полиция) ташкилотидан чиқариб ташланишини талаб қилди.
Мулозима фикрича, Россиянинг хатти-ҳаракатлари инсонлар хавфсизлиги ҳамда ҳуқуқ-тартибот органларининг халқаро ҳамкорлиги учун тўғридан-тўғри таҳдид туғдирмоқда.