Римда Россия босқинига қарши намойиш ўтди
Россиянинг Украинага қилган кетма кет ҳужумлари ортидан Римда ўнлаб украиналиклар намойишга чиқди.
Юзга яқин украиналиклар Римдаги Россия элчихонасига яқин ҳудудда тўпланиб, Россия президенти Владимир Путинни танқид қилувчи шиорлар айтиб намойиш ўтказган.
Намойишчиларнинг аксарияти февраль ойида Россия босқини бошланганидан бери ўз ватанини тарк этган украиналиклардир.
"Бугун эрталаб худди 24 февралда бўлгани каби машъум янгилик билан уйғондим. ўша кун украиналиклар учун қайғули кун бўлган. Ўшанда Украинага 83 дан ортиқ бомбалар ёғдирилган эди. шуни айтмоқчиманки, ҳамма Россия террорчи давлат эканлигини билиши керак”, дейди намойиш иштирокчиси Мариана Безверхина.
Россия зарбалари ортидан Украина ЕИга электр экспортини тўхтатади
Украина Энергетика вазирлиги 11 октябрдан Европа Иттифоқига электр энергияси экспорт қилиш тўхтатилишини билдирди. Вазирликка кўра, Россиянинг оммавий бомбардимонларидан сўнг энергетика тизимини барқарорлаштириш эҳтиёжи пайдо бўлган.
Энергетика вазирлиги Москвани Украинага нисбатан энергетик террорни амалга оширганликда ҳамда Европа Иттифоқига энергетик босимни кучайтирганликда айблади.
Вазирлик Киев Запорожье АЭСи Россия томонидан босиб олинган пайтда ҳам Европа Иттиқофи олдидаги мажбуриятларини бажариб келганини таъкидлади. Баёнотда айтилишича, 10 октябрда Россия томонидан энергетика объектларининг бобмардимон қилиниши оқибатида электр энергияси экспорти тўхтатилмоқда.
10 октябрь куни эрталаб Украинанинг ўнлаб шаҳарлари Россия томонидан бомбардимон қилинди. Россия Киев, Днепр, Харьков, Житомир, Николаев, Кривой Рог, Львов ва Украина ғарбидаги қатор йирик шаҳарларга ракета отди. Бунинг оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлгани ва 97 киши яралангани билдирилди.
Россия президенти Путин 10 октябрда ўтган Хавфсизлик кенгашида Украинани Россия ҳудудида террактларни содир этганликда, жумладан, Қрим кўпригини портлатганликда айблади ва ракета зарбаларини жавоб ҳужуми ўлароқ тақдим этди.
Россия зарбалари оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди
Украина шаҳарларига 10 октябрь куни Россия отган ракеталар оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 14 кишига етди, 97 киши яраланди.Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълум қилди.
Расман билдирилишича, 1307 аҳоли пункти электр таъминотидан узилиб қолди. Уларнинг асосий қисми Сумск, Львов, Тернополь, Киев ва Хмельницк вилоятларидадир.
Зеленский: Украинага берилган зарбалар ортидан G7 шошилинч йиғилиш ўтказади
Президент Владимир Зеленский Германия канцлери Олаф Шольц билан Россиянинг кенг кўламли зарбалари ортидан Украинада юзага келган вазиятни муҳокама қилиш учун шошилинч равишда “Катта еттилик” (G7) лидерлари йиғилишини ўтказишга келишиб олганини билдирди.
Германия айни пайтда жаҳоннинг етти йирик давлатидан иборат G7 га раислик қилмоқда. Зеленскийнинг онлайн форматда ўтадиган йиғилишда нутқ сўзлаши кутилмоқда. Германия ҳукумати вакили йиғилиш 11 октябрда ўтказилишини билдирди.
Британия, АҚШ ва ЕИ 10 октябрда Россия Украинанинг қатор ҳудудларига ракета зарбалари берганини кескин қоралади. Мазкур зарбалар ортидан камида 14 киши ҳалок бўлган, инфраструктуралар вайронага айланган.
Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ЕИ Россияга нисбатан янги санкцияларни жорий этишини билдирди. ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель эса Украинага қўшимча тарзда ҳарбий ёрдам берилишини маълум қилди.
НАТО раҳбари Йенс Столтенберг Россиянинг зарбаларини “даҳшатли ва бошбошдоқлик билан қилинган ҳужум” деб сифатлади ва Москва ҳаракатларини қоралади.