Собиқ “халқ губернатори” Губарев: Керак бўлса, барча украинларни қириб ташлаймиз
Ўзини ДХР деб номлаб олган тан олинмаган айирмачи ҳудуднинг собиқ губернатори ва айни пайтда Украинага қарши урушда иштирок этаётган Павел Губарев Россия журналистларига берган интервьюсида барча украинларни қириб ташлашга ҳозирлигини билдирди.
“Бир миллионни ўлдирамиз, беш миллионни ўлдирамиз. Керак бўлса, сиз украинлар ичингизга жин кириб олганини ва даволанишингиз лозимлигини тушуниб етмагунингизча, ҳаммангизни қириб ташлаймиз”, деди Губарев. У украинларни “ичига жин кирган рус одамлари”, “сатанистлар” деб атади.
Северодонецкда туғилган Павел Губарев россияпараст ультра ўнг “Рус миллий бирлиги” ташкилотининг собиқ аъзоси. У 2014 йилда президент Виктор Янукович Майдан воқеалари ортидан ҳокимиятдан ағдарилгач Донецкда россияпарастларнинг “Донбасс халқ қўшини”ни ташкил этган. Кейинроқ бу қўшин Донецкда қатор маъмурий биноларни эгаллаб олган ҳамда Губаревни “халқ губернатори” сифатида эълон қилган эди.
2014 йил мартида Губарев Украина хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинган, бироқ Донецк айримачилари билан асирларни алмашиш доирасида у украин зобитларига алиштирилган.
Шундан сўнг Губарев ўзини ДХР деб атаб олган айирмачи ҳудуд мудофаа вазирлигининг мобилизация бошқармасига бошлиқ бўлган.
Россия ва Украина ҳалок бўлган аскарларнинг жасадлари билан алмашди
Россия ва Украина ҳалок бўлган аскарларнинг жасадлари билан алмашгани тўғрисида Украинанинг босиб олинган ҳудудларини реинтеграциялаш вазирлиги маълум қилди.
Вазирликнинг билдиришича, Россия билан музокаралар жуда мураккаб бўлган. Музокаралар натижасида Киев Россияга ҳалок бўлган 62 рус аскарининг жасадини қайтарди.
Россия қанча жасдани қайтаргани хабар қилинмади. Алмашиш қайси ҳудудда ўтказилгани ҳам маълум эмас. Россия украин вазирлигининг бу хабарига муносабат билдирмади.
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак жасадлардан ташқари асирлар ҳам қайтарилганини билдирди. Жумладан, россия 32 нафар украин ҳарбийсини асирликдан озод қилган. Ватанига қайтарилганлардан кўпчилиги аввал бедарак йўқолган деб ҳисобланган. Ермак украин аскарлари кимга алмаштирилгани тўғрисида маълумот бермади.
Forbes: Россия Украинага бир кунда 400-700 млн долларлик бомба ташлади
Forbes журнали кеча Украина шаҳарларига ракета ёғдириш Россия бюджетига қанчага тушганини ҳисоблаб чиқди. Нашрга кўра, гап 400-700 млн доллар устида бормоқда.
Forbes қайси турдаги ракетадан айнан нечта отилганини аниқлаш имконсиз бўлгани сабабли уларнинг умумий сонини кенг диапазонда баҳолаган. Украина Қуролли кучлари Бош штаби кеча мамлакат ҳудудига Х-101, Х-555, "Калибр", "Искандер", "Торнадо-С" ва С-300 русумли ракеталар ёғдирилганини маълум қилган эди.
Умумий қиймат қуйидаги нархларга асосан чиқарилди:
Х-101 — $13 млн;
"Калибр" — $6,5 млн;
"Искандер" — $3 млн;
"Оникс" — $1,25 млн;
Х-22 — $1 млн;
"Точка-У" — $300 минг.
Бундан ташқари Forbes 10 сентябрь куни Украинага йўлланган барча дронларнинг умумий қиймати бир неча миллион долларни ташкил этишини эслатган.
Оқ уй: Кремль Украинага ёппасига ракета ёғдиришни Қрим кўпригидаги портлашдан олдин режалаган
Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши спикери Жон Кирби маълум қилди, дея хабар берди CNN.
“Катта эҳтимол билан, бу ҳужумни улар узоқ режалаганлар”, дея қўшимча қилган Кирби.
АҚШ маъмурияти вакили Путин урушдаги стратегиясини узил-кесил ўзгартириб, “денацификация”ни – Украина фуқаролари руҳини синдириш ва украин шаҳарлари ва инфратузилмасини яксон қилиш кампаниясига айлантиришга қарор қилган ёки қилмаганини аниқ айта олмади.
Россия армияси кенг кўламли ракета зарбалари беришга ҳозирланаётгани ҳақида аввалроқ Украина разведкаси ҳам маълум қилган эди. Украина махсус хизматларига кўра, Кремль бу ҳужумни октябрнинг илк кунларидан бошлаб режалаган.