Зеленский яна пул сўради
Украина президенти Владимир Зеленский халқаро донорларга мурожаат қилиб, Россиянинг бомбардимонлари натижасида вайрон бўлган мактаблар ва уйларни тиклаш учун қўшимча маблағ зарурлигини айтди.
Зеленский Украинага келаси йилги бюджет камомадини қоплаш учун тахминан 38-55 миллиард доллар кераклиги, шунингдек, муҳим инфратузилма объектлари мактаб, касалхона каби иншоатларни тиклаш ишларини бошлашга яна 17 миллиард доллар зарурлигини қайд этди.
Шунингдек, Зеленский ХВЖдан 20 миллиард долларлик кредит дастури, электр энергетика инфратузилмасини тиклаш учун 2 миллиард долларлик мақсадли кредитлар ҳамда табиий газ ва кўмир сотиб олиш учун 5 миллиард долларгача кредит лимитлари сўради.
ХВЖ ижрочи директори Кристалина Георгиева, Жаҳон банки президенти Девид Малпасс ва АҚШ Ғазначилик вазири Жанет Еллен бунга жавобан жаҳон ҳамжамияти Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришда қатъийлигини таъкидлади.
Архангелске ҳам озод қилинди
Жанг майдонидан олинган сўнгги хабарларга кўра, Украина ҳарбийлари Россия қўшинларини Днепр дарёсининг ғарбий қирғоғида, Херсон вилояти, Берислав шаҳри яқинидаги бир неча аҳоли пунктларидан сиқиб чиқарган.
Украиналик ҳарбий хизматчи Фейсбукка Херсон вилоятидаги қайтариб олинган шаҳарчада Украина байроғи кўтарилаётгани акс этган видеони жойлади.
"Биз Кривой Рог вилоятиданмиз. 2022 йил 11 октябрь. Йигитлар Архангелскени озод қилиш учун олти-етти ой ҳаракат қлишди. Улар озод ва бирлашган Украина байроғини кўтармоқдалар... Украинага шон-шарафлар!", деди аскар Макс Трах.
Чоршанба куни Украинанинг Жануб қўмондонлиги жанубий Херсон вилоятида Россия назоратидаги ҳудуднинг ғарбий чеккасида жойлашган бешта аҳоли пункти қайтариб олинганини маълум қилди.
Запорожьеда вайроналар остида қолган оила қутқарилди
Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати Запорожье шаҳридаги бино вайроналари остидан бир оила қутқариб олинганини хабар қилди.
Россиянинг Запорожье шаҳрига ракета зарбалари оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган.
Шаҳар мери Олександр Старух қидирув-қутқарув ишлари давом этаётгани ҳамда вайроналар остида яна кўплаб одам қолган бўлиши мумкинлигини билдирди.
“Вагнер” ХҲШ Россияда қамоқда ўтирган собиқ СССР давлатлари фуқароларини урушга йўлламоқда
“Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган беларуслик, ўзбекистонлик, қирғизистонлик, озарбайжонлик ва тожикистонлик фуқароларни урушга ёллаб, Украинага олиб кетмоқда. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли Ольга Романова маълум қилди.
“Урушда ўлган беларуслик маҳкумнинг синглиси акасини ватанида дафн қилиш учун унинг жасадини “Вагнер” ХҲШдан ололмаяпти. Ҳеч қанақа пул, ҳеч қанақа товон ҳақида гап ҳам йўқ бу ерда. Ўтган ҳафтада Ярославлдаги зоналарда ўтирган ўзбекистонлик тўрт фуқарони олиб қололдик. Улар чет эллик ахир! Бугун оқшом эса Бошқирдистондаги қамоқда ўтирган ўзбекларнинг қариндошлари бизга мурожаат қилишди. Уларни олиб кетишибди”, деб ёзди “Русь сидяшчая” жамғармаси раҳбари О. Романова.