Украинадаги урушга сафарбар қилинган Москва ҳукумати ходими уч ҳафта ўтмай ҳалок бўлди
Москва ҳукуматида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган 28 ёшли Алексей Мартинов ҳарбий сафарбарликка чақирилганидан уч ҳафта ўтмай ҳалок бўлган. Бу ҳақда Russia Today нашри бош муҳаррирининг ўринбосари Наталья Лосева маълум қилди.
Лосевага кўра, Мартинов 23 сентябрь куни армияга чақирилган, бир неча кундан кейин эса “фронтга йўлланган”. Унда ҳеч қанақа жанговар тажриба бўлмагани айтилган.
ЕКПА Россиядаги сиёсий режимни террор режими деб тан олди
Европа кенгаши Парламент ассамблеяси (ЕКПА) 13 октябрь куни Украинани дастакловчи резолюцияни қабул қилди – унда Россиядаги сиёсий режим террор режими дея тан олиш кўзда тутилган. Бу ҳақда ЕКПАдаги Украина делегацияси аъзоси Алексей Гончаренко маълум қилди.
Россия томонидан Украинада содир этилган ҳарбий жиноятлар учун халқаро трибунал тузиш зарурлиги айтилган резолюция учун 100 делегатдан 99 нафари ёқлаб овоз берган, бир нафар делегат эса овоз беришдан тийилган.
Резолюцияда Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо бўлиши учун юридик асос йўқлиги ҳам қайд этилган. Бундан ташқари, Европа кенгаши илк бор тинч фуқароларни ҳимоя қилиш учун Украинага ҳавога қарши мудофаа тизимларини тақдим қилиш зарурлигини эътироф этган.
Қўшиниларининг Украинага бостириб кириши ортидан Россия шу йил 16 мартида Европа кенгашидан чиқарилган эди. Август ойида Латвия Россияни “террорчиликни дастакловчи мамлакат” деб тан олган, май ойида эса Литва парламенти Россияни “террорчиликни амалга ошираётган мамлакат” дея эътироф этган эди.
Путин Европага газни Туркия орқали бермоқчи
Туркия президенти Тойиб Эрдўғон ва Россия президенти Владимир Путин 13 октябрь, пайшанба куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида икки томонлама музокаралар ўтказди.
Икки давлат раҳбари телевидение орқали мулоқот чоғида энергия хавфсизлиги ва дон экспорти каби бир қанча мавзуларни муҳокама қилди.
Эрдўғон 24 февраль куни Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан бери Москва ва Киев ўртасида воситачилик қилишга интилиб келади.
Путин пайшанба куни Эрдўғонга Туркия Европа Иттифоқига газ етказиб беришнинг энг ишончли йўли эканлигини айтиб, у ерда ўзи айтмоқчи "таъминот хаби" қуришни таклиф қилди:
“Биз бошқа бир газ қувурлари тизимини қуриш ва Туркияда бошқа мамлакатларга сотиш учун газ хабини яратиш истиқболларини кўриб чиқишимиз мумкин. Биринчи навбатда, албатта, Европа (мамлакатларига). Фақат, албатта, агар улар манфаатдор бўлса".
Ўзбек элчиси Украина чегарасидаги талабалар билан учрашди
12 октябрь куни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадов ва бош вазирнинг маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов Россиянинг Курск шаҳрида ўзбекистонлик талабалар билан учрашди.
Курск тиббиёт университетида ўқиётган ўзбекистонлик талабаларнинг бир гуруҳи президент Шавкат Мирзиёевга видео мурожаат қилиб, Россия билан Украина ўртасидаги тўқнашув кундан-кунга кучайиб бораётганидан хавотирланиб, ўқишларини Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кўчиришни сўрашган эди.
Элчи ҳамда бош вазир маслаҳатчиси билан учрашувда талабалар ўқиш шаклини ўзгартириш истагини билдирган. Расмийлар бу борада кўмак ваъда қилган.
Айни пайтда Курск губернатори ўринбосари Виктор Карамишев ўзбек талабаларининг хавфсизлигини таъминлаш учун чоралар кўрилаётганини маълум қилган.
Икки кун аввал Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси мамлакат фуқароларига мурожаат йўллаб, уруш кетаётган ҳудудларга саёҳат қилишдан тийилишга чақирган эди.