Киев, Днепропетровск ва Запорожье вилоятлари ҳужумга тутилди
Днепропетровск вилоятининг уч аҳоли пункти - Никополь, Марганецкая ва Красногригоревская бугун тунда ҳужумга тутилди.
Вилоят раҳбари Валентин Резниченкога кўра, Никополга 50 та снаряд отилган, икки киши яраланган – 35 ёшли эркак ва 42 ёшли аёл. Улар касалхонада.
10 дан ортиқ кўп қаватли ва хусусий уйлар, бир нечта дўконлар, маъмурий бинолар ҳужумларга нишон бўлган.
Марганец ва Красногригорйевскда, Резниченко сўзларига кўра, одамлар жабрланмаган. Саноат корхонаси ва уй-жойлар вайрон бўлган.
Запорожье вилоятини ҳам Россия тунда ва бугун эрталаб ҳужумга тутди.
Вилоят раҳбари Александр Старухнинг сўзларига кўра, тунда Запорожьега дронлар орқали тўртта ҳаво ҳужуми уюштирилган, “эрталабгача яна 10 та С300 ракеталари” отилган.
Тунги дрон ҳужумидан сўнг "инфратузилма объектлари" вайрон бўлди, ёнғинлар рўй берган, улар ўз вақтида ўчирилди, деди Старух.
Вилоят марказига эрталаб уюштирилган ҳужум оқибатида, унинг сўзларига кўра, “бир қатор энергетика ва саноат инфратузилмаси объектлари вайрон бўлган”. Қурбонлар ҳақида маълумотлар аниқланмоқда.
Шанба эрталаб Киев вилояти ҳам ҳужумларга тутилди. Вилоят раҳбари Алексей Кулебага кўра, жабрланганлар йўқ.
Франциянинг Danone ширкати Россия бозоридан кетмоқчи
Франциянинг озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган Danone компанияси Россия бозоридан кетишини эълон қилди.
Ширкат баёнотида Danone’нинг Россиядаги ишлаб чиқариши бошқа компанияларга ўтказиб берилиши айтилган. Danone вакиллари муҳтамал бай суммаси 1 миллиард еврога етиши мумкин, деган фикрдалар.
“Бу маҳаллий бизнесда узилишлар бўлмаслигини таъминлаш бўйича ходимларимиз учун ҳам, истеъмолчилар ва ҳамкорлар учун ҳам энг яхши вариантдир”, дея билдирилган компания баёнотида.
Россияда Danone ширкати “Простоквашино", “Растишка”, Evian ва бошқа брендлар маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Россияда уч нафар ёш боласи бор оталар ҳарбий сафарбарликка ҳозирча олинмайди
Россия Мудофаа вазирлиги ёши 16 га тўлмаган уч нафар фарзанди бор оталарнинг ҳарбий сафарбарлигини кечиктиришга қарор қилди. Бу ҳақда Давлат думасининг мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картаполов маълум қилди.
Депутат Картаполов бу қадамни “вазирлик марҳамати” ўлароқ тақдим этган.
Аввалроқ ёши 16 га тўлмаган тўрт нафар ёки ундан кўп боласи бўлган оталаргина армияга олинмаслиги айтилган.
Россия билан Украина ўртасида асир алмашилди
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 20 нафар ҳарбий ватанига қайтарилган. Россия томони бу каби асир алмашишлар ҳақида камдан-кам ҳолларда маълумот беради.
“Озод қилинган ҳарбийларнинг барчасига зарур психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Улар муолажа ва реабилитациядан ўтиш учун тез орада Россия Мудофаа вазирлигининг тиббий муассасаларига етказилади”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Бу орада Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ўз телеграм-канали орқали Россия билан асир алмашиш ортидан 20 нафар украиналик ҳарбий ватанига қайтгани ҳақида билдирди. Мулозимга кўра, улардан 14 нафари Украина Қуролли кучлари аскари, тўрт нафари ҳудудий мудофаа жангчиси, бир нафари Миллий гвардия жангчиси, яна бири эса Ҳарбий-денгиз кучлари жангчисидир.