Белгородда яна портлашлар бўлгани айтилди
Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков ўққа тутишлар натижасида уч киши яраланганини маълум қилди. У воқеа қаерда бўлганини очиқламаган.
Мулозимга кўра, ўқ парчаларидан яраланган икки эркак касалхонага ётқизилган.
Аввалроқ Белгородда ҳаводан ҳужумга қарши мудофаа тизими ишга тушгани хабар қилинган эди: шаҳар узра камида 16 та портлаш содир бўлган.
Севастополь ва Белгородда ҳаво мудофааси тизимлари ишга тушган
Россия томонидан аннексия қилинган Севастополда 15 октабрь куни тушдан кейин ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушган.
Бу ҳақда маҳаллий аҳоли хабар берди.
Шаҳарнинг россияпараст губернатори Михаил Развожаев Казачья кўрфазидаги ҳаво мудофааси ўқув режимида ишлаётганини айтиб, аҳолидан хотиржамликни сақлашни сўради.
Кейинчалик Белгород вилоятида ҳаво мудофааси ишга тушгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Вилоят губернатори Вячеслав Гладковнинг билдиришича, Разумное қишлоғи яқинидаги нефть омбори ўққа тутилган ва у ерда ёнғин чиққан.
Гладковнинг сўзларига кўра, нефть омборига снаряд келиб тушган. ТАСС хабарига кўра, ўнта цистернадан бири шикастланган.
14 октабрь куни Белгороддаги “Луч” иссиқлик электр станцияси ҳам ҳужумга тутилиши ортидан шикастланган эди. Оқибатда шаҳарнинг бир қисми вақтинчалик электр таъминотисиз қолганди.
Украина томони Белгород ёки Қримнинг ўққа тутилиши ҳақида хабар бермади.
Россиянинг Белгород вилоятида нефть омборида ёнғин
Россиянинг Белгород вилоятидаги Разумное қишлоғи яқинида жойлагнае нефть омбори ёнғин рўй берди. Вилоят губернатори Вячеслав Гладковнинг айтишича, омбор Украина Қуролли кучлари томонидан ўққа тутилган.
"Яна ўққа тутилди. Снарядлардан бири Белгород вилоятидаги нефть омборига тушди. Мен воқеа жойидаман. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аллақачон ёнғинга қарши курашмоқда. Ёнгиннинг ёйилиш хавфи йўқ", - деб ёзди Гладков телеграмдаги каналида.
Россиянинг “ТАСС” агентлиги фавқулодда хизматларга таяниб, нефть базасидаги ўнта цистернадан бири шикастлангани ҳақида хабар берди.
Разумное қишлоғи Белгороддан 11 километр узоқликда жойлашган.
"Украинада рус геноцидини тўхтатинг” - Барселонада урушга қарши намойиш
Барселонада юзлаб одам Россиянинг Украинага босқинига норозилик билдириб намойишга чиқди. Улар Украина байроқлари ва “Украинада рус геноцидини тўхтатинг” деб ёзилган плакатларни кўтариб юриш қилди.
Марш чоғида “Россия террорчи давлат”, “Украинани ҳозир қуроллантиринг” деган даъватлар ҳам янгради. Украиналик қочқин Евгения “Европа ёрдамисиз биз халқимизни ҳимоя қила олмаймиз. Аёлларимиз, болаларимиз ҳаётини сақлаб қола олмаймиз”, дейди. Намойишчилар шаҳар марказида тўпланиб, Европа Комиссияси қароргоҳи томон юриди.