Донецк шаҳар мерияси биноси ракета ҳужумига учради
Россия давлат агентликлари хабар беришича, якшанба куни тонгда Украина шарқидаги кремлпараст айирмачилар назорати остидаги Донецк шаҳар мерияси ракеталар ҳужумига учраган.
Айирмачи расмийларга кўра, тўрт киши яраланган.
“Барча парчалар экспертиза учун юборилади. Кейин у қандай ракета эканлиги аниқланади. Ҳолат юзасидан жиноят иши иш қўзғатилди, тергов органлари ушбу ҳодиса юзасидан текширув ўтказмоқда”, деди Россия Тергов қўмитаси вакили.
“РИА Новости” хабарига кўра, Донецкдаги муниципалитет биноси ракета ҳужумига тутилиши натижасида “жиддий зарар кўрган” ва бунинг учун маҳаллий айирмачи ҳокимият Украинани айблаган.
РИА Новости ва маҳаллий ОАВ, шунингдек, ҳужум натижасида яқин атрофда турган учта машина ҳам ёниб кетгани ҳақида хабар бермоқда.
Кремль томонидан қўллаб-қувватланган айирмачи расмийлар аввалроқ Украинани босиб олинган ҳудудлардаги инфратузилма ва турар-жой биноларига кўплаб зарбалар беришда, бунда кўпинча АҚШ томонидан етказиб берилган узоқ масофали HIMARS ракеталаридан фойдаланганликда айблаган эди.
CNN: Эрон Россия камикадзе-дронлар бераётганини инкор этмоқда
Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир-Абдуллоҳиён якшанба куни Португалия мудофаа вазири билан телефон орқали суҳбатлашганида “Эрон ҳеч бир мамлакатга Украина урушида қўллаш мумкин бўлган қурол бермаган ва бермайди ҳам”, деди. Бу ҳақда CNN хабар қилмоқда.
Аввалроқ АҚШ ва Украина разведкалари Россия кучлари Украина ҳудудларига ҳужумларда Эронда ишлаб чиқарилган камикадзе дронлардан фойдаланаётганини айтган эди.
Эрон Россияга ўз жанговар дронларини етказиб бераётгани тўғрисида мудофаа ва махсус хизмат идораларидан ташқари, жаҳон ОАВлари ҳам бир неча бор хабар берган.
Август ойи охирларида The Washington Post нашри Россия Эрондан жанговар учувчисиз учгичларнинг илк партиясини қабул қилиб олгани ҳақида ёзди.
Сентябрда эса дронлар билан Одесса шаҳри ва вилоятига зарбалар берилаётгани бир неча марта хабар қилинди.
15 октябрда Запорожье вилояти раҳбари Александр Старух Запорожье шаҳрига Shahed-136 камикадзе дронлари орқали тўртта зарба берилганини билдирди.
Расмий Теҳрон ва Москва Россия армияси Эрондан ҳарбий дронлар олаётганини инкор этиб келмоқда.
Разведка: Россияда снарядлар етишмаслиги мавжуд
Британия разведкасига кўра, Россия мудофаа саноати оғир аҳволда бўлиб, сарфланган снарядлар захирасини тез суръатларда тўлдиришга қурби етмайди.
Замонавий ўқ-дори етишмовчилиги эса Россия армиясининг нишонларга зарба бериш салоҳиятини чеклаб қўйган.
Россия Запорожьени бомбалашда давом этмоқда
Навбатдаги кун Запорожье шаҳри аҳолиси учун яна Россия бомбардимонлари овози билан бошланди
Россия қўшинларининг зарбасидан шаҳардаги машиналар тўхташ жойи буткул вайрон бўлди, машиналарга ва яқин атрофдаги бинолар зарар етган.
Запорожьелик Дмитрий Почишчук портлашлар 15 дақиқа давом этгани ва шовқиндан уйғониб кетганини айтади. У қўшнилари кўп қаватли уй ертўлаларига яширингани таъкидлади.
Почишчук вилоят касалхонасида шифокор бўлиб ишлайди. Дмитрий касалхонада Россия бомбардимонлари натижасида яраланган ўнлаб одамларни даволайди.
Дмитрий Россиянинг муттасил ҳужумларга қарамай, Украина таслим бўлмаслигини керак, деб ҳисоблайди:
"Агар Украина тўхтаса, бу портлашлар, қотилликлар давом этади, биз Россияга таслим бўлмаймиз. Россия террор давлат".
Расмийларнинг айтишича, Россия ҳарбийлари Запорожьега Эронда ишлаб чиқарилган камикадзе дронлар ҳамда S-300 ракеталари билан зарба берган.