Разведка: Қрим кўприги портлаганидан сўнг Россия ўз кучларини Мелитополь орқали таъминламоқчи
Британия ҳарбий таҳлилчиларининг янги кундалик ҳисоботида айтилишича, Россия кучлари Украина жанубида дуч келаётган моддий-техник муаммолар Қрим кўприги портлатилганидан сўнг янада чуқурлашган.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Запорожье вилоятининг аннексия қилинган қисми орқали Херсонга олиб борувчи таъминот йўллари тобора муҳим бўлиб бормоқда, деб ҳисоблайди. Энг камида – Қрим кўпригида юк транспорти ҳаракати тўхтатиб қўйилгани учун. Шу туфайли материкда кўп юк машиналари тўпланиб қолган, Россия эса Украина жанубидаги кучларини таъминлаш учун катта эҳтимол билан Мелитополь юк ташишни кўпайтиради.
Айни чоғда ҳисобот муаллифлари, Мелитополь нафақат асосий таъминот йўллари кесишмаси, балки Россия авиациясининг муҳим қароргоҳларидан бири эканини таъкидлаганлар.
ЮНИСЕФ: Украинадаги уруш сабаб 4 млн бола қашшоқликда яшамоқда
Украинадаги уруш ва ўсаётган инфляция Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиёда тўрт миллион болани қашшоқликда яшашга мажбур қилди, дея маълум қилди БМТ болалар фонди – ЮНИСЕФ.
Қашшоқлашган оилаларда яшаётган болаларнинг тўртдан уч ҳиссаси Россияга тўғри келади. Украинада ярим миллион бола қашшоқликда яшамоқда.
Халқаро қашшоқликни тугатиш кунига бағишланган ҳисоботда айтилишича, бу ўз навбатида мактабни тугатмаган болалар сони кескин ортиб кетишига ва болалар ўлими кўпайишига олиб келиши мумкин.
ISW: Оташкесим қабул қилинган тақдирда ҳам Путиннинг ниятлари ўзгариши маҳол
АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчиларига кўра, оташкесим режими қабул қилинган тақдирда ҳам Путиннинг Украина борасидаги ниятлари ўзгариши маҳол.
Экспертлар фикрича, Россия президенти ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилишидан босиб олинган ҳудудларни мустаҳкамлаш ва фронт чизиғини ўзи учун энг мақбул тарзда “музлатиш”да фойдаланади. Ва келгусида бу Украинага қарши янги агрессияга олиб келади.
Штупун: Россия Херсонда эвакуацияни бошлади
Украина армияси матбуот котиби Олександр Штупун рус армияси Херсон вилоятидаги “давлат муассасалари”ни Қримга эвакуация қилишни бошлаганини билдирди:
"Босқинчилар Херсон вилоятида фильтрлаш тадбирларини кучайтирмоқда ва "давлат муассасаларни эвакуация қилиш жараёнини бошлади. Биздаги маълумотларга кўра, Херсондан Қримга банклар ва пенсия жамғармаси ходимлари ҳамда жиҳозлари билан бирга кўчирилмоқда".
Унинг қўшимча қилишича, тиббиёт ходимлари сафарбар қилингани боис, Белгород вилоятида тинч аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти чекланган.
Штупуннинг сўзларига кўра, Украина армияси ўтган кун давомида душман томонга 20 та зарба йўллаган.