Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:17

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

10:49 20.10.2022

Андрей Сахаров мукофоти Украина халқи ва унинг президенти Зеленскийга берилди

Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий мукофоти – Андрей Сахаров номидаги мукофот бу йил Украина халқи ва унинг президенти Владимир Зеленскийга берилди.

“Улар ўзлари ишонган ғояни ҳимоя қиляптилар. Бизнинг қадриятимиз учун курашмоқдалар. Демократия, эркинлик ва қонун устиворлигини муҳофаза қиляптилар. Биз учун ҳаётларини хавф остига қўймоқдалар”, дейилган Европа парламенти раиси Роберта Метсоланинг баёнотида.

09:15 20.10.2022

Россияда мобилизация туфайли миллиондан зиёд кишининг мамлакатдан чиқиши тақиқланди

Россия Федерал хавфсизлик хизмати маълумотлар базасида ҳарбий сафарбарлик билан боғлиқ равишда мамлакат ҳудудини тарк этиши тақиқланган 1025703 нафар россияликнинг исм-шарифи бор. Бу ҳақда Astra нашри ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 18 октябрь куни президент Путиннинг мобилизацияга оид фармонида 300 минг киши армияга олиниши ҳақида айтилгани, чақирилувчилар сони бундан ошмаслигини айтган эди.

Россия президенти Владимир Путиннинг ўзи 14 октябрь куни шу кунгача армияга сафарбар қилинганлар сони 222 минг кишига етганини очиқлаган.

20:13 19.10.2022

Ишоғлчи ҳукумат Херсондан аҳолини кўчирмоқда

Днепр дарёсининг чап қирғоғида кўчирилганларга вақтинчалик яшаш жойлари ташкил этилгани айтилмоқда.

Аввалроқ Херсон вилоятининг ишғолчи ҳукумати 50-60 минг аҳолини Днепрнинг чап қирғоғи ва Россия ҳудудларига кўчиришни режалаштираётганини маълум қилган эди.

Улар буни сабабини Украина ҳарбий кучларининг тез орада Херсонга қарши ҳужум бошлаши эхтимоли билан боғлашган.

Херсон вилояти ишғолчи маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов ўз видеомурожаатида Украина Қуролли кучлари олдинги жабҳа чизиғига қўшин тўплаганини айтиб, аҳолидан шаҳарни тарк этишни сўрамоқда.

Херсон вилояти раҳбари Ярослав Янушевич айни пайтда Херсон аҳолисини русларнинг, хусусан, Днепрнинг чап қирғоғига ва Россия ҳудудларига "эвакуация қилиш" ҳақидаги талабларини рад қилишга чақиради.

Херсон етти ойдан бери Россия кучлари назоратида. Ўтган ой бошларида Украина Қуролли Кучлари шарқ томон, шу жумладан Херсон йўналишида ҳам фаол қарши ҳужумни бошлади.

Украинадаги Россия қўшинлари қўмондони генерал Сергей Суровикин Херсон йўналишидаги вазиятни кескин деб атади. Унинг таъкидлашича, Украина қўшинлари Россия мудофаасини ёриб ўтишга ҳаракат қилишда давом этмоқда. Генерал Херсон масаласида “қийин қарорлар” олиниши мумкинлигини истисно қилмади.

Сўнгги бир неча ҳафта ичида Херсон вилоятидаги рус қўшинлари 20-30 км орқага чекинди ва Украинани иккига бўлувчи 2200 км узунликдаги Днепр дарёсининг ғарбий чап қирғоғига ўтмоқда.

20:09 19.10.2022

Эрон Россияга камикадзе дронларига қўшимча "ер-ер" ракеталари беришни ҳам ваъда қилган

Эрон Россияги Украина пойтахти Киев ва бошқа шаҳарларини ҳужумга тутган камикадзе дронларига қўшимча "ер-ер" ракеталари, шунингдек, бошқа учувчисиз учоқлар етказиб беришга ваъда берган.

Бу ҳақда Рейтер агентлиги Теҳрондаги ҳукумат расмийлари ва дипломатлар доҳил тўртта манбага таяниб хабар берди.

Уларнинг сўзларига кўра, қурол-яроғ сотиш ва етказиб бериш бўйича келишувларга икки ҳафта аввал, 6 октабрь куни Эрон Ислом инқилоби гвардияси корпуси ва Миллий хавфсизлик олий кенгаши вакиллари Москвага ташриф буюрганида эришилган.

Сўнгги кунларда Россия Киевни Эрондан олган камикадзе дронлари билан бир неча бор ҳужумга тутди.

Украина расмийларига кўра, дрон ҳужумлари мамлакат электр станцияларининг қарийб учдан бир қисмини вайрон қилган.

Украина дронлар Эронда ишлаб чиқарилгани ва Россияга етказиб берилганини айтган, Эрон ҳам, Россия ҳам бу даъвони рад этиб келаётганди.

Рейтер агентлиги Эроннинг икки юқори мартабали амалдори ва икки эронлик дипломати сўзларига таяниб дронларни Теҳрон етказиб бераётгани ҳақида хабар қилди.

АҚШ ва бошқа Ғарб буни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2015 йилги резолюциясини бузиш деб атамоқда.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Ведант Пателнинг айтишича, Россия нафақат Эрондан дронларни олмоқда, балки у ерда дрон операторлари ҳам ўқитилмоқда.

Айни пайтда НАТО Украинага дрон ҳужумларига қарши туришда ёрдам бериш учун ҳаво мудофаа тизимларини етказиб беришини эълон қилди ва ишга киришилганини билдирди.

НАТО раҳбари Йенс Столтенберг буни НАТО қила оладиган “энг муҳим вазифа” деб атади.

Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов сўзларига кўра, Москва Эронга 1750 та дрон буюртма қилган, 70 фоизи уриб туширилган.

“Москванинг ракета заҳиралари тугаб бормоқда, масалан, “Искандар” ракеталари заҳирасининг 87 фоизини Россия ишлатиб бўлган”, деди Буданов.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG