Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:28

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

18:51 21.10.2022

“Время”да плакат кўтариб чиққан Марина Овсянникова сиртдан қамоқ жазосига ҳукм қилинди

“Время” дастурида урушга қарши плакат кўтариб чиққан Россия “Биринчи канали” собиқ ходими Марина Овсянникова сиртдан қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Москванинг Басманний суди Украинадаги урушга қарши чиққан ва Россия армияси ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айбланган "Биринчи канал"нинг собиқ муҳаррири Овсянниковани сиртдан ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Август ойидан бери Овсянникова ушбу айблов бўйича уй қамоғида эди, аммо октябр ойида унинг эри қизи билан уй қамоғидан қочиб кетганини айтди - ва у қидирувга берилганди.

Аввалроқ Овсянникова Россия армиясини “обрўсизлантириш” ҳақидаги маъмурий моддага кўра икки марта жаримага тортилганди.

Бироқ ҳозирда собиқ муҳаррирга июл ойидаги урушга қарши пикет юзасидан жиноий иш очилган.

18:46 21.10.2022

Украина Лукашенконинг рафиқасига санкция жорий қилди

Александр Лукашенко рафиқаси Галина билан.
Александр Лукашенко рафиқаси Галина билан.

Украина президенти Владимир Зеленский имзолаган Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг Беларус президенти Александр Лукашенконинг рафиқаси Галинага нисбатан санкциялар тўғрисидаги қарори кучга кирди.

Бу ҳақдаги фармон Украина президентининг расмий сайтида эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Галина Лукашенкога қарши унинг активларини блокировка қилиш ва ер участкаларини олишни тақиқлаш каби 13та пункт бўйича санкциялар 10 йил муддатга амалда бўлади.

Санкциялар Александр Лукашенконинг рафиқасидан ташқари, Беларуснинг 2507 фуқароси ва 1374 Беларус компаниясига ҳам қўлланилмоқда.

Рўйхатга мудофаа вазири Виктор Хренин, мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Виктор Гулевич, Давлат чегара қўмитаси раҳбари Анатолий Лаппо, бош прокурор Андрей Швед, Тергов қўмитаси раҳбари Дмитрий Гора, ички ишлар вазири Иван Кубраков, КГБ раҳбари Иван Тертел ва бошқалар киритилган.

18:43 21.10.2022

АҚШ: Эронлик мутахассислар Қримда Россия армиясини камикадзе дронлардан фойдаланишга ўргатмоқда

Эроннинг оз сонли қўшинлари Россия томонидан аннексия қилинган Қримда жойлашган бўлиб, улар Украина фуқаролик ва инфратузилма объектларига учувчисиз ҳаво ҳужумларини уюштиришда “бевосита иштирок этмоқда”.

Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби маълум қилди.

“Эрон русларга ҳарбий дронларни учиришда ёрдам бериш учун нисбатан оз сонли ҳарбий мутахассисларни юборди”, деди Кирби.

Британия ҳукумати, шунингдек, Қримда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси аскарлари борлигини, улар Эрон учувчисиз учоқларини бошқаришда ёрдам бераётганини маълум қилди.

“Биздаги маълумотларга кўра, руслар дронларни бошқараётган бир пайтда эронликлар Қримга инструктор ва техникларни юборган”, — деди Жон Кирби.

Унинг қўшимча қилишича, Байден маъмурияти Эронга қарши янги санкциялар жорий этиш ва Россияга бундай қуролларни сотишни қийинлаштириш йўлларини топиш ниятида.

Инструкторларни юбориш зарурати, эҳтимол, Украинадаги нишонларга ҳаво ҳужумларини амалга ошириш учун Эрон дронларидан фойдаланишга биринчи уринишлардан кейин пайдо бўлган муаммолар билан боғлиқ.

Америка разведкаси маълумотларига кўра, август ойида ўз фаолиятини бошлаган руслар ускуналарда носозликларга дуч келишган, дронларнинг имкониятлари ишлаб чиқарувчилар томонидан эълон қилинган хусусиятларга жавоб бермаган. Катта эҳтимол билан, бунга русларнинг ушбу қуролларни ишлатиш тажрибаси йўқлиги сабаб бўлган.

АҚШ, Британия ва Франция Эроннинг Россияга учувчисиз учоқлар етказиб беришини БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2015 йилда қабул қилинган резолюциясига зид деб ҳисоблайди, унга кўра санкцияларни юмшатиш эвазига Теҳрон айрим турдаги қуролларни экспорт қилмасликка ваъда берган.

Кеча Европа Иттифоқи Кенгаши Россия армиясига Украина инфратузилмасига ҳужум қилиш учун “Шаҳед-136” камикадзе дронларини етказиб берган Эронга қарши санкциялар пакетини тасдиқлади.

Ушбу босқичда “Шаҳед Авиэйшн Индастриес” ширкати ва яна бир қанча шахслар, жумладан Эрон Қуролли кучлари штаби бошлиғи, генерал-майор Муҳаммад Ҳусайн Бағирий, Ислом инқилоби гвардияси Аэрокосмик корпуси қўмондони Сайид Ағажоний санкциялар остида қолди.

18:37 21.10.2022

Зеленский: Россия Каховка ГЭСини миналаган

Украина президенти Владимир Зеленский Россия қўшинлари Каховка ГЭСи тўғонини миналагани ҳақида ўз ҳукумати маълумотга эгалигини айтди. Бу ҳақда Зеленский 20 октябрь куни видеоалоқа орқали Еврокенгаш йиғилишида сўзлаган нутқида таъкидлаган.

"Мен бугун Европа Кенгаши йиғилишида Россия Каховка ГЭСида навбатдаги терактга тайёргарлик кўраётгани ҳақда маълум қилдим. Биздаги маълумотларга кўра, Каховка ГЭСининг агрегатлари ва тўғонини Россия миналаган. Бу энг катта энергия объектларидан биридир. Ушбу ГЭСнинг тўғонида 18 миллион куб метрга яқин сув мавжуд. Агар рус террорчилари ушбу тўғонни портлатиб юборсалар, 80 дан ортиқ аҳоли пунктлари, шу жумладан Херсон ҳам сув тошқини зонасида қолади”.

Украина президенти портлаш бўлган тақдирда мамлакат жанубида сув таъминоти бузилиши мумкинлигини қўшимча қилган. Қолаверса, бу Европада энг йирик бўлмиш Запорожье атом электр станцияси учун ҳам катта хавф туғдиради, чунки АЭС реакторларини совутиш учун сув айнан Каховка сув омборидан олинади.

Зеленский Каховка ГЭСига халқаро кузатув миссиясини жўнатиш ва у ерга ГЭСнинг украиналик ходимларини қайтариш ташаббуси билан чиққан.

Каховка ГЭСи тўғони Днепр дарёсидан ўтиш жойи ҳамдир. АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) сўнгги ҳисоботларидан бирида Россия қўшинлари Херсондан чекиниш чоғида шаҳарни ва унинг атрофини сув бостириш мақсадида тўғонни портлатиши мумкинлигини тахмин қилган.

Бир неча кун аввал Украинадаги Россия қўшинлар гуруҳи қўмондони, армия генерали Сергей Суровикин Украина ҳарбийлари тўғонни портлатишни режалаётганини иддао қилган. ISW экспертлари буни Россия “ўзга байроқ остида” амалиёт ўтказишга ва муҳтамал фожиа учун жавобгарликни Украинага тўнкашга ҳозирланаётгани белгиси, дея баҳолашмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG