Politico: Ғарб Путиннинг севимли хонандасига санкция жорий этмоқчи
Евроиттифоқ Россияга қарши еттинчи санкциялар туркуми доирасида Россия нефти учун нарх чеклови белгилаш билан бирга, “Россия армияси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга” пўлат ва кимёвий моддалар билан савдо-сотиқ қилишни ҳам камайтирмоқчи. Бу ҳақда Politico нашри хабар берди.
Санкция рўйхатига маиший моллар, масалан, косметика ва макияж, соқол олиш анжомлари, дезодорантлар, совун, ҳожатхона қоғози ва тиш тозалаш ипи ҳам киритилиши мумкин. Шунингдек, Европа ширкатларига россияликларга меъморчилик ва муҳандислик соҳасида хизматлар кўрсатиш, юридик ва IT-маслаҳатлар бериш тақиқланиши кутилмоқда.
Чекловлар жисмоний шахсларни ҳам четлаб ўтмайди. Politico хабарига кўра, ЕИ файласуф Александр Дугин, Путиннинг севимли “Любэ” гуруҳи етакчиси Николай Расторгуев ҳамда “Калашников” концерни президенти Алан Лушниковга, шунингдек сохта референдумлар ўтказишга кўмаклашган одамларга нисбатан санкциялар жорий этишни режаламоқда.
Грузия чегарасида рус қочқинларига қарши намойиш ўтказилди
Грузия мухолифат партияси аъзолари, сиёсий фаоллар ва Украинадан келган намойишчилар Россия-Грузия чегара назорат қисмида йиғилиб, сафарбарликдан қочган россияликларга қарши норозилик билдирди.
"Биз бошқача фикрда эканлигимизни яққол намойиш этиш учун келдик. Грузия чегараси Россия фуқаролари учун ёпилиши керак деб ҳисоблаймиз. Бундан ташқари, Россия фуқаролари Грузияда банк ҳисобларини очиш, кўчмас мулкни рўйхатга олиш, тадбиркорлик субектларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда вақтинча ёки доимий яшаш учун рухсатнома олиш имкониятидан маҳрум қилиниши керак”, "ДРОА" мухолифат партияси аъзоси Гига Лемонжаба.
Расмий хабарга кўра, Грузияга ҳар куни 10000га яқин россиялик кириб келмоқда. Сафарбарлик бошланишидан аввал Грузияга келаётган россияликлар сони бу рақамнинг ярмини ташкил қилган.
Владимир Путин ўтган ҳафта қисман сафарбарлик эълон қилганидан кейин ўн минглаб чақирув ёшидаги эркаклар Россияни тарк этишга мажбур бўлди. Россияликларга бир йил давомида визасиз қолиш имконини берувчи Грузия энг машҳур йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Россияда яна бир военкоматга ўт қўйишга уринишди
Россияда яна бир ҳарбий комиссариат биносига ўт қўйишга уринишди. Бу сафар Новосибирскда. Ҳарбий комиссар Евгений Кудрявцевга кўра, саҳар 6:25 ларда Ленин ва Киров туманлари бўйича ҳарбий комиссариат биносини ёқиб юбормоқчи бўлганлар. Номаълум кимса икки деразага “Молотов коктейллари”ни отган, аммо шиша ичкарига кирмаган. Ташқарида ҳосил бўлган кичик ёнғин зудликда ўчирилган. Гумонланувчи қўлга олингани айтилмоқда.
Бир неча кун олдин Усть-Илимск ҳарбий комиссариатида ўқотар қуролдан яраланган ҳарбий комиссар Александр Елисеев медикаментоз кома ҳолатидан чиқарилди. Иркутск вилояти клиник шифохонаси врачи Пётр Дудин унинг аҳволи ҳануз оғир, аммо барқарорлигини билдирди.
АҚШ Россиянинг Украина ядро иншоотлари атрофидаги ҳаракатларини қоралади
АҚШнинг БМТ Вена бўлимидаги элчиси Лаура Холгейт "Москва бизни ядровий фалокат ёқасига олиб келди" дея таъкидлади:
“Европада Россиянинг Украина ядро иншоотлари ва унинг атрофидаги ўйловсиз ҳаракатлари бизни ядровий фалокат ёқасига олиб келди. Яқин Шарқда Эрон ва Сурия МАГАТЕ билан ҳимоя чоралари бўйича келишувлари доирасидаги қонуний мажбуриятларини бузишда давом этмоқда. Ҳинд-Тинч океани минтақасида эса Хитой ўзининг ядро арсеналини изчиллик билан кенгайтирмоқда. Шимолий Корея еттинчи ядро синовини ўтказишга тайёрлигига ишора қилди. Яқинда Шимолий Корея ўзининг ядровий давлат мақомини қайтариб бўлмайдиган деб эълон қилган эди”.
Украинанинг “Энергоатом” давлат компанияси 16 сентябрда Россия назорати остидаги Запорoжье атом электр станциясига зарурий эҳтиёт қисмлари ва дизель ёқилғиси етказилганини маълум қилди.
Энергоатом баёнотида айтилишича, эҳтиёт қисмлар шикастланган электр узатиш линиялари ва электр блокларини таъмирлаш учун керак бўлган.
Москва ва Киев бир-бирини Европадаги энг йирик ядро иншоотини ўққа тутганликда айблаб келади.