ISW: Украина Херсонда назорат ҳудудини кенгайтирмоқда
Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, Украина Қуролли кучлари Россия армиясининг энг сара қисмларини сиқиб чиқармоқда ва шимоли-шарқда, Кременная ва Сватово йўналишларида ҳамда Херсон вилоятларида назорат ҳудудини кенгайтирмоқда. Россиянинг, хусусан, шимоли-шарқда – 144-гвардия мотоўқчи дивизияси, Херсон вилоятида эса 76-гвардия ҳаво десанти дивизияси мағлуб этиляпти.
“Украинларнинг Херсон вилоятидаги ютуқлари шусиз ҳам беқарор бўлган Россия ахборот маконига зарба бермоқда. Россия оккупация маъмуриятлари НАТО разведкасини Россиянинг Херсон вилояти мудофаасидаги заиф жойларни очиб ташлашда айблашга тушди, улар эндиликда Россия кучарини кўча жангларига ҳозирли кўришга ва янги мудофаа марраларини қуришга чақиришмоқда”, дейилади ҳисоботда.
НАТО: Кремль Украина чегарасида ядро қуролини синиши мумкин
The Times хабар беришича, НАТО расмийлари Путин “оммавий қирғин қуролини ишга солишга тайёрлигини шу тариқа намойиш этмоқчи”, деб ҳисоблашади.
Нашр ўз хабарида мудофаа соҳасидаги юқори мартабали мулозимга ҳавола берган. Мулозимга кўра, НАТО ядро қуроли синови айнан қаерда бўлишини тахминан билади – Россия бу ишни Қора денгиз акваториясида амалга оширмоқчи. Украинада тактик ядро қуроли қўлланишидан кўра бу эҳтимол юқорироқ. Тўғри, Украина ядровий уруш хавфидан батамом холи эмас, бироқ бунақа қуролнинг қуруқликда қўлланиши ўта хавфли, чунки Россия шаҳарлари ҳам зарар кўриши мумкин.
Илгари Россия томони Украинада ядро қуролидан фойдаланмоқчи эмаслигини урғулаб келарди. Аммо кейинроқ, Путин сафарбарлик эълон қилганида “Ғарб мамлакатлари Киевнинг жанг майдонида барча қуроллар билан тор-мор қилинишини тилаб, уни ҳарбий ҳаракатларни Россия ҳудудига кўчиришга ундамоқда ва ядровий шантаж йўлига ўтмоқда”, дея иддао қилган эди. Ўшанда Россия президенти мамлакат “турли зарба бериш воситаларига эга”лигини эслатиб, таҳдид бўлган тақдирда барча қуроллардан фойдаланишга ваъда берган. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг бунга жавобан ядро қуролини қўллашнинг Россия учун жиддий оқибатлари бўлишини таъкидлаган.
Алла Пугачёва: “Авваллари югурдак эдилар, энди қул бўлишди”
Урушга қарши чақириқлар қилган қўшиқчи Алла Пугачёва инстаграмида яна жамоатчилик ўртасида резонанс яратган пост қолдирди.
“Қандай бахтки, мендан мен ҳеч қачон тоқат қила олмаган одамлар нафратланмоқда. Агар мен уларга ёққанимда, бекор яшаган ва куйлаган бўлардим. Сабаби аниқ. Тишларини ғижирлатаверишсин. Авваллари югурдак эдилар, энди қул бўлишди”, деб ёзди Пугачёва.
Қўшиқчи сентябрь ойида ижтимоий тармоқлар орқали Россия ҳукуматидан ўзини “хориж агентлари” рўйхатига киритишни талаб қилган эди. Бу билан у урушга қарши позициясини ошкор этган. Пугачёванинг эри Максим Галкин ҳам урушга қарши позициясини билдиргани ортидан “хориж агентлари” рўйхатига киритилган. Галкин ва Пугачёва Россияни тарк этган.
Россия Украинада яна 30 километр ортга чекинди
Россия Мудофаа вазирлиги томонидан 4 октябрдаги брифингда намойиш этилган ҳарбий ҳаракатлар картаси рус армияси Херсон вилоятида камида 30 километрга чекинганини ва Харьков вилояти Россия босқинидан тўлиқ озод этилганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда “Агентство” нашри хабар берди.
Хабарда таъкидланишича, 3 октябрда ўтган брифингда вазирлик намойиш этган картада Россия армияси Оскол ва Северский Донец дарёларининг шарқий соҳилида Харьков вилоятига қарашли ҳудудни назорат қилиб тургани кўрсатилган эди. Янги харитада эса Москва Двуречнийдан шимоли шарқда кичкинагина ҳудудни назорат қилаётгани акс этган.
4 октябрда Украина Изюм туманида Богуславка ва Боровская Андреевка қишлоқларини озод қилгани билдирилган эди. Бу ғалабалар украин армиясига Луганск вилоятига бошқа йўналиш орқали ҳам ҳужум қилиш имкониятини яратди.
Херсон вилояти харитасида эса 3 октябрда фронт чизиғи Давидов Брод, Добрянка ва Золотая Балкадан ўтгани акс этган эди. 4 октябрда эса Мудофаа вазирлиги намойиш этган картада Россия армияси Давидов Брод ва Дудчан оралиғидаги ҳудудни назорат қилаётгани акс этган. “Агенство” нашрининг ёзишича, бу Россия армияси 30 километр ортга чекинганини англатади.