Европанинг 44 давлати лидерлари Прагада “Россиясиз янги тартиб”ни муҳокама қилмоқда
Янги норасмий Европа сиёсий ҳамжамияти ташкилотининг биринчи учрашувида Европа Итифоқига аъзо 27 давлат, иттифоққа аъзо бўлишга номзод мамлакатлар, шунингдек, Европа Иттифоқи билан иқтисодий муносабатлар орқали боғланган ҳамда умумевропа қадриятларига содиқ давлатлар лидерлари иштирок этмоқда. Учрашувга Россия ва Беларусь таклиф қилинмади.
ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Прага учрашуви арафасида иштирокчилар “Россиясиз янги тартиб”ни муҳокама қилишини билдирди. Унга кўра, мазкур учрашувнинг ўтказилиши Москва Украинага агрессияси ортидан яккаланиб қолганига яққол далилдир.
Авалроқ Боррел Путин Россиясисиз ягона Европа маконини ташкил этиш тўғрисида мақола ёзган эди.
Янги форматдаги бу учрашувни ўтказиш ташаббусини май ойида Франция президенти Эммануэл Макрон кўтарган.
Қрим кўпригида портлаш, юк поезди аланга ичида
Керч бўғози орқали ўтувчи темир йўл кўпригида бугун эрталаб портлаш содир бўлди.Портлаш эрталаб маҳаллий вақт билан соат 6да рўй берган. Тармоқда тарқалган видео ва суратларда кўприк ёнмаётгани, юк поезди аланга ичида қолгани кўринади.
Айрим хабарларга кўра, автомобиль кўпригининг бир қисми қулаб тушган. Кўприкда йўл ҳаракати тўхтатилган. Ҳодиса сабаблари аниқ эмас.
Маҳаллий ҳокимият маълумотлари кўприк устида ҳаракатланаётган юк поездида ёқилғи баки ёниб кетган, деб даъво қилмоқда. Аннексия қилинган Қрим раҳбари маслаҳатчиси Олег Крючков Телеграм-каналида:
"Сабаблари ва оқибатлари ҳақида гапиришга ҳали эрта. Ёнғинни ўчириш ишлари олиб борилмоқда", деб ёзди.
“Қрим темир йўли” федерал давлат унитар корхонаси “юк поездининг дум қисмидаги ёнилғи бакида ёнғин чиққан” деб даъво қилмоқда – ҳодиса сабаблари аниқланмоқда. Маҳаллий “ҳокимият” маълумотларига кўра, кўприкда ҳаракат тўхтатилган, унинг кема қатнови ариқлари бузилмаган. Керч бўғозида юк ташиш тўхтамади, машиналар учун паром ўтиш жойи тайёрланмоқда", - деб ёзди Крючков.
Аннексия қилинган Қрим раҳбари маслаҳатчиси Олег Крючковнинг қўшимча қилишича, ҳозир ёнғин ўчирилмоқда, ҳайдовчилар учун кўприк ёнида озиқ-овқат ва иситиш пунктлари ташкил этилмоқда. Сабаблари ва оқибатлари ҳақида гапиришга ҳали эрта”, деб ёзади у.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видеоларда йўл кўпригининг бир қисми қулаб тушгани акс этган.
Миллий аксилтеррор қўмитасининг РБК рус нашрига маълум қилишича, кўприкда юк машинаси портлатиб юборилган, натижада юк поездининг еттита ёнилғи баки ёниб кетган.
Россия раҳбари Путин Қрим ярим ороли аннексия қилинганидан сўнг дарҳол Керч бўғози узра кўприк қуришни буюрган.
Қрим кўприги 2018 йилнинг май ойида очилган эди. Очилиш маросимига Россия президентининг шахсан ўзи ташриф буюрди, у Россия давлат телеканаллари орқали намойиш этилди.
"Ведомости" газетаси 2017 йил феврал ойида лойиҳанинг умумий қиймати 300 миллиард рублдан ошгани ҳақида хабар берган эди.
Ҳозирда Қрим кўприги асосан Украина жанубидаги Россия армияси таъминоти учун ишлатилмоқда.
Россия аксилтеррор қўмитаси: Қрим кўпригида юк машинаси портлатилган
Қрим кўпригида юк машинаси портлатиб юборилди, деб хабар берди Россия миллий аксилтеррор қўмитаси.
Агентлик даъвосича, портлаш оқибатида поезднинг еттита ёнилғи баки ёниб кетган.
Россия миллий аксилтеррор қўмитаси маълумотига кўра, кўприкнинг автомобиллар ўтадиган иккита оралиқ қисми қисман қулаган, кўприкнинг қатнов қисми устидаги арк шикастланмаган.
Иловайскдаги темир йўл ёқилғи омборида ёнғин
Россия томонидан аннексия қилинган Донецк вилоятининг Иловайск шаҳридаги темир йўл ёқилғи омбори ёнмоқда. Ўзларини “ДНР” деб атовчи айирмачилар омборга Украина армияси олтита HIMARS ракетаси отганини айтмоқда.