Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:29
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

17:04 8.12.2022

“Ўзтрансгаз”: Хитойга газ экспорти 100% тўхтатилган

Мамлакатда газ тақчиллиги давом этаётган бир пайтда “Ўзтрансгаз” компанияси бошқаруви раиси Беҳзод Норматов янги баёнот билан чиқди.

Норматов Sevimli телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистон Хитойга газ экспортини 100 фоиз тўхтатганини иддао қилди:

“Ҳозирги кунда (ҳаво) совиб кетганини инобатга олиб, асосий мақсадимиз аҳоли хонадонларига етказиб бериш кераклигини инобатга олиб, ҳамма экспортларимиз, ўша ҳамманинг оғзида бўлган Хитойга қилинаётган экспорт тўхтатилган. 100 фоиз. Ҳамма газ аҳолига йўналтирилган”.

Бу баёнотига Норматов бирор ҳужжат тақдим қилганича йўқ. Бироқ гапини қуйидаги кўринишда исботлашга ҳаракат қилди:

“Олдинги рақамлар билан бу йил қилинган экспорт ҳажмини солиштирадиган бўлсак, камида 3 баробар кам”.

Ўтган ой Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ҳам айни кўринишдаги баёнот билан чиққанди.

“Тез кунда чекловлар масаласи 80 фоизга ҳал этилади. Бунинг учун табиий газ ва электр энергияси экспорти тўхтатилди. Ташқи импорт 20 фоизга оширилди”, – деганди 16 ноябрдаги матбуот анжуманида Хўжаев.

Расмий маълумотга кўра, СOVID-19 пандемияси бошланиши ортидан Ўзбекистон Россияга табиий газ экспортини тўхтатган ва бу қайта тикланмаган. Кейинги пайтда ўзбек гази фақат Хитойга эскпорт қилинган.

Беҳзод Норматов жорий йил ёзида “Интерфакс” агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистонда қазиб олинаётган табиий газнинг қарийб 10 фоизи Хитойга сотилаётганини маълум қилган.

Ўша интервьюсида Норматов Ўзбекистон 2025-2026 йилларда газ экспортини тўхташи мумкинлигини айтган.

Айни пайтда мамлакатнинг деярли барча жойида, жумладан, пойтахт Тошкентда ҳам газ тақчиллиги давом этаётгани кузатилмоқда.

16:00 8.12.2022

Сурхондарёда қорда ётган эркак тасвирланган видео тарқалди

Тармоқларда тарқалаётган видеода бир эркакнинг кўчада қор остида ётгани акс этган.

Тасвирга олган аёл видеони шарҳларкан, бу ҳолат Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Сурхон соҳил маҳалласи Алишер Навоий кўчасида юз берганини айтади.

"Ташқарида минус 3-4 даража, бу ерда бир инсон қорда ётибди", дейди тасвирга олаётган аёл.

Тасвирларда эркакнинг оқ мато билан тўсиб қўйилган девор тагида ерда ётгани акс этган. У устига афтидан эски бир кўрпани ташлаб олган. Унинг ёнидаги дарахтга осилган пакет, сумкалардан эркакнинг анчадан бери шу ерда яшаётгани англашилади.

Видеодаги эркакнинг кимлиги, унинг нима сабабдан кўчада қорда ётгани ҳозирча номаълум.

Тармоқларда бу видео кенг муҳокамага сабаб бўляпти. Кўпчилик қаҳратон қишда кўчада ётган бу эркакнинг соғлигидан хавотир ҳам билдирган.

15:43 8.12.2022

"Тўрт болам билан совуқдан қийналмоқдамиз"

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасида яшовчи Сарвиноз исмли аёл свет ва газ муаммоси сабаб арз қилиб, ҳокимликка борган пайти тасвирга олган видеосини Озодликка йўллади.

“Шикоятим шундаки, свет ва газ 24 соат давомида 1 соат ҳам берилмаяпти, қиш жуда совуқ келгани сабабли роса қийналиб қолдик”, дейди Сарвиноз.

Сарвиноз тўрт нафар вояга етмаган болалари борлиги, айниқса шу болалари совуқдан қийналаётганини айтади.

У ҳокимлик биносига тўрт фарзанди билан борган. Видео тасвирларда болаларнинг ҳокимлик ходимларидан бирининг кабинетида югуриб, ўйнаб юришгани акс этган.

ZIMISTON-UZ: Каттақўрғондаги вазият
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:47 0:00

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

15:19 8.12.2022

Қишлаш усулларидан бири: Кўмирли таппи

Мамлакатда энергетик бўҳрон кузатилаётган бир пайтда одамлар қишдан чиқиш йўлларини изламоқда. Печкачи тахаллуси билан танилган Дима Қаюм кўмир аралаштириб тайёрланган таппи суратларини эълон қилди. Постга ёзилган изоҳлардан маълум бўлишича, одамлар таппининг бу турини кўпроқ маъқуллашар экан.

Кимдир кўмирли таппини "прогресс" дея таърифласа, бошқаси бу каби таппининг "роса зўр ёниши"га эътибор қаратган.

Беш кундирки, Ўзбекистонда газ ва электр тақчиллиги кучайган. Одамлар исиниш учун турли усулларни қўлламоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG