Россия Мудофаа вазири рус ҳарбийлари сонини 1,5 миллион одамга етказишини маълум қилди
Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу 19 декабр куни президент Владимир Путин ва юқори даражадаги мудофаа амалдорлари иштирокидаги йиғилишда Россия ўзи “махсус амалиёт” деб атаб келаётган уруш ҳаракатлари бошланганидан бери танк ишлаб чиқаришни 5,6, дронларни - қарийб 17, артиллерия снарядлари сонини 17,5, зирҳли техникани 3,5 баробарга оширганини айтди.
“Армия ва флотни кадрлар билан таъминлаш бўйича барча режалар тўлиқ бажарилди, уларнинг сони 1 миллион 150 минг нафар ҳарбий хизматчиларга етказилди. Иккита қўшма қуролли армия ва аралаш авиация корпуси тузилди ва кадрлар билан таъминланди. . . 1 декабрдан бошлаб биз 1 миллион 320 минг кишилик кучларни тўплаш тўғрисидаги фармонни амалга оширишга киришдик. Финляндия ва Швециянинг НАТОга кираётгани муносабати билан биз Ленинград ва Москва ҳарбий округларини тузмоқдамиз. Ташқи таҳдидларга мутаносиб равишда, Қуролли Кучлар ҳажми кейинчалик 1,5 миллион ҳарбий хизматчига етказилади”, деди Сергей Шойгу.
У, шунингдек, Россия Украинадаги 2000 километрлик фронт чизиғи бўйлаб 7 минг квадрат километр миналанган майдонларни ўрнатганини қўшимча қилди. Вазирнинг сўзларига кўра, жорий йилда армияга 490 мингга яқин кўнгилли ва шартнома бўйича аскар жалб этилган.
Ўша йиғилишдаёқ сўзга чиққан президент Путин, Россия мудофаа саноати Украинадаги можарога Ғарбга қараганда тезроқ жавоб бера олганини иддао қилди.
Москва вилоятида украин дронлари уриб туширилди
19 декабр, сешанба куни тушдан кейин Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Одинцово шаҳар туманида учувчисиз учоқни уриб туширди, деб хабар берди Москва мери Сергей Собянин.
"Одинцово шаҳар туманидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари дрон ҳужумини қайтарди. Учоқ қолдиқлари қулаган жойда, дастлабки маълумотларга кўра, вайроналар ва қурбонлар йўқ. Воқеа жойида фавқулодда хизматлар мутахассислари ишламоқда", деб ёзди Москва ҳокими.
Москванинг Домодедово, Жуковский ва Внуково аэропортларида ҳимоя режаси эълон қилинди: ушбу аэродромлардан барча самолётлар Шереметьевога йўналтирила бошланди.
Россия Мудофаа вазирлиги, шунингдек, Брянск ва Калуга вилоятлари осмонида тўртта дрон йўқ қилингани ҳақида хабар берди.
“Вазият оғир”
Украина ҚК Қуруқлик қўшинлари қўмондони Александр Сирский Россия армияси шарқий фронтда қурол ва сон жиҳатидан устунлик қилаётганини айтиб, ушбу йўналишлардаги вазиятга шундай баҳо берди.
“Душман ҳам қурол-аслаҳа, ҳам сон жиҳатидан биздан устун бўлган шароитда жанг қилишимизга тўғри келяпти. Айни чоғда, учала йўналишда ҳам Украина қўшинлари мудофаани сақлаб турибди ва душманни йўқ қилмоқда”, деди генерал Сирский.
Фронтнинг шарқий участкаси қўмондонига кўра, Россия қўшинлари катта талафот бермоқда ва йўқотишлар собиқ маҳкумлардан тузилган захира штурмчи батальонлар ҳисобига тўлдирилмоқда.
Украина ҚК эса, дея урғулайди Сирский, “ҳарбий ҳаракатларни пухта режалаш ҳамда артиллерия, миномётлар, зарбдор дронлар ва ўқотар қуроллардан самарали фойдаланиш йўли билан” муваффақият қозонишга уринаётир. Генералнинг айтишича, украин ҳарбийлари операцияларни режалаш чоғида талафотларни минималлаштиришни биринчи ўринга қўядилар.
10 декабрда Александр Сирский Россия қўшинлари одам ва техникада катта талафотлар бераётганига қарамай бутун шарқий фронт бўйлаб ҳужум қилаётганини маълум қилган эди.
Фронт бўйлаб жанглар давом этмоқда
Россия Мудофаа вазирлиги ҳисоботига кўра, сўнгги 24 соат ичида рус қўшинлари Украина қўшинларининг Купянский ва Красний Лиманский йўналишларида 26 та ҳужум операциясини муваффақиятли қайтарган. Жангларда иккита танк, саккизта пиёда жанговар машинаси, бешта зирҳли жанговар машина ва учта артиллерия бўлаги ҳамда бошқа Украина ҳарбий техника ва иншоотларийўқ қилинди.
Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари, шунингдек, ҲАЙМАРС ракета тизими орқали отилган иккита ракетани ва 25 та Украина дронларини тутиб олди, дейилади хабарда.
Шунингдек, душанба куни Украина Қуролли кучлари Бош штаби сўнгги 24 соат ичида фронт чизиғида Украина ва Россия қўшинлари ўртасида 92 та жанг бўлганини маълум қилди. Украина ўз қўшинлари Россия қўшинларининг Купянск, Бахмут, Маринка ва Запорожье йўналишларида 78 та ҳужумини муваффақиятли қайтарганини маълум қилди. Бундан ташқари, бир нечта нишон снарядлар ва ракеталардан ўққа тутилганида Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари Х-59 ракетасини йўқ қилди.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмаслигини эслатиб қўймоқчиман.