ОАВ: Украина зарбасидан сўнг “Новочеркасск” кемасининг 33 денгизчиси бедарак
“Астра” телеграм канали ўз манбасига таянган ҳолда, Украина ҳарбийлари берган зарба ортидан “Новочеркасск” кемасининг камида 33 денгизчиси бедарак экани ҳақида ёзди, деб хабар берди Озодликнинг рус хизмати. Зарба берилган пайтда кема аннексия қилинган Қримдаги Феодосия бандаргоҳида турган эди.
Хабарда айтилишича, 26 декабрга ўтар кечаси кемага зарба берилганида 77 денгизчи бўлган. Бедараклардан ташқари 19 денгизчи яраланган. Бу маълумотлар ҳозирча расмийлар томонидан тасдиқланган эмас.
Россия мудофаа вазирлиги бу хабарларга муносабат билдирмаяпти. Аннексия қилинган Қримга Москва томонидан тайинланган раҳбар Сергей Аксёнов бандаргоҳга берилган зарбадан тинч аҳоли орасида бир киши ўлгани ва тўрт киши яраланганини билдирган эди.
26 декабрга ўтар кечаси Украина бомбардимончи самолётлари Феодосия бандаргоҳида турган “Новочеркасск” кемасига ракета ташлаган эди. 27 декабрда тарқатилган фотосуратларда кема бутунлай вайрон этилгани акс этган.
2022 йил 24 мартда ҳам “Новочеркасск” Россия томонидан босиб олинган Бердянск портида ўққа тутилган эди. Ўшанда аннексия қилинган Қримнинг Москва томонидан тайинланган ҳукумати уч нафар денгизчи ҳалок бўлганини билдирган.
АҚШ Украинага 250 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратди
АҚШ Украинага 250 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратганини маълум қилди. Бу Пентагон заҳирасидан Киевга берилаётган 54-ёрдам пакетидир.
Мазкур кўмак доирасида Украинага ҳаводан мудофаа тизимлари, артилерия ўқ-дорилари, танкларга қарши снарядлар ва бошқа қуроллар етказиб берилади. Улар орасида HIMARS ва NASAMS зенит-ракета тизимлари учун снарядлар, Stinger зенит ракеталари, 155 мм ва 105 мм калибрдаги артилерия снарядлари, танкларга қарши Javelin ва AT-4 тизимлари, 15 миллионда ўқ бор.
23 декабрда президент Жо Байден 2024 йилда миллий мудофаа учун 886 миллиард доллар ажратиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Қонунга асосан бу маблағнинг 800 миллион доллари Украинага ёрдам сифатида берилади. 11,5 миллиард доллар эса Хитойни Хинд-Тинч океани минтақасида жиловлаб туришга сарфланади.
Байден октябрда Конгрессдан бюджет доирасида 106 миллиард доллар ажратишни илтимос қилган. Лекин ҳозиргача Конгресс бу илтимосни қаноатлантирмади. Мазкур ёрдамнинг 61 миллиард доллари Украинага, 14 миллиард доллари Исроилга берилиши назарда тутилаётган эди.
Залужний Маринка рус армияси томонидан қўлга олинганини тасдиқлади
Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Киевдаги матбуот анжумани чоғида украиналик ҳарбийлар шаҳарнинг ғарбий чеккасидан чиқиб кетганини маълум қилди.
"Украина қўшинлари орқага чекинди: баъзи жойларда улар Мариинка атрофида, бошқаларида эса бироз узоқроқда, шаҳар энди мавжуд эмас", деди Залужний.
Лекин, украин қўмондонига кўра, Россия кучлари шаҳарни тўлиқ назорат қилаётгани йўқ
Бундан ташқари, Залужний Авдиивкани 2-3 ой ичида йўқотиш хавфи борлигини ҳам айтди.
"Ҳар бир ер биз учун азиз, биз кучимиз қанчалик кучли бўлса, шунча ҳимоя қиламиз, агар куч етмаса, халқимизни қутқарамиз, кейин уни қайтариб оламиз", - деди у.
Феодосия портига зарба, Россиянинг йирик кемаси портлатилган
Россия ўзининг ҳарбий кемаларидан бири Қора денгизда Украина ҳужумига учраши оқибатида шикастланганини тасдиқлади.
Сешанбага ўтар кечаси Россия ишғоли остидаги Қримнинг Феодосия портида кучли портлашлар рўй берди. Қримнинг босқинчи ҳукумати ҳужумда Украинани айблаб чиқди.
Россия ва Украина телеграм каналлари аннексия қилинган Қримдаги Феодосия портида ёнғин ва иккита кучли портлаш рўй бергани ҳақида хабар бермоқда.
Хабарларга кўра, биринчи портлаш сешанба эрталаб соат 02: 50 да содир бўлган.
Аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксенов ҳужумда Украинани айблади.
"Феодосия ҳудудида душман ҳужуми уюштирилди. Порт ҳудуди ўраб олинган. Айни дамда ёнғин ўчирилди", деб ёзди Аксенов ўзининг Телеграм каналида.
Аксёновнинг қўшимча қилишича, портлашлар оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна икки киши жароҳатланган.
Қримнинг ишғолчи ҳукуматининг бошқа расмийлари портлашлар натижасида беш киши жабрланганини маълум қилди.
Портлаш шунчалик кучли эдики, яқин атрофдаги уйларнинг деразалари синган. Аннексия қилинган ярим орол маъмурияти бир неча уй аҳолиси бошқа жойга кўчирилишини маълум қилди. Айни пайтда 400 дан ортиқ одам эвакуация қилингани, Феодосиянинг портга туташ кўчаларида транспорт ҳаракати тўхтатилгани маълум.
Айни пайтда Қримнинг ишғолчи ҳукумати портдаги портлашлар видеосини Интернетга жойлаштирган Феодосия аҳолисини жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилмоқда. Уларга кўра, видеони эълон қилган барча шахсларнинг шахси аллақачон аниқланган, расмийларнинг сўзларига кўра, улар билан Россия махсус хизматлари шуғулланади.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук Қора денгизда Россиянинг учоқлар қўнадиган Новочеркасск йирик десант кемасига муваффақиятли зарба берилганини эълон қилди.
"Россия флоти кичрайиб бормоқда! Бу сафар Россия Қора денгиз флотининг флагмани - "Москва" крейсери ортидан "Новочеркасск" катта десант кемаси асфаласоқинга кетди" – деб ёзди Олешчук телеграм каналида.
Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Россия кемасига ҳужум қанотли ракеталар ёрдамида амалга оширилганига аниқлик киритди.
"26 декабр куни соат 02: 30 атрофида Ҳарбий ҳаво кучларининг тактик авиацияси Феодосия ҳудудида Россия Қора денгиз флотининг "Новочеркасск" йирик десант кемасига қанотли ракеталар билан ҳужум қилди", дейилади Қуролли Кучларнинг эрталабки хабарида.
Россия томони Украина Қуролли кучларининг Новочеркасск десант кемасига қилинган ҳужум ҳақидаги баёнотига изоҳ бермаяпти. Озодлик уруш шароитида бу маълумотларни дарҳол текшира олмайди.