Харковда ракета зарбасидан омон қолган украиналик: «Бу бизнинг янги йилимиз»
Россиянинг Харков марказига берган ракета зарбаси оқибатида камида 21 киши жароҳатланган, дея хабар берди Украина расмийлари.
Харков вилояти бош прокурорининг айтишича, жароҳатланганлар орасида 14 ва 16 ёшли икки бола ва немис журналистлари гуруҳининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ҳам бор. Ракеталар Россиянинг Белгород вилоятидан учирилган, дея таъкидлади вилоят прокурори.
"Руслар Янги йилда бизга ана шундай совға қилишди. Улар турар-жойларни бомбардимон қилишди. Бу ерда одамлар бор ахир! Қандай қилиб бундай хунрезликка қўл уриш мумкин?", дейди шаҳар турғуни Ирина Никитина.
Россиянинг йирик ҳаво ҳужумидан бир кун ўтиб Украина ҳам Белгород вилояти марказига ҳужумни амалга оширди.
Россия расмийлари Украинанинг Белгородга ҳужуми оқибатида 18 киши ҳалок бўлгани ва 111 киши яралангани ҳақида хабар берди.
Россия учирган бир ракета «Харков Палаc» меҳмонхонасига, иккинчиси эса Харков марказидаги турар-жой биносига келиб тушган. Яна уч ракета саноат ҳудудига урилди, аммо ҳеч қандай жиддий зарар етмади, деди полиция расмийси.
Украинага йирик ракета ҳужуми, 30 киши ҳалок бўлган, камида 60 киши яраланган
Россия Украинага сўнгги ойлардаги энг йирик дрон ва ракета ҳужумини амалга оширди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужумларда 30 киши ҳалок бўлган, камида 60 киши яраланган.
Пойтахт Киевда икки киши ҳалок бўлгани тасдиқланди, яна кўп одамлар вайроналар остида қолиб кетгани тахмин қилинмоқда, деб хабар берди шаҳар мери Виталий Кличко.
Украина бир неча ҳафтадан бери Россия мамлакат энергия тизимини нишонга олувчи йирик ҳаво кампаниясини бошлаш учун ракеталар тўплаётгани ҳақида огоҳлантириб келади. Россиянинг электр тармоғига берган ўтган йилги зарбалари миллионлаб одамни зулматга ботирган эди.
Энергетика вазирлиги ҳаво ҳужумидан сўнг тўртта ҳудудда электр энергияси узилиши ҳақида хабар берди.
Ҳарбий ҳаво кучлари Россия гипертовушли, қанотли ва баллистик ракеталарни, шу жумладан тутиб олиш жуда қийин бўлган ракеталарни қўллаганини билдирди.
Одесса
Қора денгиз бўйидаги порт шаҳри Одессадаги кўп қаватли бинода ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчирмоқда. Ёнғин Россия ҳужуми ортидан содир бўлди. Бу ҳудудга учувчисиз учоқлар зарба бергани ҳақида хабар берилган эди.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати томонидан эълон қилинган видеотасвирларда тутунга тўлган бинодан фавқулодда вазиятлар ходимлари одамларни бинодан эвакуация қилаётгани акс этган.
Россия ракеталари жанубий Одесса шаҳридаги турар-жой биноларига зарба бериши оқибатида икки киши ҳалок бўлган, камида 15 киши яраланди, жумладан, икки бола жабр кўрди.
Харьков
Украина фавқулодда вазиятлар ходимлари Харковда вайроналар остида қолиб кетган одамни қутқарди
Россия ракетаси Харковдаги бинога урилганида у вайроналар остида қолиб кетган.
Россия жума куни Украинага қарши уруш давридаги энг йирик ракета ҳужумларидан бирини уюштирди, ракеталар Харковга ҳам ёғдирилди .
Янги йил арафасидаги кенг кўламли ҳаво ҳужуми уруш бошланганидан деярли икки йил ўтиб Киевга Ғарбнинг келажакдаги ҳарбий ва молиявий ёрдами кўлами камайган ва кучини сақлаб қолиш борасида ноаниқлик кучайиб бораётган бир пайтда содир бўлди.
Ракеталардан бири Польшага ўтган
Жума куни Россия ракетаси НАТОга аъзо Польша ҳаво ҳудудига кирган бўлиши мумкин, деб айтди полшалик генерал. Эрта тонгда Россиянинг Украинага кучли ҳужуми вақтида номаълум ҳаво объекти кузатилгани хабар қилинган эди.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари матбуот котиби Юрий Иҳнат бу хабарни на инкор этди, на тасдиқлади, бироқ Польша ва Руминияда Россиянинг ўтган ҳаво ҳужумлари пайтидаги шунга ўхшаш ҳодисаларни қайд этди.
“Бу каби ҳодисалар биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Бир неча ой олдин ёки ёзда биз ҳатто Руминия ҳудудига кирган ракеталарни кўрдик. Ўтган йили Полша ҳудудида ҳам шундай бўлган эди. Демак, бу янги холат эмас. Бу шундай оммавий ҳужумлар натижасида содир бўлиши мумкин бўлган холат”.
Польша қуролли кучларининг оператив қўмондони генерал Макей Клиснинг айтишича, объект мамлакат ҳудуди устидан уч дақиқадан камроқ вақт ўтгандан сўнг, катта эҳтимол билан Полша ҳаво ҳудудини тарк этиб, Украина ҳудудига қайтган.
Россия бир кечада Украинага 158 та дрон ва ракеталар билан ҳужум қилиб, муҳим инфратузилма, саноат ва ҳарбий объектларни нишонга олди, дея хабар беради Украина ҳарбийлари.
100 дан ортиқ хусусий уйлар вайрон бўлган
Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида Россиянинг ҳаво ҳужумларида 100 дан ортиқ хусусий уйлар вайрон бўлган ёки зарар кўргани, 45 та кўп қаватли уй, мактаблар, иккита черков, шифохоналар, туғруқхона ҳамда кўплаб савдо ва омбор бинолари вайрон бўлганини айтди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши шошилинч равишда бош котиб ёрдамчиси Холид Хиари “даҳшатли” деб атаган ҳужумни муҳокама қилиш учун йиғилди.
“Афсуски, 2023 йил қандай бошланган бўлса шундайлигича, Украина халқига қарши ҳалокатли зўравонлик билан якунланмоқда”, деди Хиари.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Украина ва БМТга аъзо ўттиздан ортиқ давлатлар учрашув ўтказишни сўраганини айтди.
АҚШ президенти Жо Байден бу "Уруш бошланганидан бери Украинага қилинган энг йирик ҳаво ҳужуми" эканлигини айтди ва Россия бутун Украина бўйлаб шаҳарлар ва фуқаролик инфратузилмасига зарба бериш учун дрон ва ракеталардан, жумладан гипертовуш қобилиятига эга ракеталардан фойдаланганини айтди.
Байден Конгресс янги йилда шошилинч чоралар кўрмас экан, “биз Украина ўз халқини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қурол ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини юборишни давом эттира олмаймиз”, деди.
Айни пайтда Россия Украинани жанубдаги Белгород вилоятига АҚШда ишлаб чиқарилган учта “ҳаво-ер” ракеталарини отганликда айблади.
Россия Мудофаа вазирлиги “АҚШ томонидан ишлаб чиқарилган Украинанинг учта ҲАРМ ракетаси Белгород вилояти ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан йўқ қилинганини” маълум қилди.
29 декабр куни кечки пайт Белгород губернатори Россия зенит бирликлари яқинлашиб келаётган “бир нечта” ҳаво нишонларини уриб туширганини айтди.
“Дастлабки маълумотларга кўра, бир киши ҳалок бўлган ва бир киши жароҳат олган”, — деди губернатор Вячеслав Гладков Телеграмда.
Киев ва кўплаб Ғарб йетакчилари Россияни доимий равишда тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини нишонга олишда айблади ва Байден Россия президенти Владимир Путинни Украина бўйича қилган ҳаракатлари учун “ҳарбий жиноятчи” деб атади.
Оммавий ахборот воситалари аксини тасдиқловчи кўплаб далилларга қарамай, Россия тинч аҳолини нишонга олганини рад этади.
Камида 27 аёлни зўрлаганликда айбланган “тулунлик маньяк” Украина урушида ўлди
Камида 27 аёлни зўрлаганликда айбланиб 2021 йилда 24 йилга қамалган Тулун шаҳрининг 55 ёшли турғуни Павел Шувалов Украина урушида ҳалок бўлди. Бу ҳақда "Лента.ру" ҳуқуқ-тартибот органларига таянган ҳолда хабар берди.
Хабарда айтилишича, “тулунлик маньяк” деб аталган Шувалов май ойида Луганск вилолятида ўлган. Унинг жасадини жанг майдонидан олиб чиқиш имконияти бўлмаган. Шуваловнинг ўлими ортидан у қамоқда уч йилга яқин ўтирганидан сўнг апрель ойида Россия армиясига ёллангани, урушга жўнатилганидан 23 кун ўтиб ўлгани маълум бўлди.
Шувалов Иркутск вилоятида 40 минг аҳоли яшайдиган Тулун шаҳрида 1991 йилдан 2019 йилгача камида 27 аёлни зўрлаганликда ва улардан икки нафарини ўлдирганликда айбланган эди. Тулунда юз берган 2019 йилдаги сув тошқини оқибатида тергов йиққан далил-исботларнинг бир қисми йўқолгани боис судда фақат икки аёлнинг зўрланиши исботланган.
Россия Украина урушига маҳкумларни ёллаётгани ҳақида бундан аввал кўплаб хабарлар берилган. Урушга ёлланган маҳкумларга озодлик ваъда қилинмоқда. Бироқ урушдан қайтган собиқ маҳкумларнинг бир қисми яна қамоқхоналарга тушмоқда.
2023 йилнинг декабригача Россияда урушдан қайтган собиқ маҳкумларнинг 200 нафарига яқинига нисбатан яна жиноят ишлари очилган. Улардан 83 нафари ўғриликда, 23 нафари наркотик савдосида, 20 нафари қотилликда айбланмоқда.
Россия илк бор шартнома асосида хизмат ўтаётганлар сонини ошкор қилди
Россия Мудофаа вазирлиги Украинага тўлақонли босқин бошланган 2022 йил февралидан бери илк бор шартнома асосида армияда хизмат ўтаётганлар сонини ошкор қилди. Вазирликнинг билдиришича, ҳозирда 640 минг аскар шартнома асосида ёлланган. Бу ҳақда РБК вазирликнинг “Армия рақамларда– 2023” деб номланган ҳисоботига таяниб хабар берди.
Президент Владимир Путин 14 декабрь куни ўтказилган жонли мулоқотда Украина урушига 486 минг аскар шартнома асосида ёлланганини ва уларнинг сони ҳар куни 1,5 минг кишига кўпайиб бораётганини билдирган эди.
Путинга кўра, бугунги кунда армияга ёлланганларнинг 244 мингги фронтда жанг қилмоқда, Украинага киритилган Россия қўшини эса 617 минг аскардан иборат.
1 декабрда Путин Россия армияси харбий хизматчилари штат бирлигини 170 минг кишига кўпайтириш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Ҳужжатда қайд этилишича, бу билан Қуролли Кучларда хизмат қилаётганлар сони 2 миллион 209 минг 130 кишига етади, улардан 1 миллион 320 мингги Мудофаа вазирлиги хизматчиларидир.
Украина урушида ўлганларнинг исм-шарифлари қайд этилган рўйхатни тузиб келаётган Би-би-си рус хизматининг билдиришича, 2022 йил февралидан то шу кунгача Украинада камида 80 минг рус аскари ҳалок бўлган ва таҳминан 200 мингги оғир яраланган ва улар хизмат ўташдан озод қилинган.