Беш мингдан ортиқ россиялик ҳарбий хизматдан қочган
Бир йил давомида Россия судларига ҳарбийларнинг хизматдан қочишига доир 5 мингдан ортиқ иш келиб тушган
Тугаётган йилда Россия судларига ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан тарк этишга оид 5 мингдан зиёд иш келиб тушган. Бу ҳақда “Медиазона” хабар қилмоқда.
Журналистлар 29 декабр санасигача бўлган суд маълумотларини таҳлил қилиб чиқишган.
Аниқланишича, ушбу моддага доир жами 5024 та ишдан мутлақ кўпчилиги, яъни 5006 таси – 2022 йил сентябрда сафарбарлик бошланиб, жиноий жавобгарлик кучайтирилганидан сўнг хизматдан қочган ҳарбийларга тааллуқли.
Унга нисбатан оғирроқ бўлган “дезертирлик” моддасига доир 148 та иш судларга оширилган. 2023 йилда судга келиб тушган яна 421 та иш “буйруқни бажаришдан бўйин товлаш” билан боғлиқ.
“Медиазона” таҳлилчилари ҳарбий хизматдан қочишга доир ишлар сонининг бу қадар кўпайиши тарихий рекорд эканини урғулашмоқда.
Россия Украинага бостириб кирган 2022 йилда судларга айни мазмундаги жами 1001 та иш келиб тушганди, 2021 йилда эса улар сони атиги 615 та бўлган.
Журналистларга кўра, ҳарбийларни яна фронтга жўнатиш учун суд аксар ҳолларда бунақа жиноятлар учун уларга шартли жазо қўлламоқда.
БМТ тинч аҳолига берилган зарбаларни муҳокама қилди
БМТ Хавфсизлик Кенгашида Украина ва Россия сўнгги зарбалари оқибатида тинч аҳоли ҳалок бўлгани муҳокама қилинди.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг куни кеча бўлиб ўтган йиғилишида Россия ва Украинанинг сўнгги зарбалари ва уларнинг тинч аҳолига етказган зарари муҳокама мавзуси бўлди.
Холид Ҳиари БМТ бош котибининг Яқин Шарқ, Осиё ва Тинч океани бўйича ёрдамчиси
«Кеча Россиянинг Украинага уюштирган ва 39 нафар тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлган йирик ҳужуми зиддиятни янада авж олдирди. Россия расмийлари бунга Украинанинг Белгород шаҳрига ракета зарбалари бериши ва камида 18 нафар тинч аҳоли, жумладан, икки бола ҳалок бўлганига жавоб эканини айтди. Маҳаллий ҳокимият идораси ва Белгород тиббиёт коллежи биносига шикаст етган. Бу ҳужум Украинада уруш бошланганидан кейин БМТ Низоми ва Халқаро қоидаларни бузган ҳолда Россия ҳудудига амалга оширилган энг ҳалокатли трансчегаравий ҳужум бўлди».
Йиғилишда Россиянинг БМТдаги доимий вакили Украинанинг Белгород вилояти марказига берган зарбаларида ўнлаб тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва 100 дан ортиқ одам яралангани ҳақида гапирди.
Украина Белгородга жавоб зарбаси берди
30 декабр, шанба куни Белгород шаҳрига берилган ракета зарбаси натижасида ўлганлар сони 24 кишига етди. Бу ҳақда Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков маълум қилди.
Мулозимга кўра, 108 киши жароҳат олган, 37 та кўпхонадонли уй, 450 дан ортиқ квартира, бир нечта хусусий уй ҳамда 50 дан зиёд автомобил шикастланган.
Гладков айтишича, 25 киши оғир яраланган ва улар федерал шифохоналарга ётқизилади.
Зарба оқибатларини бартараф этишда икки минг киши, жумладан волонтёрлар иштирок этди, деб ёзган губернатор.
31 декабр тонггида Белгородда ҳаво тревогаси сигнали чалинди. Аҳолига панагоҳларга яшириниш зарурлиги айтилди.
Россиянинг бир қанча шаҳарларида Белгород билан ҳамдардлик нишонаси сифатида Янги йил мушакбозлиги бекор қилинди.
Москва сўровига кўра чақирилган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида БМТ бош котиби вакили Россия ва Украинанинг тинч аҳолиси устига зарбаларни номаъқул иш, деб атади.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Ғарб мамлакатларини “жиноятларга шериклик”да айблади.
Ғарб мамлакатлари вакиллари эса Россия Украинага қарши босқинчилик урушини бошламаганида Белгородда қурбонлар бўлмаслигини урғулаб, Россиянинг айбловларини рад этдилар.
Небензяга кўра, Россияга қарши таҳдидлар кўпайгани сари унинг жавоби шунча қатъий бўлади.
Украина ҳарбийлари Белгороддаги воқеалар бўйича изоҳ беришмади. “Украинская правда” нашрининг махсус хизматлардаги манбаси Украина армияси ҳарбий объектларни нишонга олганини, бироқ гўё Россия ҲҲМнинг нўноқлиги туфайли ракета бўлаклари шаҳар марказига тушганини айтган.
29 декабр куни Украина бутун уруш давридаги энг қаттиқ ҳужумга учради. Қарийб 40 нафар тинч аҳоли қурбон бўлди.
31 декабрга ўтар кечаси бутун Украина бўйлаб ҳаво тревогаси янгради. Харьков вилоятида Россия зарбалари натижасида уч киши нобуд бўлди.
30 декабр оқшомида бўлган ҳужумда эса қарийб 30 киши яраланган эди. 31 декабрда, дронлар билан навбатдаги ҳужум чоғида банк бўлими, турар-жой ва маъмурий биноларга шикаст етди.
АҚШнинг Урушни ўрганиш институти 30 декабрдаги хабарномасида 30 декабрга ўтар кечаси Украина кучлари Россиянинг Москва, Белгород, Тула, Твер ва Брянскдаги ҳарбий инфратузилмаси ва мудофаа саноати объектларига қарата 70 дан ортиқ дрон йўллаганини маълум қилган.
Таҳлилчилар фикрича, Украина ҚК, катта эҳтимол билан, аксар нишонларга зарба беришга муваффақ бўлган.
БМТ қайдларига кўра, Россия қўшинлари бостириб кирган 2022 йил февралдан бери Украинада салкам 10 минг нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Қурбонларнинг ҳақиқий сони кўплиги айтилади. Россия тинч аҳолиси орасидаги қурбонлар ўнлаб кишини ташкил қилади.
Зеленский: Ҳалок бўлганлар 39 кишига етди
Россиянинг охирги ҳужумида Украинанинг 120 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқлари бомбардимон қилинди. Бу ҳақида Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
Россиянинг Украинага қилган энг йирик ҳаво ҳужумида қурбон бўлганлар сони 39 кишига етди, деди Зеленский:
«Бугун кун бўйи Россия зарбалари оқибатлари ҳақида хабарлар келмоқда. Биргина Россиянинг кечаги ҳужумида жами 120 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқлар зарар кўрди, 39 киши ҳалок бўлди. Қурбонларнинг барча яқинларига ҳамдардлик билдираман. Жабрланганларга зарур ёрдамни кўрсатиш жуда муҳим. Бу борада ҳам ҳукумат, ҳам маҳаллий даражада ишлаш лозим».
Россия 29 декабрь куни Украина бўйлаб шаҳар ва аҳоли пунктларини 158 та ракета ва дронлар билан бомбардимон қилди.