Столтенберг: Путиннинг уруш амбицияларини баҳоламаслик хавфлидир
НАТО бош котиби Йенс Столтенбергга кўра, президент Владимир Путиннинг Украинадаги уруш бўйича амбицияларини етарлича баҳоламаслик хавфли бўлиши мумкин:
“Украина кучлари рус қўшинларига катта талофат етказди, бироқ айни пайтда биз Россия янги аскарларини – 200 мингга яқин аскарни сафарбар қилганини ва улар яна кўплаб йўқотиш ва азоб-уқубатларга бардош беришга тайёр эканликларини кўряпмиз. Улар кўпроқ ўқ-дори ва техника олиш учун астойдил ҳаракат қилмоқдалар, энг муҳими, биз президент Путин Украинадаги режалари ва мақсадларини ўзгартиргани белгисини кўрмаяпмиз. Демак, Россияни кам баҳолаш хавфли”.
Херсонга ҳужумда 20 яшар йигит ўлди
Бугун эрталаб Россия қўшинлари Херсон шаҳрини ўққа тутиши натижасида тўрт киши снаряд парчаларидан яраланди. Бир ярадорга шифокорлар воқеа жойида ёрдам кўрсатишди, уч нафари эса касалхонага ётқизилди – улардан бири, 20 ёшли йигит олган жароҳатлари оқибатида вафот этгани айтилмоқда.
Ғарб таҳлилчилари, хусусан, Урушни ўрганиш институти (ISW) экспертлари фикрича, Россия қўмондонлиги охирги пайтларда Бахмутга ҳужумни бироз сусайтириб, асосий кучни Соледар шаҳрига йўналтирган. Аммо бу фронтда ҳам илгарилаш мушкул кечаётир.
Урушнинг энг қайноқ нуқтаси деб баҳоланаётган Бахмут учун жангда ҳар икки томон жиддий талафот кўраётгани айтилмоқда. Рус қўшини салкам ярим йилдан буён шаҳарни эгаллашга уринмоқда.
Бахмутлик қизалоқлар "Қорбобо"дан совға олишди
10 ойдан бери уруш исканжасида яшаётган бахмутлик қизалоқлар Қорбободан совға олишди.
Қорбобо ролини “UA Future” инсонпарварлик ташкилоти вакиллари ўйнади.
“Биз совға бериш учун болаларни қидириб топишимизга тўғри келади. Кўриб турганингиздек, болалар уйларидан чиқишни хоҳлашмайди, чунки кўчага чиқишдан қўрқишади. Болалар кунларини кўчага чиқмасдан ўтказяпти", деди “UA Future” ташкилоти директори Пётр Касзувара.
Олександра 3 ёшда, Кристина эса 4 ёшда. Россия қўшини қизалоқлар яшаётган Бахмут шаҳрининг 60 фоиз қисмини вайрон қилган.
Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленкога кўра, кеча шаҳарда рус армияси ўқидан икки аёл ҳалок бўлган.
Зеленский зирҳли танклар учун Францияга миннатдорлик билдирди
Украина президенти Владимир Зеленский зирҳли танклар юбориш қарори учун Францияга миннатдорлик билдирди:
"Франция Европадан Украинага мудофаа ёрдамини янги босқичга олиб чиқди. Президент Макронга бу ёрдам учун миннатдорлик билдираман. Бизга ҳали кўп зирҳли техникалар керак, жумладан Францияда ишлаб чиқарилган танклар ҳам. Бу қолган ҳамкорларимизга аниқ сигнал бўлади. Ғарб типидаги танклар ҳалигача Украинага нега етказиб берилмаётганига асосли сабаб йўқ. Бу украиналиклар учун хавфсизликни, европаликлар учун эса тинчликни таъминлашда жуда муҳим аҳамиятга эга”.
Таҳлилчилар Францияда ишлаб чиқарилган бу танклар Украинага юбориладиган илк Ғарб зирҳли техникаси эканини таъкидламоқда. Чунки ҳозирга қадар НАТО мамлакатлари Украинага Совет Иттифоқи даврида ишлаб чиқарилган зирҳли машина ва танкларни етказиб берган эди.