Эрдўғон Путинни урушни тўхтатишга чақирди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россия президенти билан телефон орқали мулоқотида Россиянинг сулҳга чақирувлари “ҳарбий ҳаракатларни бир томонлама тўхтатиш ва келишмовчиликни одилона ҳал қилиш” билан мустаҳкамланиши лозимлигини айтди, дея хабар қилмоқда “Анадўлу” агентлиги Туркия президенти маъмуриятига таянган ҳолда.
Кремлнинг ушбу сўзлашувга доир хабарномасида Эрдўғоннинг даъвати ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Хабарнома матнида Владимир Путин “Россиянинг Киев ҳукумати маълум ва бир неча бор эълон қилинган талабларни бажариши ҳамда янги ҳудудий воқеликни ҳисобга олиши шарти билан жиддий мулоқотга ҳозирлигини яна бир карра тасдиқлаган”лиги хусусида сўз боради.
Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия Владимир Зеленский ва Жо Байден Вашингтонда муҳокама қилган “тинчлик формуласи” бўйича ҳеч бир музокараларда иштирок этмаслигини айтган эди.
Туркия лидери Россиянинг Украинага босқини оқибатларини бартараф этишда фаол иштирок этишга уриниб келмоқда. Хусусан, Украина ғалласини Қора денгиз портларидан экспорт қилиш бўйича битим Туркия воситачилигида тузилган ва сўнгра узайтирилган эди. Шунингдек, икки ўртадаги энг шов-шувли асирлар алмашуви ҳам Эрдўған шафелигида амалга ошди – ўшанда Россия тутқунликдаги “Азов” батальони командирларини Путиннинг яқин кишиларидан бири ўлароқ танилган украиналик собиқ сиёсатчи Виктор Медведчукка айирбошлаган эди.
Пригожин: Уруш учун "Вагнер"га ёлланган маҳкумларнинг судланганлиги бекор қилинди
“Вагнер” ҳарбий ширкати эгаси, Владимир Путинга яқинлиги билан танилган россиялик тадбиркор Евгений Пригожин Украина билан урушга ёлланган ва шартнома бўйича олти ой хизматни якунлаган маҳкумларнинг биринчи гуруҳи афв этилганини билдирди. Гап тахминан 20 киши ҳақида бормоқда.
Пригожинга кўра, уларнинг судланганлиги бекор қилинган. Ҳуқуқ фаоллари эса бунақа маҳкумларни афв этишнинг юридик механизмлари мавжуд эмаслигини айтишади.
Пригожин собиқ маҳкумларни кузатар экан, уларга шундай насиҳат қилди:
“Бўкиб ичманглар, қорадори истеъмол қилманглар, аёлларни зўрламанглар”.
Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни, жумладан қотиллик, талончилик ва жинсий тажовуз сингари оғир ва ўта оғир жиноятлари учун судланганларни Украина билан урушга жўнатиш бир неча ойдан бери давом этмоқда. Уларни ёллаш билан Евгений Пригожин шахсан шуғулланаётгани ҳам маълум. У Россия қамоқхоналарини айланиб, маҳкумларни Украинага урушга боришга тарғиб этади. Мазкур ҳолат, айниқса урушга боришга розилик берган маҳкумларга, улар ярим йиллик хизматдан сўнг тирик қолган тақдирда афв ваъда қилиниши ҳуқуқбонларда кўплаб саволлар туғдирмоқда.
21 декабрда “Вагнер”гуруҳининг Луганскдаги ҳарбий лагеридан қочиб кетган уч нафар Ўзбекистон ватандоши тақдири ҳануз номаълум. Улар ҳам Россия қамоғида сақланаётган пайти “Вагнер” томонидан Украина урушида қатнашиш учун ёлланган бўлишган. Уларнинг қамалиш сабаблари маълум эмас.
Россия Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, “Вагнер” ширкати лагеридан уч ўзбекистонликдан ташқари яна уч маҳкум қочган. Улар Қирғизистон, Беларусь ва Россия ватандошларидир. Ҳозирда бу олти кишига нисбатан қидирув эълон қилинган.
Россия Украинада кетма-кет муваффақиятсизликка учрагач, вагнерчилар ва қодировчиларга таянишга мажбур қолмоқда.
Путин урушни 1,5 кунга тўхтатишга топшириқ берди
Россия президенти Владимир Путин Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларни 1,5 кунга тўхтатиб туришга қарор қилган.
Бу ҳақда хабар қилган Кремль расмийларига кўра, Путин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгуга 6 январь соат 12дан 7 январь соат 24гача Украина ҳудудида ўт очишни тўхтатиш борасида топшириқ берган.
Путиннинг бу қарори Рождество байрами билан боғланмоқда. Кремль Украина томонини ҳам Рождество муносабати билан вақтинча ўт очишни тўхтатиб туришга чақирган.
Украина томони ҳозирча бу таклифга бирор муносабат билдирганича йўқ. Бу 5 январь куни Киев вақти билан соат 18гача олинган маълумот. Тафсилотлар Озодликнинг тармоқлардаги саҳифалари орқали янгилаб борилади.
Киев Путиннинг "оташкесим" таклифини рад этди
Украина президенти Владимир Зеленский Путиннинг Рождество муносабати билан ўт очишни тўхтатиб туриш чақириғини “фитна” деб атади.
Зеленский Россия бу билан Украина қўшинларининг Донбасдаги юришини “ҳеч бўлмаганда маълум муддатга” тўхтатиш ва куч тўплаб олишда фойдаланмоқчи эканлигини таъкидлади.
Киев раҳбари ўз мурожаатида Россия тинчлик бўйича таклифларини, жумладан, қўшинларини Украинадан олиб чиқиб кетиш таклифларини доим рад этганини эслади.
"Террорни давом эттираётган, аҳолини қирғин қилиш учун армиясини ташлаган Путин агрессияни тўхтатиш бўйича таклифларимизни рад этган. Инсон ҳаётини сариқ чақага олмайдиган кимса энди Рождество байрамидан фойдаланишни хоҳлаяпти. Мақсади жангчи ўғлонларимизнинг Донбасдаги юришларини тўхтатиш, жиҳозлар, ўқ-дорилар ва сафарбар қилинган қўшинларни бизнинг позицияларимизга яқинлаштириш учун қисқа бўлса-да, фурсат яратиш", - деди Зеленский.
Украина президент девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Путиннинг Рождество муносабати билан оташкесим эълон қилиш таклифини “иккиюзламачилик” деб атади.
“Биринчидан, Украина Россия каби бировнинг ерини босиб олгани йўқ ва Россия каби оддий фуқароларни ўлдирмаяпти. Украина ўз ҳудудига келган босқинчи армия вакилларини ўлдирмоқда.
Иккинчидан, Россия босиб олган ҳудудларни тарк этишни бошласа, ана шу «вақтинча келишув»нинг бошланиши бўлади. Иккиюзламачилигингиз ўзингизга сийлов”, деб ёзди Подоляк ўзининг Тwitter саҳифасида.