Украина православ патриархи Киевдаги Лавра мажмуасида Рождество маросимини ўтказди
Украина православ черкови патриархи Эпифаний I 7 январь куни тарихий Киев черковида Рождество маросимини ўтказди.
Эпифаний I йиғилганларни Россия ҳарбийларининг Украинада содир этган ҳарбий жиноятларни қоралашга чақирди ва Украина урушда ғалаба қозонишини тилаб дуо қилди:
"Бизга қайғу-ҳасрат келтирган душманни мағлуб этишимизда, Украина ерларидан чет эл босқинчиларини қувиб чиқаришда ўзинг қўлла. Ҳақиқат ғалаба қилиб, Яратган адолат ва тинчликни қайтарсин."
Илгари Москва Патриархияси сифатида маълум бўлган Украина православ черкови ижара шартнома муддати тугагани сабабли Успенский черковидан кўчишга мажбур бўлган.
Путин эълон қилган “Рождество сулҳи” чоғида ва ундан сўнг Украина шаҳарлари 40 дан ортиқ марта ўққа тутилди
8 январга ўтар кечаси Россия қўшинлари Харьков вилоятининг Мерефа шаҳрини ўққа тутди, 50 ёшли турғун ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов маълум қилди.
Запорожье вилояти ҳарбий маъмурияти раиси Александр Старух эса Орехов шаҳрига гуманитар ёрдам олиб келган БМТ миссияси ўққа тутилганини билдирди.
Ўз навбатида, Запорожье шаҳар кенгаши котиби Анатолий Куртев шаҳарнинг чекка даҳалари артиллерия зарбаларига учраганини айтди. Жабрланганлар тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.
Донбасс вилояти маъмуриятига кўра, Россия армияси Краматорскка еттита ва Константиновкага иккита ракета отган. Инфратузилма объектларига зарар етган, аҳоли орасида жабрланганлар бор-йўқлиги ҳозирча очиқланмаган.
Қатор ОАВлар Херсонда ҳам бир неча портлаш содир бўлганини хабар қилди.
Украина Қуролли кучлари қайдича, Россия ўзи оташкесим эълон қилганига қарамай, ўтган суткада Украина ҳудудларини реактив ўт очиш қуролларидан 40 марта ўққа тутган, шунингдек уча авиазарба ва тўққизта ракета зарбалари йўллаган.
The Insider: Путин қуролли талончилик учун судланиб, етти йилга қамалган “вагнерчи”ни мукофотлади
“Вагнер ХҲШ” таркибида Украинага қарши урушга жўнаган ва 31 декабр куни Россия президенти қўлидан “Жасорат учун” медалини олган собиқ маҳкум аввалроқ қуролли босқинчилик учун 7 йилу 3 ойга қамалган жиноятчи бўлиб чиқди – буни The Insider нашри аниқлаштирган.
Умумий юрисдикциядаги Иккинчи кассация судининг 2022 йил 18 январдаги қарорида кўрсатилишича, Айк Арсенович Гаспарян “ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида бир гуруҳ шахслар билан ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатган ва қурол қўллаган ҳолда босқинчилик жиноятини содир этганликда айбдор деб топилган”.
Гаспарян Путиндан мукофот олар экан “Россияга ва “Вагнер ХҲШ”га хизмат қиламан”, деган.
Давлат ОАВларига кўра, ҳарбий хизматчилар ва генералларни тақдирлаш маросими 31 декабрь куни Ростов-Дон шаҳрида – Жанубий ҳарбий округ штабида бўлиб ўтган, Путиннинг Янги йил табриги ҳам ўша ерда суратга олингани айтилмоқда.
5 январь куни “Вагнер ХҲШ” эгаси Евгений Пригожин Украинага қарши урушга ёлланган россиялик маҳкумларнинг биринчи гуруҳи афв этилганини маълум қилди.
Журналистлар Пригожиннинг гўёки афв этилган “вагнерчилар” билан учрашувидан олинган кадрлардан бир неча жиноятчини, жумладан қотиллик ва ўғирлик учун бир неча марта судланган Анатолий Сальмин, 17 йилга қамалган қорадорифуруш Дмитрий Каравайчик ҳамда пул учун ўз бувисини ўлдирган Дмитрий Карягинларни таниб олишди.
“Рус сидяшчая” фонди раҳбари Ольга Романовага кўра, урушга ёлланган россиялик маҳкумларнинг умумий сони бир неча ўн минг кишини ташкил қилади. Октябрда у Пригожин Россия қамоқхоналаридан 20 мингдан зиёд маҳкум урушга олинганини айтган.
Россия 15 январда қўшимча сафарбарлик эълон қилиши мумкин
Украина Мудофаа вазирлигининг Разведка бош бошқармаси (РББ) вакили Андрей Черняка шундай башорат қилмоқда. Унинг изоҳини 7 январь куни РББ матбуот хизмати эълон қилди.
“Террорчи мамлакатнинг қуролли кучлари ярим миллион нафаргача россияликни сафарбар қилмоқчи. Тегишли фармон лойиҳаси аллақачон тайёрлаб қўйилган, унга кўра, сафарбарлик Россиянинг Москва, Санкт-Петербург ва бошқа йирик шаҳарларида ўтказилади”, дейилади РББ хабарномасида.
Янги йил байрамидан бир неча кун олдин Украина раҳбарияти Россияда сафарбарликнинг янги босқичи Янги йил ва Рождество байрами кунлари бошланиши мумкинлигини айтган эди.
Хусусан, Украина мудофаа вазири Алексей Резников россияликларга мурожаатида Россия ва Беларусь Янги йил байрамидан бир ҳафта ўтиб ўз чегараларини ёпажагини, Россияда Украинага қарши урушга аскар олиш учун янги сафарбарлик тўлқини бошланажагини ва у йирик шаҳарларни қамраб олажагини айтган.
5 январь куни эса Украина ҚК Бош штаби ҳам Россия сафарбарликнинг янги тўлқинига ҳозирлик кўраётганини билдирган.