Харковга ҳужум
Харков вилояти полицияси, вилоятдаги савдо марказига ракеталар келиб тушгани акс этган видеоларни эълон қилди.
Россия армияси Харьков вилояти Шевченково кентидаги бозорга ракета зарбаси бериши натижасида 60 ёшли аёл ҳалок бўлди, дея маълум қилди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов.
Шунингдек, у 13 яшар қича дохил етти киши жабрланганини билдирган. Жабрланганлар касалхонага ётқизилиб, тиббий ёрдам олишмоқда.
Синегубовга кўра, Россия қўшинлари С-300 ракета тизими билан ҳужум қилган. Воқеа жойида қутқарув хизматлари иш олиб бормоқда.
Украина президенти офиси раҳбарининг ўринбосари Кирилл Тимошенко ўз телеграм-каналида “Бу бизнинг одамларимизга қарши навбатдаги террор. Бу суратларга кўз ёшларсиз қараб бўлмайди”, деб ёзди.
8 январь куни Украина Харьков, Запорожье ва Донецк вилоятлари ўққа тутилганини маъум қилган эди. Хусусан, Россия армияси Харьков вилоятининг Мереф шаҳрини ўққа тутиши натижасида 50 ёшли турғун ҳалок бўлган.
Зеленский: Москва «ҳарбий сукунат»ни бузди
Украина ҳукумати армия, Бахмут ва бошқа шаҳарларда Россиянинг мунтазам ҳужумларини қайтараётгани ҳақида баёнот бермоқда.
Украина кучлари 14 та аҳоли пункти, шу жумладан Бахмутга қилинган ҳужумларни қайтарди, дея қўшимча қилди Украина қуролли кучлари Бош штаби.
Ҳозирча жанг майдонидаги маълумотларни мустақил равишда тезкор текшириш имконсиз қолмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский оқшомги видеомурожаатида Украина кучлари Бахмут шаҳрига бўлаётган ҳужумларни қайтараётгани ва Соледарда вазият “жуда оғир” бўлишига қарамай, армия ўз позицияларини ушлаб турганини маълум қилди.
"Қийинчиликларга қарамай, Бахмутни ушлаб турибмиз. Гарчи шаҳарнинг катта қисми Россия зарбалари натижасида вайрон бўлган бўлса-да, бизнинг аскарларимиз Россиянинг мунтазам ҳужумларини қайтармоқда", деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида:
“Дунё Россиянинг фронтдаги вазият борасидаги яна бир ёлғон баёнотига шоҳид бўлди. Руслар Рождестводан кейин дарҳол Херсонни ёнувчи снарядлар билан ўққа тутди. Краматорск ва Донбаснинг бошқа шаҳарларидаги тинч аҳоли нишонларига қилинган ҳужумлар Москва "ҳарбий сукунат" ҳақида эълон қилган пайтда содир бўлди. Россия расмийлари гўёки қанақадир "сулҳ" ҳақида гапириб туриб, Европа ва бутун дунёга янгидан таҳдид қилмоқда. Россиянинг дипломатия ва сиёсатни манипуляция қилишга уринишлари бундан кейин ҳеч қандай самара бермайди”.
Макеевкадаги рус ҳарбий базасига ҳужум учун олинган "қасос"
Украинанинг Краматорск шаҳрига берилган ракета зарбаси баъзи биноларга зарар етди, аммо ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумотлар йўқ, деди Рейтерс суҳбатлашган гувоҳлардан бири.
Россия ҳужумда 600 нафар украиналик аскар ҳалок бўлганини даъво қилиб, бу билан Макеевкадаги рус ҳарбий базасига ҳужумга жавобан “ўч олганини” даъво қилмоқда. Бироқ, Украина томони бундай талофат кўрганини тан олмаётир.
Рейтерс мухбирлари Россия Мудофаа вазирлиги тунги зарбалар вақтида украиналик ҳарбий хизматчилар бўлганини айтган иккита ётоқхонага борди.
Ётоқхоналарда бевосита ракета зарбаси белгилари кўринмади. У ерда аскарлар яшаганлигини кўрсатувчи на жасадлар ва на қон излари йўқ.
Доимгидек бирин-кетин портлашлар содир бўлди. Зарба тўлқинидан деразалар ларзага келди, айтарли бошқа нарса йўқ, дейди маҳаллий аҳоли вакили.
Агар Кремлнинг даъвоси ўз исботини топса, бу Россия босқинидан бери Украина қўшинларининг энг катта йўқотиши бўлади. Ўн бир ойлик уруш давомида ҳеч бир томон ўз йўқотишлари ҳақида аниқ маълумот бермади.
ISW: “Вагнер ХҲШ” Бахмут атрофидаги табиий бойликни қўлга киритишга уринаётган бўлиши мумкин
АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) янги ҳисоботида Россия Мудофаа вазирлигининг Макеевкадаги воқеа учун Краматорскда “интиқом операцияси” ўтказилгани ҳақидаги иддаолари россиялик қатор блогерларнинг норозилигига сабаб бўлганига эътибор қаратмоқда.
Ҳисоботда хусусан, улар Макеевкадаги талафотлар айбдорларини жавобгарликка тортиш ўрнига гўё Украина ҚКга зарба берилгани ҳақида “чўпчак тўқигани” учун вазирликни қаттиқ танқид қилишгани тўғрисида ёзилган.
Шунингдек, ISW экспертларига кўра, “Вагнер ХҲШ” эгаси Евгений Пригожин Украинанинг Бахмут атрофидаги табиий бойликларини қўлга киритишга уринаётган бўлиши мумкин, шу боис ҳам унинг жангчилари мазкур ҳудудларни босиб олиш ҳаракатларида иштирок этишмоқда.
5 январь куни Оқ уйнинг исмини сир тутган вакили Пригожин Бахмут ҳудудидаги туз ва гипс конларини ўз назоратига олиб, бойлик орттириш илинжида эканини айтган эди.