АҚШ Украинага Stryker жанговар машиналарини бериш имконини кўриб чиқмоқда
АҚШ навбатдаги ҳарбий ёрдам пакети доирасида Украинага Stryker русумли пиёдалар жанговар машиналарини бериш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Politico нашри ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилди.
Газета маълумотига кўра, АҚШ маъмурияти Киевга бериладиган қуролларнинг янги партияси ҳақида келаси ҳафта охирида – Украинани мудофаа қилиш бўйича мулоқот гуруҳининг Германияда бўлиб ўтадиган галдаги учрашуви чоғида эълон қилиши мумкин.
Politico манбалари якуний қарор ҳали қабул қилинмагани ва Оқ уй ушбу ҳарбий машиналарни кейинги ёрдам пакети билан Украинага жўнатиши мумкинлигини таъкидлаган.
Ўтган ҳафта, Вашингтон Киевга 50 та Bradley жанговар машиналарини етказиб беришини эълон қилган эди. Politico нашрининг қайд этишича, Stryker Bradley каби бақувват машина бўлмаса-да, шовқинсиз юриши ва кўпроқ аскар таший олиши билан ажралиб туради.
The Wall Street Journal газетаси эса дронларга қарши курашишга мўлжалланган Vampire ракета тизимларидан дастлабки тўрттаси – 2023 йил ўрталарида, қолган ўнтаси эса йил охирига қадар Украинага етказиб берилиши ҳақида ёзди. Пентагон дастлаб Vampire’ларни Киевга август ойида тақдим этмоқчи эди, бироқ ушбу қуролларга доир 40 миллион долларлик шартнома декабрнинг ўрталаридагина имзоланди.
“АҚШ берадиган Bradley жанговар машиналари, Франциянинг енгил танклари ҳамда Германия ваъда қилган Marder’лар асосан қарши ҳужумда фойдаланишга, аниқроғи янги марраларни эгаллашда пиёдаларга ёрдам беришга мўлжалланган. Бу қуролларнинг самарадорлигига ишонамиз, шу пайтгача Ғарбдан М-113 русумли БТРлар олдик – улар, чунончи, Херсон учун жангларда миналар портлашига чидамли эканини кўрсатди. Украинада Ғарб зирҳли техникаси учун таъмирлаш базаси аллақачон ташкил қилинган”, деб ҳисоблайди Олий Раданинг хавфсизлик, мудофаа ва разведка қўмитаси котиби Роман Костенко
Россия ҳарбий кемалари Норвегия денгизида машғулотлар ўтказди
Россиянинг гипертовушли ракеталар ўрнатилган ҳарбий кемаси Норвегия денгизида машғулотлар ўтказди. Бу ҳақида Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
“Совет Иттифоқи флоти адмирали Горшков” номли фрегат Норвегия денгизида ҳаво ҳужумидан мудофаа машғулотларини ўтказди”, дейилади вазирликнинг ҳарбий машғулотлар видеоси илова қилинган расмий баёнотида.
Ўтган ҳафта президент Владимир Путин янги авлод гипертовушли қанотли ракеталар билан қуролланган фрегатни Атлантика океанига юборган эди. Бу эса ўз навбатида Ғарбда Россия Украинадаги “махсус ҳарбий операцияси”дан қайтмаслигининг белгиси сифатида кўрилди.
“Адмирал Горшков экипажи ҳаво ҳужумларини қайтариш машқларини ўтказди. Машғулотлардан кўзланган мақсад ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини, электрон огоҳлантириш ҳамда зенит ракета тизимлари ва жанг тактикаларини текшириш эди. Машғулотдан кўзланган натижаларга эришдик. Кема турли баландлик ва йўналишларда ҳаво ҳужумларини қайтаришга тайёр”, деди Павел Конов, кема экипажи аъзоси.
Владимир Путин аввалроқ янги “” гипертовушли ракеталари Россияни ҳар қандай ташқи таҳдидлардан ҳимоя қила олишига ишонишини айтган эди.
Қитъалараро баллистик ракеталарга қараганда гипертовушли ракеталарни нишонга олиш анча қийин, боиси бундай ракеталар маневр қилиш хусусияти эга.
АҚШ Конгрессининг тадқиқот маркази берган маълумотларга кўра, Россия, Қўшма Штатлар ва Хитойдан ташқари бир қатор бошқа давлатлар жумладан Австралия, Франция, Германия, Жанубий Корея, Шимолий Корея ва Япония гипертовушли қуролларни ишлаб чиқармоқда.
ЕИ ва НАТО раҳбарлари Брюсселда учрашди
НАТО ва Европа Иттифоқи етакчилари ЕИ ва НАТО ҳамкорлиги тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолаш учун Брюсселда учрашди.
Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляен ва Европа Кенгаши раҳбари Шарл Мишел йиғилишдан сўнг НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан қўшма матбуот анжумани ўтказди.
“Украинадаги уруш бошланганидан бери бир нарсани айтиб келяпман, Украина ўз ҳудудини ҳимоя қилиши учун зарур бўлган барча ҳарбий ёрдамни олиши керак. Гап албатта илғор ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқа ҳарбий техникалар ҳақида бормоқда. Бу ёрдам нафақат Украинани ҳимоя қилиш учун балки, БМТнинг қабул қилинган асосий нормалари бўлмиш ташкилот бош низоми ва халқаро ҳуқуқ тамойилларини ҳимоя қилиш учун ҳам керак”, деди Урсула фон дер Ляен, Еврокомиссия раҳбари.
Зеленский: Рус қўшинларининг Украинадаги ҳар бир куни ўлим, жароҳат, азоб келтирмоқда
Украина қўшинларининг Донбасс шарқида мудофаани ушлаб туриш, вақтдан ютишга имкон бермоқда, деди президент Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида:
“Херсон ва Очакив шаҳарларига, Донецк вилояти ва Харков вилоятига ҳужумлар, чегарадаги Суми вилояти аҳолисига қарши қилинаётган террор... Босиб олинган ҳудудлар аҳолисига қарши қилинаётган террор... Рус қўшинларининг Украинадаги ҳар бир куни одамларга ўлим, жароҳат, оғриқ ва азоб олиб келмоқда. Бутун дунё бундан яхши хабардор. Украина мамлакатдан рус террорчиларини чиқариб юбориш ва халқимизни Россиянинг ҳар қандай босқинчилик режаларидан ишончли ҳимоя қилиш учун керак бўлган барча нарсани олиши керак ".
Зеленский вақт ва кучдан ютдик деганда айнан нимани назарда тутганига тўхталмади. Украина расмийлари Россия яқин ойларда йирик ҳужумни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирган.
Айни пайтда, АҚШ Украинага ёрдам беришни тўхтатса, Европада экстремизмнинг тарқалиши хавфи юзага келади, дея хавотир билдирди АҚШ Конгресси сенатори Ангус Кинг.
Кинг, АҚШнинг Украинага ёрдами ҳал қилувчи эганини таъкидларкан, Америка, Владимир Путин ҳокимиятдан кетгунга қадар Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши керак деди.
Украинани қўллаб-қувватлашда давом этмаслик, Ғарб давлатларининг 1930 йилларда Германия фашизми ривожига йўл қўйиб бергани каби катта бир хатонинг такрорланиши бўлади, деди сенатор.
Кремль эса, 10 январь кунги баёнотида, Украина ва Ғарбнинг қатор лидерларини “уятсизлик”да муносабатда айблади.
"Киев ва қатор Ғарб етакчиларининг уятсизларча муносабатига дуч келдик”, деди Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков.
Айни пайтда Россия Украинани сулҳ шартини бузиш, Украина эса Россияни сулҳ пайтида тинч аҳолини ўққа тутишда айбламоқда.
Озодлик уруш шароитида томонлар берган баёнотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.