Украина ҚК: Армия “Вагнер” гуруҳи ҳужумларини қайтармоқда
Украина армияси, “Вагнер” ёлланма гуруҳининг Бахмут ва бошқа шаҳарларга доимий ҳужумларини қайтармоқда, деб баёнот берди Украина Қуролли кучлари раҳбарияти.
Жумладан, Харковдаги бозор ҳудудига келиб тушган ракетадан сўнг катта ўра ҳосил бўлди, қутқарувчилар вайроналарни кўздан кечирмоқда.
Ўтган ҳафталар бироз тинчроқ эди, дейди маҳаллий турғунлардан бири.Расмийларга кўра, икки аёл ўлган, 10 ёшли ўсмир қиз яраланган.
Фронт чизиғидаги Северск шаҳрида хизмат қилаётган украиналик ҳарбийлар совуқ ҳаво ҳарорати ва қор Россия қўшинларининг ҳаракатларини кузатишда қўл келаётганини айтади.
"Ҳозирги об-ҳаво шароитида душман ҳеч қандай ҳужум ҳаракатларини амалга ошира олмайди. Улар фронт чизиғидаги ҳаракатларини яширишга ҳаракат қилмоқда. Биз эса уларни нишонга олиш учун ҳаводан туриб уларни доимий кузатиб боряпмиз".
Ўтган якшанба куни Владимир Зеленский Россия Рождество байрами учун ўзи таклиф қилган сулҳга ўзи риоя қилмади, деган эди. Украина томони, Россия таклиф қилган сулҳни рус қўшинлари нафас ростлаб олиши учун ўйлаб топилган найранг, дея рад этган.
Россия Краматорскка берилган ракета зарбаси оқибатида 600 нафар украиналик аскар ўлди, деган. Аммо воқеа жойини кўздан кечирган Рейтерс мухбирлари, бунчалик инсоний талофат изларини топмаганини хабар қилди.
Соледар даҳшатли жанглар марказига айланди
Сўнгги тўрт кун ичида рус қўшинлари у ерда тактик ютуқларга эришаётгани айтилмоқда. Украина Қуролли кучлари бош штабининг билдиришича, Россия ҳарбийлари Бахмут, Авдиивка ва Лиман йўналишида ҳужум қилмоқда.
Айни пайтида, Украина ҳарбийлари, ўтган тунда Россия позициялари ва зенит-ракета тизимларига зарба бергани ҳақида баёнот тарқатди.
Британия разведкаси, Россия “Бахмут шаҳрини шимолдан тўсиб қўйиш” ва Украинани таъминот линияларидан узиб қўйиш учун Солeдарни эгаллашга зўр бераётганини билдирди.
Британия разведкаси ўз ҳисоботида шунингдек, Россия ҳарбийлари Вагнер гуруҳи билан биргаликда сўнгги тўрт кун ичида Солeдар йўналишида "тактик ютуқларга эришаётгани" ҳақида билдирди.
Разведка маълумотларида келтирилишича, иккала томон ҳам ўз ҳужумларида Соледар конидаги эски 200 километрлик ерости туннелларидан фойдаланиши мумкин.
Украина томони аввалроқ Россия Бахмутни эгаллай олмаганидан сўнг, қўшинларини Соледарга йўналтирган, деб баёнот берганди. Донецк вилояти губернатори Павло Кириленко Соледар Украина қўшинлари назоратида, Россия қўшинлари шаҳарни эгаллагани ҳақидаги хабарлар “ёлғон”, деган.
Россия қўшинлари Солeдар шаҳрини эгаллашга интилмоқда
Рейтерс агентлиги эълон қилган видеода танклар ва пиёда аскарларнинг ўт очаётгани акс этган.
Украина давлат чегара хизматининг якшанба куни жойлаштирлган видеолавҳасида танкдан ўт очилаётганини кўриш мумкин.
Рейтерс агентлиги ҳудуд жойлашувини аниқлашга муваффақ бўлди. Бироқ агентлик видеолар санасини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Британия Мудофаа вазирлигининг Россия қўшинлари ва "Вагнер" гуруҳи сўнгги тўрт кун ичида эришилган ютуқлардан сўнг ҳозирда шаҳарнинг катта қисмини назоратга олганини маълум қилди.
Солeдарни қўлга киритилиши Россия учун Бахмут томон олға юришга имкон беради
Россия Соледар учун жанглардаги йўқотишларни тан олди
Россия Украина шарқидаги Соледар йўналишидаги ҳарбий амалиётларда муваффақиятга эришаётганини маълум қилиш билан бирга, катта талофатлар борлигини тан олди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бу ҳақидаги саволга: "Келинг шошмасдан, расмий баёнотларни кутайлик. Ижобий динамика бор", дея жавоб берди.
Украина томони аввалроқ украин кучлари Россия қўшинларига қаршилик кўрсатаётганини билдирган.
Соледар Бахмутдан етти километр шимоли-шарқда жойлашган.
Россия Соледар атрофида бир неча ойлардан бери Вагнер гуруҳи бошчилигида шиддатли жанглар олиб бормоқда.
Песков катта йўқотишлар борлигини тан олди.
"Тактик муваффақиятлар жангчиларимизнинг ажойиб қаҳрамонлиги ва ҳаёти эвазига келмоқда. Бу ўз ҳаёти ва жонини аямайдиган йигитларимиз билан фахрланиш учун яна бир сабабдир”, деди Песков.