Украина Россия Соледар устидан назоратни қўлга олганини рад этди
Украина ҳарбийлари Россия Соледар шаҳрини назорат остига олганини инкор этди ва кетаётган шиддатли жангларни Иккинчи жаҳон урушидаги жангларга қиёслади.
Украина шарқий ҳарбий қўмондонлиги матбуот котиби Сергей Череватийнинг Украина телевидениесига берган интервьюсида Украина кучлари Россия қўшинларини фронт чизиғида ушлаб турганини билдирди.
"Шаҳар Россия назорати остида эмас. Ҳозир шиддатли жанглар кетмоқда. Экранда кўрганингиз Украина қаҳрамони, актёр Дмитри Линартович. Душманга максимал таъсир кўрсатадиган ва бизга минимал йўқотишлар билан вазиятни барқарорлаштиришга имкон берадиган ҳарбий ечимлар устида ишлаяпмиз. Ҳозирги жангларни Иккинчи жаҳон урушидаги жангларга таққослаш мумкин", дейди Череватий.
Рейтерс Соледардаги вазиятни мустақил равишда текшира олмади.
Соледарнинг учдан икки қисмини Россия армияси назорат қилмоқда
Бу ҳақда “Настояшчее время” ёйинида “Айдар” батальони ветерани Евгений Дикий маълум қилди. У Соледарда жанг қилаётган собиқ жанговар ўртоқларидан сешанба куни кечқурун шу маълумотни олганини айтган.
Дикийга кўра, шаҳардаги ҳар бир бино учун, кўп қаватли уйларнинг ҳар бир йўлаги учун жанглар давом этмоқда.
“4 кун олдин вазият жуда оғир эди, шаҳарни ташлаб чиқиш керакдек, уни сақлаб қолишга на зарурат, на имконият қолмагандек туюларди. Бироқ сўнгги кунларда мудофаани давом эттиришга қарор берилди, шаҳарга янги захиралар ташланди, шу боис кўча жанглари чўзилиб кетди. Ҳозирча чекинишга буйруқ бўлгани йўқ. Катта эҳтимол билан, Бош штабнинг қарори ҳарбий эмас, балки сиёсий маънога эга. Соледар қулаши биз ўша куниёқ Бахмутни ҳам йўқотишимизни билдирмайди, аммо Бахмут мудофаачиларига қийин бўлиши турган гап”, деган Евгений Дикий.
Украина жаҳон етакчиларидан Россиянинг кучайиб бораётган тажовузига қарши кўпроқ ҳарбий ёрдам сўрамоқда
Ғарбнинг Украинани замонавий қурол-яроғ билан таъминлаши жуда муҳим. Россия навбатдаги йирик ҳужум учун куч тўпламоқда, деди Владимир Зеленский.
“Россия агрессиясини тўхтатиш ва террорчи давлатни мағлубиятга учратиш учун зарур бўлган ҳамма нарса эркин дунёда бор. Бу нафақат биз учун муҳим, балки глобал демократия, эркинликни қадрлайдиган барча учун муҳим. Айниқса, Россия янги ҳужумга ўтиш учун куч тўплаётганини ҳисобга олсак, бу янада долзарб" — деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида.
Украина президенти Владимир Зеленский шунингдек, Олтин глобус мукофотини топшириш маросимида сўзлаган онлайн нутқида Украина Россия босқинини тўхтатишини, бироқ олдинда ҳали жанглар борлигини таъкидлади.
Актёр Шон Пенн Зеленскийни “жаҳон даражасидаги шахс” сифатида таништирар экан, Зеленскийнинг жасорати кино ёзувчилар ва режиссёрларини илҳомлантиришини қўшимча қилди.
Зеленский эркинлик ва демократия учун курашда Украинани қўллаб-қувватлаётганларга миннатдорлик билдирди.
“Биринчи жаҳон уруши миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди, иккинчи жаҳон урушида эса ўн миллионлаб одамлар қурбон бўлди. Учинчи жаҳон уруши бўлмайди. Украина Россиянинг тажовузини тўхтатади, биз буни бутун эркин дунё билан биргаликда амалга оширамиз. Умид қиламанки, барчангиз ғалаба қозонган пайтимизда ҳам биз билан бўласиз. Яшасин Украина!”, деди Зеленский.
Ғарб давлатларининг ҳарбий ва молиявий кўмаги билан Украина босиб олинган ҳудудининг бир қисмини Россиядан қайтариб олди. Бироқ ҳозирда Украинанинг шарқи ва жанубида жанглар давом этмоқда.
Туркияда Украина, Россия ва Туркия вакиллари гуманитар масалалар юзасидан учрашуви бўлиб ўтмоқда
Россия, Туркия ва Украинанинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари шу ҳафта Анқарада гуманитар коридор яратишни муҳокама қилиш учун уч томонлама учрашув ўтказяпти. Бу ҳақида Рейтерс хабар берди.
Биринчи учрашув 40 минут давом этди. Томонлар 40 нафар ҳарбий асирни алмаштириш ҳақида келишганини маълум қилди.
Музокаралар давомида томонлар болалар ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари ва маҳбуслар алмашинуви бўйича йўл харитасини ҳам ишлаб чиқиши кўзда тутилган.
Туркия омбудсмани Сереф Малкоч, Туркия Россия ва Украина ўртасида имкон қадар тезроқ ўт очиш тўхтатилиши йўлида ҳаракат қилаётганини, бироқ баъзилар зиддият давом этишини истаётганини таъкидлади.