Зеленский: Соледар учун жанглар давом этмоқда
Украина президенти Владимир Зеленский жума оқшомидаги видеомурожаатида Украина кучлари Соледар ва Украина шарқидаги бошқа шаҳарларда рус қўшинлари билан жанг қилишда давом этаётганини айтди.
"324 кунлик кенг кўламли уруш давом этмоқда. Кимгадир қандайдир тактик олға силжиш керак бўлиб қолгандир. Бу душманнинг муваффақиятсизликка учраганидан далолатдир аслида", - деди Зеленский.
Россия жума куни ўз кучлари Соледарда назорат ўрнатганини айтиб чиқди, бу бир неча ой давом этган жанглардан кейин Москва учун камдан-кам муваффақият бўлади, бироқ Киев ўз қўшинлари шаҳарда ҳали ҳам жанг олиб бораётганини айтмоқда.
Киев, Харьковга янги ракета ҳужумлари
Шанба куни эрталаб Россия Киев ва Украина шарқидаги Харьков шаҳридаги муҳим инфратузилма обеъктларига зарбалар берди.
Украинанинг бошқа вилоят губернатори яқин соатларда йирик ракета зарбаси берилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Шанба эрталаб қатор портлашлар Киевни ларзага солди. Расмийларга кўра, ҳеч ким жабрланмаган, бироқ ракета қолдиқлари ёнғинга сабаб бўлган ва пойтахт ташқарисидаги уйлар вайрон бўлган.
"Ҳеч қандай огоҳлантириш сигнали бўлмади ва биз ҳужумни кутмаган эдик", дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Олег Рейтер агентлигига.
Ўтган йили февраль ойида Украинага бостириб кирган Россия октябрь ойидан бери Украинанинг энергетика инфратузилмасини ракета ва учувчисиз учоқлар билан ҳужумга тутиб келади, бу эса қиш чилласида электр ва иссиқлик таъминотидги узилишларга олиб келди.
"Инфратузилма объектига зарар етган. Жиддий вайронагарчилик йўқ. Воқеа жойида барча фавқулодда хизматлар ишламоқда. Ҳеч ким жароҳат олмади", - дейилади Киев ҳарбий маъмурияти баёнотида.
Украина ҳарбий ҳаво кучлари матбуот котиби Юрий Игнатнинг айтишича, Россия ракеталари шимолдан баландда айланиб юрувчи баллистик траектория бўйлаб учирилган бўлиши мумкин.
Украина эса баллистик ракеталарни аниқлаш ва уриб туширишга қодир эмас, дея қўшимча қилди у.
Черкас вилояти губернатори украиналикларни Россия шанба куни кечроқ яна йирик ракета зарбаси бериши мумкинлигидан огоҳлантирди ва аҳолини ҳаво ҳужуми сиреналари вақтида панага ўтишга чақирди.
Жанубий Николаев вилояти губернатори Виталий Ким Россиянинг 17 та "Ту" бомбардимончи самолёти ўз ҳаво базаларидан ҳавога кўтарилганини айтди. Унинг баёноти Киев ва Харьковда муҳим инфратузилма обеъктларига ҳаво зарбалари берганидан кўп ўтмай янграган.
Литва ва Латвияни боғлайдиган газ қувурида жума оқшомида портлаш содир бўлган
Портлаш жойида аланга 50 метргача кўтарилган.
Литванинг газ узатиш оператори “Амбер Грид” ҳужум ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини билдирди.
Литванинг “Делфи ТВ” телеканали эълон қилган видеода Литванинг шимолидаги Паневезис округидаги портлаш жойида ёнғин давом этаётгани акс этган.
Сал ўтиб Литва қувур тармоғи оператори бош директори Немунас Бикниус ёнғин ўчирилганини маълум қилди.
Газ таъминоти тўхтатилди, аммо “Амбер Грид” бош директори портлаш Литвадан Латвияга газ жўнатувчи иккита параллел қувурдан бирига зарар етганини ва “Амбер” зарар кўрмаган қувур орқали таъминотни тиклашни режалаштирганини айтди.
Литва урушдан вайрон бўлган Украина каби, Россия билан чегарадош ва Болтиқ денгизида жойлашган бўлиб, у ердан Россиядан Германияга ўтувчи "Шимолий оқим" газ қувурида ўтган йили портлашлар бўлганди.
Урсула фон дер Ляйен: ЕИ Украинани қўллаб-қувватлашда давом
Европа Иттифоқи Россияга босимни кучайтириш ва Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши керак.
Бу ҳақда Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен таъкидлади.
Кируна шаҳрида Швеция Бош вазири Улф Кристерссон билан қўшма матбуот анжуманида сўзга олган фон дер Лейен, Украинада можаро бошланганидан кейин газ таъминоти диверсификацияси туфайли газ нархи пасайишига эришилганини айтди.
"Бу машаққатли меҳнат бугунги кунда ўз самарасини берди, дейишимиз мумкин. Бугунги кунда газ нархи Россия босқинидан олдингидан пастроқ. Фючерс шартномалари бўйича газ нархи август ойидан бери 80% дан ортиқ арзонлади. Резервимиз 83 фоизни ташкил этмоқда. Бу йилнинг шу давридаги энг юқори кўрсаткичлардан бири”. деди Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен.