Британия Украинага “Чалленжер 2” танкларини беради
Британия бош вазири Риши Сунак шанба куни Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали суҳбат чоғида жанговар танклар ва қўшимча артиллерия воситаларини Украинага ёрдам сифатида жўнатиш ниятини баён қилган.
Жумладан бош вазир Сунак ўз давлати Украинага “Чалленжер 2” танклари ва қўшимча артиллерия тизимларини етказиб беришини айтган
Оммавий ахборот воситаларида Британия Украина билан Британия армиясининг асосий жанговар танки бўлган “Чалленжер”ларни мамлакатга босқинчи рус кучларига қарши курашда ёрдам бериш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.
Бироқ, Британия ҳукумати якуний қарор қабул қилинмаганини бир неча бор таъкидлаган.
Бош вазир ва президент Зеленский бу борадаги бошқа давлатлар ёрдами, жумладан, Полшанинг “Леопард” танкларини тақдим этиш таклифини олқишлаган.
"Бош вазир у ва бутун Буюк Британия ҳукумати халқаро ҳамкорлар билан Украинага ўз устунликларини таъминлаш, бу урушда ғалаба қозониш ва мустаҳкам тинчликни таъминлаш имконини берадиган тез ёрдам кўрсатиш учун жадал иш олиб боришини таъкидлади", дейилади Британия ҳукумат баёнотида.
Украинлар учун «Матонат ўтови» ва «буржуй печка»
Бучада қозоқлар “матонат ўтови” тикишди, унда маҳаллий аҳоли тамадди қилиши, исиниши ва электр узилган пайтларда гажетларини қувватлаб олиши учун шароит яратилган.
Меҳмонларга палов, бўғирсоқ ва иссиқ чой икром қилишади. Ўтовлар Қозоғистонда харид қилиниб, келтирилган. Қозоқ диаспораси вакиллари Украинанинг бошқа шаҳарларида ҳам шунақа ўтовлар тикишни режалашмоқда.
Қозоғистон Россиянинг Украинага босқинини расман қоралагани йўқ, бироқ мамлакат ҳукумати ҳамда волонтёрлар Украинага тез-тез гуманитар ёрдам жўнатиб туришибди.
Литвалик волонтёрлар эса, украинларнинг қиш совуғидан ўтиб олишларига кўмаклашиши учун эски автомобилларнинг ғилдирак дискларидан “буржуйка” печка ясаб, Украинага жўнатишяпти.
Бошида тажриба учун атиги бир нечта “буржуйка” ясашган бўлса, ҳозир печка ишлаб чиқариш деярли саноат миқёсига чиқди – бутун мамлакат уларга эски дисклар етказиб беришни бошлади.
“Литвада ҳар бир киши Украинага маълум бир миқдорда пул хайрия қилган. Бироқ бизнинг ишимизга пул шарт эмас: машинаси борлар гаражи, омборини кавлаштириб, эски дискларини топиб жўнатишлари керак. Ва одамлар мана шу эски дисклар пулдан ҳам зарурроқ эканини тушунишди. Ҳозир бошқа шаҳарлардан фураларда минглаб дисклар оляпмиз. Иш катталашиб кетди, энди бизга қўл кучидан ёрдам керак”, дейди Вячеславас Мицкявичюс, волонтёр-актёр.
Пайвандчилар бир неча соат ичида 50 та печка учун “заготовка” йиғишади. Сўнгра бошқа усталар уларни бир-бирига улаб, тайёр печка ҳолига келтиришади.
“Украинада одамлар биз ясаган печларни олишар экан, қанчалик миннатдор бўлишганини кўриб, кўзимдан ёш чиқиб кетди, меҳнатимиз жуда ҳам муҳимлигини тушуниб, янада ғайрат билан ишлаб кетдик”, дейди Вячеславас Мицкявичюс.
Россияда БМТ ва Anadolu агентлиги сайтини блоклаш сўралди
Владимир вилояти ҳарбий прокуратураси БМТнинг асосий янгиликлар саҳифасини ҳамда Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги бош саҳифасини блоклаб қўйишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда маҳаллий “Довод” нашри хабар берди.
Прокуратура томонидан ариза берилганини ушбу даъвони қабул қилган вилоятнинг Ленин тумани суди ТАСС агентлигига тасдиқлаган.
Суд прокуратуранинг эътирозлари моҳиятини очиқламаган бўлса-да, даъво бўйича манфаатдор томон Роскомнадзор эканини билдирган.
Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Давлат Думаси амалда ҳарбий цензура жорий этди. Россия ҳукумати жазо билан таҳдид қилган ҳолда фуқароларни урушни “махсус амалиёт” деб аташга ва фақат Россия томонининг расмий маълумотларидан фойдаланишга мажбурламоқда.
Бошқа манбаларнинг урушга доир маълумотларини эълон қилганларга жарима ва қамоқ муддати жорий этилди – мазкур жазо чоралари Россия армиясини обрўсизлантириш ва у ҳақида фейк хабарлар тарқатишга оид янги моддаларда назарда тутилган.
Россияда армия ёши «баҳорда оширилади»
Россияда эса ҳарбийга сафарбарлик учун белгиланадиган ёш чегараси баҳорда кўтралиши мумкин, дея таъкидлади россиялик депутат Андрей Картаполов.
Россия томони ўз қуролли кучлари сонини 30 фоизга оширишни мақсад қилаётгани айтилган эди.
Владимир Путин декабрда мажбурий ҳарбий хизматни ўташ ёшини ҳозирги 18-27 дан 21-30 ёшга ўзгартириш таклифини қўллаб-қувватлаган.
Танқидчилар, Кремль Украинадаги оғир йўқотишлар натижасида Россия армиясида юзага келган танқисликни ҳарбий хизматга лаёқатли россияликлар сонини кўпайтириш орқали бартараф этишга уринмоқда, деган хулосани тилга олмоқда.
Россия қуролли кучлари шартнома асосидаги аскарлар ва муддатли ҳарбий хизматчилардан иборат. Шойгу Россияда ҳарбий хизматчиларнинг умумий сонини 1 миллион 150 мингдан - 1 ярим миллионга оширишни таклиф қилган.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков, президент Путин чақирув ёшини оширишни “концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлагани”, аммо аниқ тафсилотларни Мудофаа вазирлиги билдиришини айтган.