Зеленский: “рус террори”ни тўхтатиш учун кўпроқ қурол керак
Украина президенти Владимир Зеленский Ғарбдан “рус террори”ни тўхтатиш учун кўпроқ қурол етказиб беришни сўради.
"Кун давомида Украинага йўналтирилган 30 ракетадан 20 дан ортиғи уриб туширилди. Булар юзлаб қутқарилган ҳаёт, дегани. Ҳаво ҳужумидан мудофаачиларга ҳамда ёрдам берган барчага миннатдорлик билдираман”, деди Зеленский тунги мурожаатида, Днепрдаги вазиятга алоҳида тўхтатлиб:
“Россия террорини тўхтатса бўладими? Ҳа. Буни Украина жанг майдонларидан ташқарида қилиш мумкинми? Афсуски, йўқ. Буни бизнинг еримизда, осмонимизда, денгизимизда қилиш мумкин ва шундай қилиш ҳам керак. Бунинг учун нима зарур? Бунинг учун шерикларимиз омборларида турган ва аскарларимиз кутаётган қуроллар керак”.
Россия 14 январь куни Украинага кенг кўламли ракета ҳужумларини уюштирди. Натижада, Днепр шаҳридаги тўққиз қаватли турар-жой биноси вайрон бўлди, камида беш киши ҳалок бўлди, энергия инфратузилмасига зарар етди.
Россиянинг шанба кунги ракета ҳужумлари оқибатида Киев ва Харков вилоятлари энергия таъминотида узилишлар юзага келган.
Ҳар икки тараф Соледар ўз назоратида эканини даъво қилмоқда
Айни пайтда, Украина шарқидаги фронтда шиддатли жанглар давом этар экан, ҳам Россия ва ҳам Украина, Соледар шаҳри назорати ўзида эканини ҳануз даъво қилмоқда.
Жумладан, Россия Мудофаа вазирлиги 13 январь куни Соледарни қўлга киритдик, деб баёнот берган, бироқ Киев буни дарҳол инкор қилганди.
Украина президенти Владимир Зеленский эса шарқда кураш давом этаётганини билдирган. Украина кучлари Соледар шимоли-ғарбида ўз позицияларини ушлаб турибди, деди президент.
Яъни, Украина томонига кўра, 46-ҳаво ҳужуми бригадаси жангчилари қуршаб олинган, бироқ ҳамон қаршилик кўрсатмоқда.
Украина Миллий гвардияси қўмондони ўринбосари Владимир Назаренкога кўра, украин қўшинлари русларни ўз позицияларидан "қувиб чиқариш"га киришган.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган бу баёнотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.
Кулеба: Россия ракета саноати «маҳв этиш» керак
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россиянинг ракета ва дронлар ишлаб чиқариш саноатини “маҳв этиш”га чақирди.
Кулеба Россия Днепр шаҳридаги кўпқаватли турар-жой биносига зарба берганидан сўнг Ғарбни Россиянинг ракета ва дронлар ишлаб чиқариш корхоналарини “ўлдирувчи” санкцияларни жорий этишга чақирди:
“Ҳар бир ракета зарбаси Россиянинг захираларини камайтиради, бироқ улар ҳануз янги ракеталар ишлаб чиқаришга қодир. Биз янги кенг кўламли санкциялар орқали уларнинг ракета ва дронлар ишлаб чиқариш саноатини маҳв эта оламиз ва шундай қилмоғимиз лозим. Мен “катта еттилик” мамлакатлари ва Евроиттифоқни Украина тарафидан таклиф қилинган зарур санкцияларни зудликда жорий этишга чақираман”.
Днепрда кўпқаватли уйга ракета ташланди
Қутқарувчилар, тамоман тўкилиб тушган 9 қаватли турар-жой вайроналари остидан омон қолганларни қидирмоқда.
Бу бинога 14 январь оқшом ракета ташланди. Айни шаклдаги ҳужумлар Украина бўйлаб давом этмоқда.
Днепр шаҳрига қилинган ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони 20 нафардан ошди.
Вилоят губернатори Валентин Резниченко жабрланган 73 кишидан 40 нафари шифохонада экани, улардан тўрт нафари реанимациядалигини маълум қилди.
Фавқулодда вазиятлар ходимларининг вайроналар остидан одамларни қутқаришни давом эттирмоқда.
"Қутқарув операцияси давом этмоқда. 40 дан ортиқ одамнинг тақдири номаълум. Ҳужум натижасида 72 хонадон вайрон бўлган, 230 дан ортиқ хонадонга зарар етган”, дея маълум қилди Резниченко.
Украина томони Россия 14 январнинг ўзида уч марта дрон ҳужумлари уюштиргани, 57 марта ракета зарбаси бергани ҳамда оғир қуроллар ёрдамида 69 марта зарба берганини билдирди. Украина кучлари 26 та ракетани уриб туширган.
Москва бу йирик ҳужумга ҳозирча изоҳ бермади.