Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:21

Тэрри Жоунсга 3 йил ичида масжидга яқинлашиш тақиқланди


Қуръон нусхасини ёққан америкалик пасторга АҚШнинг Мичиган штатида Ислом динига қарши акция ўтказишга рухсат берилмади.

Мичиган штатидаги Дирборн шаҳри судяси қисқа муддатли маҳкамадан сўнг Терри Жоунсни бир соат ҳибс қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Терри Жоунс ва унинг шериги Уэн Сэпп АҚШнинг Мичиган штатидаги Исломий марказ олдида 22 апрел куни норозилик акцияси ўтказиш режасини анча олдин маълум қилган эди.

Жума куни бу ҳаракатни тўхтатган судя буни штат аҳолиси хавфсизлигига таҳдид, деб топди ва бунинг ортидан зўравонликлар келиб чиқиши мумкин, деган хулосани эълон қилди.

Терри Жоунс бир соатдан сўнг озод қилинди ва шунингдек, унга кейинги уч йил ичида масжид ёнига яқинлашиш ҳам тақиқланди.

Эслатамиз, 20 март куни АҚШнинг Флорида штатидаги черковлардан бирининг руҳонийси Терри Жоунс намойишкорона тарзда муқаддас Қуръон китобининг нусхасини ёқиб юборган эди.

Бундан аввал эса у 30 кишилик жамоат билан Қуръон устидан суд ўтказган ва ўзича Қуръонни зўравонлик, қотиллик ва террорчиликда айбдор, деб уни қатл қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган эди.

Ана шу воқеа ҳақидаги хабар интернет тармоғи, хусусан, Youtube.com тармоғи орқали дунёга ёйилганидан сўнг Афғонистонда норозилик намойишлари бошланиб кетди.

Оқибатда, ғазабланган оломон намойишлари чоғида тартибсизликлар юзага чиқди ва хусусан, БМТ нинг Мазори Шарифдаги идорасига ҳужум уюштирилди.

БМТ биносига қилинган ҳужумда 14 одам, жумладан, БМТ миссиясининг Швеция, Норвегия ва Руминия фуқаролари бўлган ходимлари ҳамда непаллик тўрт хизматчиси нобуд бўлди.

Хабарларга кўра, Афғонистонда Терри Жоунснинг ҳаракати ортидан бўлган намойишлар чоғида, турли манбалардан олинган маълумотларга кўра, 30 дан ортиқ одам ўлдирилган.

Бу ҳодисалар юзасидан матбуотга изоҳ берган америкалик пастор ўз ҳаракатидан афсусланмаслиги ва ўзини қурбонлар ўлимида масъул кўрмаслиги, бунинг учун маъсулият эса “зўравон мусулмонлар”нинг ўзида, деб билишини айтган эди.

Терри Жоунс илк бор 2010 йилда Флорида штатининг Гейнесвилле шаҳарчасидаги атиги 50 аъзоси бўлган “Dove World Outreach” черкови қавми билан 2001 йил 11 сентябрда уюштирилган ҳужумларнинг 9 йиллигини хотирлаб, мусулмонларнинг муқаддас Қуръон китобини ёқиш режасини маълум қилганда халқаро матбуот оғзига тушган эди.

Ўшанда Америкадаги насроний ва яҳудий лидерлар ўз вақтида Флорида штатидаги пасторнинг ҳаракатларини «диний эркинликка қарши ҳужум”, деб баҳолаган.

АҚШ Давлат департаментида ташкиллаштирилган ифторликда сўзлаган Давлат котиби Ҳиллари Клинтон эса черков пасторининг муқаддас Қуръонни ёқиш режасини “ҳурматсизлик” ва “шармандалик”, дея атаган эди.

АҚШ ҳукумати ва Пентагон расмийлари чақириғи билан ўша йили ниятидан қайтган ва ўшанда Ню Йоркда NBC телевидениесига: “Биз Қуръонни ёқмаймиз. Йўқ ... йўқ, бугун ҳам кейин ҳам ҳеч қачон ёқмаймиз”, деб интервью берган радикал пастор орадан бир йил ўтиб, 21 март куни барибир ҳам Қуръон нусхасини ёқиб юборди.

АҚШ расмийлари бу гал ҳам Терри Жоунс ҳаракатларини қоралаб, бу Американинг диний тоқатлилик руҳига зид экани ҳамда мусулмон дунёсида кескинликни кучайтиришини айтиб, пасторни бу каби масъулиятсиз ҳаракатлардан воз кечишга чақириб келмоқда.

Эндиликда Терри Жоунсга уч йилга қадар масжид бинолари ёнига яқинлашишнинг тақиқланиши ва Ислом динига қарши акциялардан уни чеклаш учун қисқа муддатга ҳибсда ушлаб турилиши қандай натижага олиб келишини айтиш қийин.

Боиси, АҚШ матбуотига кўра, 22 апрел кунги ҳибсдан сўнг Терри Жоунс ўз ҳаракатларини давом эттиришга келгуси жума куни ҳам уриниб кўриш ниятида эканини айтган.

Ҳозирга қадар дунёнинг турли мусулмон давлатлари расмийлари ва аҳолиси, жумладан, ўзбекистонлик таҳлилчилар ҳам АҚШ раҳбариятини Терри Жоунс ва бу каби шахслар ҳаракатига ҳуқуқий асосда чек қўйишга чақириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG