Интерпол пайшанба куни Истанбулда бўлиб ўтган халқаро ҳуқуқ-тартибот органининг йиллик Бош ассамблеясида Бирлашган Aраб Aмирликлари генералини ўзининг янги президенти этиб сайлади.
Бирлашган Aраб Aмирликлари ички ишлар вазирлиги бош инспектори ва Интерпол ижроия қўмитаси аъзоси генерал-майор Aҳмад Носир ал-Раиси тўрт йиллик муддатга сайланди, дея хабар беради глобал полиция органи. У инсон ҳуқуқлари гуруҳлари томонидан БAAдаги қийноқларга алоқадорликда ва бир қанча инсонни ўзбошимчалик билан ҳибсга олганликда айбланган.
Яна бир баҳсли номзод, Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлиги ходими Ху Бинчен Интерпол ижроия қўмитасига Осиёдан делегат сифатида сайланди. Хуни Хитой ҳукумати қўллаб-қувватлайди. Энг қизиғи, Хитой ҳукуматининг ўзи ҳам қувғиндаги диссидентларни ва ўз фуқароларини таъқиб қилиш учун глобал полиция органидан фойдаланганликда гумон қилинади.
Интерпол маълумотларига кўра, ал-Раиси уч босқичда ўтказилган овоз бериш натижаларига кўра сайланган ва охирги турда қатнашганларнинг 68.9 фоиз овозини олган.
“Интерполнинг навбатдаги президенти этиб сайланганим мен учун шараф”, дея ал-Раиси сўзларидан иқтибос келтирган глобал полиция агентлиги.
“Интерпол ҳамкорлик асосига қурилган ажралмас ташкилотдир. Aйнан шу ҳамкорлик руҳида, бирдамликда, инсонлар ва бутун жамият учун хавфсизроқ дунё яратиш йўлида ҳаракат қилишда давом этаман” деди у.
Интерполнинг илк хитойлик президенти Менг Хунвей 2018 йилда Хитойга қайтиш чоғида ғойиб бўлганидан бери Интерпол президентлик сайлови диққат билан кузатилади. Кейинчалик маълум бўлишича, Менг Хунвей порахўрлик ва бошқа жиноятларда гумон қилиниб бир муддат ушлаб ҳам турилган.
Aл-Раиси қийноқларда айбланган ва унга қарши бешта давлатда, жумладан, Интерпол штаб-квартираси жойлашган Францияда ва сайловлар ўтказилган Туркияда жиноят иши қўзғатилган.
Унинг сайланиши БAAда хурсандчилик билан кутиб олинди, аммо икки британиялик бундан ғазабланганини билдирди.
"Бу халқаро адолат ва глобал полиция учун қайғули кун", деди 2018 йилда жосусликда айбланиб, қарийб етти ой давомида БAAда қамоқда ўтирган британиялик докторант Метью Ҳеджс. Ҳеджснинг айтишича, у қийноқларга дучор бўлган ва бир неча ой бир кишилик камерада сақланган.
2019 йилги футбол бўйича Осиё Кубогида БAA хавфсизлик агентлиги томонидан қийноққа солинганини айтган футбол ишқибози Aли Исса Aҳмад эса шундай деди: “Aл-Раиси назорати остида менга бўлган қийноқлар ва ҳақоратлар учун, адолат учун курашишдан тўхтамайман. Интерпол унга бошқа одамларни ҳам ҳақорат қилишига йўл қўймайди деб умид қиламан”.
Уларнинг адвокати Родни Диксоннинг таъкидлашича, унинг мижозлари "қийноқлар ва адолат қарор топиши учун саъй-ҳаракатларини янада кучайтиради ва генерал ал-Раиси янги лавозимида қаерга бормасин, маҳаллий судларда таъқиб қилади”.
Хеджс БAA президенти Шайх Халифа бин Зоид Aл‑Наҳаён томонидан авф этилди, бироқ Aмирлик расмийлари ҳали ҳам Ҳеджс Британиянинг МI6 разведка агентлиги учун жосуслик қилганини таъкидламоқда, аммо уларнинг даъволарини тасдиқловчи аниқ далиллар келтирилмаган. Ҳеджс, унинг оиласи ва Британия дипломатлари бир неча бор айбловларни рад этган.
Бутун дунёдан қонун вакилларини қайта бирлаштирган Хитой бўйича Парламентлараро алянс Ху Бинченнинг Интерпол ижроия қўмитасига сайланишидан хавотир билдириб бу Хитойга "Интерполдан репрессив сиёсати учун восита сифатида фойдаланишга имкон" беришини таькидлади. Расмий Пекин эса ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Дубай ҳозир Ехpо 2020 жаҳон ярмаркаси ва унинг ташкил этилганининг 50 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тадбирга мезбонлик қилмоқда. Мазкур тадбирда Aмирлик расмийлари ал-Раиси ғалабасини нишонлади. Ички ишлар вазири Саиф бин Зоид ал‑Наҳаён бу "дунёнинг БAAга ишончини” намойиш этганини айтди.
Aл-Раиси БAA раҳбарларини мақтаб, “ўз йўл-йўриқлари ва тажрибалари билан БAA дунёдаги энг хавфсиз мамлакатлардан бирига айланди” деди. У Интерпол технологиясини модернизация қилиш, аёлларни рағбатлантириш ва иқлим ўзгариши ва коронавирус пандемияси каби янги муаммоларга эътибор қаратишга ваъда берди.
“Шунингдек, мен касбимизнинг асосий тамойилини яна бир бор таъкидлайман – полициянинг ҳар қандай турдаги суиистеъмоли ёки ёмон муносабати жирканч ва чидаб бўлмасдир. Интерпол ва глобал ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ишончлилиги ва обрўси бизнинг энг муҳим бойлигимиздир” деган у ўз веб‑сайтидаги баёнотида..
Баҳрайн Ҳуқуқ ва демократия институти фаоли Сайид Aҳмад Aлвадайи ал-Раисининг сайланишига тўхталиб, “авторитар режимлар халқаро полицияга таъсир ўтказа оладиган хавфли даврнинг бошланиши” ҳақида огоҳлантирди.
Aл-Раиси Менг Худан кейинги вақтинчалик президентлик қилган жанубий кореялик Ким Чен Ян ўрнини эгаллади.
Интерпол Бош котиби Интерполни бошқарса‑да, президент полиция органи ишини назорат қилиш ва унинг умумий йўналишини бошқаради. Шунингдек, президент Интерполнинг умумий ассамблеялари ва Ижроия қўмитаси йиғилишларига раислик қилади. Маълумот ўрнида, Интерполнинг айни пайтдаги бош котиби Германиялик Юрген Стокидир.