Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:18

Блинкен Киевда: АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамни оширмоқда


АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 19 январь куни Киевдаги АҚШ элчихонаси ходимлари билан суҳбатда.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 19 январь куни Киевдаги АҚШ элчихонаси ходимлари билан суҳбатда.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украинага ташрифи чоғида Россиянинг Украинага эҳтимолий босқини ҳақидаги хавотирларга ишора қилиб Владимир Путинни “тинч йўл”дан боришга чақирди.

Россия Украина чегаралари бўйлаб 100 000 лик ҳарбий қўшин тўплагани ва Москва Минск билан ҳамкорликдаги ҳарбий машғулотлар учун Беларусга ҳам салмоқли ҳарбийларини киритгани Ғарб давлатларида акс-садо бериб, янги йирик можаро ҳақида огоҳлантиришларга сабаб бўлмоқда.

“Биз дипломатик ва тинч йўлдан давом эта олишимизга умидим катта, лекин охир-оқибат, бу Президент Путиннинг қарорига боғлиқ бўлади”, деди Блинкен 19 январь куни АҚШнинг Киевдаги элчихонаси ходимлари билан учрашувдан кейин.

“Биз биламизки, ҳарбий кучларни қисқа вақт ичида янада кўпайтириш режалаштирилмоқда. Бу президент Путинга қисқа фурсатда Украинага қарши кейинги агрессияни амалга ошириш имкониятини беради”, дея огоҳлантирди Блинкен.

Аввалроқ АҚШнинг юқори мартабали расмийларидан бири президент Жо Байден маъмурияти ўтган ой Киевга мудофаа хавфсизлиги бўйича қўшимча ёрдам сифатида 200 миллион доллар ажратишни маъқуллаганини ва Вашингтон “Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқ қолишини” айтган эди.

Анонимлик шарти билан гапирган расмий мулозим ёрдам пакетининг мазмунига батафсил тўхталмаган.

Блинкен Киевда президент Володимир Зеленский ва Украинанинг бошқа юқори даражадаги расмийлари билан учрашиши режалаштирилган. Шундан сўнг у Берлинга, Ғарб билан якдил ҳамкорликни таъминлаш масаласида Буюк Британия, Франция ва Германия билан тўрт томонлама музокаралар ўтказиш учун жўнаб кетади.

21 январь куни АҚШнинг бош дипломати Женевада россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашиши ҳам кутилмоқда. Улар кеча 18 январь куни телефон орқали гаплашган.

Россияга қўшиб олинган Қрим минтақаси ва Украина чегараси бўйлаб рус қўшинларининг жойлаштирилиши Москванинг 2014 йилнинг мартида Қора денгиздаги Қрим ярим оролини эгаллаб олганидан кейинги энг йирик ҳарбий амалиётларидан бири бўлди. Шунингдек, Россия Украина шарқида 2014 йил апрелидан бери 13200 дан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлган урушда айирмачиларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Москва Украинага ҳужум қилишни режалаганини рад этиб, ўз навбатида, НАТОни ҳам Украинани альянс аъзолигига қабул қилишни ва у ерда ҳужумкор қуроллар жойлаштиришни кўзлаётганликда айблаган.

Ўтган ҳафта россиялик дипломатлар АҚШ, НАТО ва Европа давлатларининг юқори доирадаги расмийлари билан учрашиб, Москва қўйган кенг қамровли талабларни муҳокама қилди.

Музокаралар ҳеч қандай натижа бермади. Москванинг жанговар риторикаси Ғарб расмийларини жиддий хавотирга солди.

Вашингтонда Россиянинг эҳтимолий ҳужуми Беларус орқали содир бўлиши мумкинлигидан хавотирлар ортган. Беларусда Александр Лукашенконинг 27 йиллик шафқатсиз бошқарувига қарши норозиликларга қарамай у Владимир Путиннинг қўллаб-қувватлови сабабли ҳали ҳануз ҳокимиятда қолмоқда.

Литва мудофаа вазири Арвидас Анусаускас 19 январь куни қолдирган твитида собиқ Иттифоқ республикаси ва НАТОнинг амалдаги аъзоси бўлган Литва Россия қўшинларининг Беларусда жойлаштирилишини “нафақат вазиятни беқарорлаштирувчи омил, балки Литвага тўғридан-тўғри таҳдид” деб ҳисоблашини маълум қилган.

АҚШ давлат департаментининг юқори мартабали мулозимининг журналистларга билдиришича, Россиянинг Беларусдаги ҳаракатлари “на ҳарбий машғулот, на одатий қўшин ҳаракати эмас. Бу инқирозни келтириб чиқариш ёки унга баҳона топиш учун мўлжалланган провокация. Чунки Россия эҳтимолий босқинни режалаштирмоқда".

Исмини ошкор қилмасликни сўраган АҚШ расмийси Блинкеннинг Лавров билан учрашувини изоҳлар экан, бу “эҳтимол дипломатия ўлмаганидан далолат беради”, деди.

Блинкен Берлинда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок билан учрашади. Шунингдек , Британия ва Франция расмийлари билан ҳам музокаралар олиб бориши кўзда тутилган.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайснинг сўзларига кўра, учрашувларда “Россиянинг Украинага нисбатан кейинги тажовузини тўхтатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар” ва яна шунингдек, “Россияни оғир иқтисодий оқибатларга дучор қилишга тайёргарлик” масалалари муҳокама қилинади.

Қўшма Штатлар ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари Россия агарда Украинага янги босқин уюштирса, бу Москва учун оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантириб келмоқда.

18 январь куни Бербок Москвада Лавров билан учрашувидан сўнг, Берлин Украина борасидаги Россия билан можарода “иқтисодий бадали” юқори бўлишига қарамай, фундаментал қадриятларни ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирди.

Россия билан чуқур иқтисодий алоқаларга эга бўлган Германия АҚШ ва НАТОдаги бошқа иттифоқчиларнинг босими остида қолган. Улар Германияни Москвага нисбатан қатъийроқ муносабатда бўлишга ундамоқда.

Германия канцлери Олаф Шольц 18 январь куни Россия Украинага ҳужум қилса, Берлин “Шимолий оқим 2” қувури лойиҳасини тўхтатиш масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Қуриб битказилган, аммо ҳали очилишига рухсат этилмаган денгиз остидан ўтган қувур Россиядан Ғарбий Европага газ оқими ҳажмини оширади. Кўплаб танқидчилар , жумладан, Вашингтон ҳам бу Берлинни Москвага янада қарам қилади, деб ҳисоблайди.

“Агар Украинага ҳарбий босқин уюштирилса, бунинг тўлови катта бўлиши аниқ, ҳар қандай чора кўриб чиқилиши мумкин”, деди Шольц журналистларга берган интервьюсида.

XS
SM
MD
LG