16 июль куни “Ўзбек давлат цирки”да Рижик исмли маймун ўз қафасидан чиқиб кетиб, ҳалок бўлди.
Бу ҳақда Озодликка 27 июль куни цирк ходимларидан бири, исми очиқланмаслик шарти билан, хабар қилди. Унинг айтишича, қафасидан чиққан маймун у билан битта хонада сақланган йўлбарслар ва арслон катаги ёнига борган ва йиртқичлар уни еб қўйган.
Ўзбек давлат цирки директори вазифасини бажарувчи Рустам Мажидовнинг Озодликка айтишича, воқеа ҳайвон ўргатувчи Азамат Хусиновнинг совуққонлиги туфайли содир бўлган.
Азамат Ҳусинов эса, фожианинг сабабчиси сифатида цирк раҳбари Рустам Мажидовни айблади. Унинг айтишича, маймунга тегишли алоҳида хона янги директор томонидан тортиб олинган.
Ҳайвон ўргатувчи Азамат Ҳусиновнинг айтишича, қоидага биноан, цирк ҳайвонлари алоҳида-алоҳида хоналарда сақланиши керак. Бироқ 2018 йилнинг январида Рижикка тегишли хона янги директор томонидан тортиб олинган.
- Қиш кунларида бир неча кун совуқ гаражда, ветеринар врачнинг хонасида сақланиб келди, эски кўрпачаларни тўшаб, аранг жонини сақладим, бу ёзги ҳайвон, ўлиб қолади, деб кўп гапирдим, - дейди Азамат.
Унинг сўзларига қараганда, маймунга алоҳида хона берилаверилмагач, уни иккита йўлбарс ва битта арслон сақланадиган хонага қўйишга мажбур булган.
- Маймуним тугул, ўзимга ҳам хона йўқ. Ҳамма артистларда ечиниб-кийинишга хона бор, мен эса, цирк томошасига чиқадиган бўлсам йўлбарслар хонасида кийиниб-ечинаман, - дейди ҳайвон ўргатувчи.
Ҳусиновнинг иддао қилишича, фожианинг асл сабаби цирк раҳбарининг тамагирлигидир. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирига ёзган аризасида Азамат Ҳусинов, жумладан, бундай деган:
"2-3 ой олдин Россия Федерациясидан айнан менинг номеримга нисбатан таклифнома келган эди. Шунда вақтинча директор вазифасини бажарувчи Мажидов Рустам Россия Федерациясига бормаслигим учун хар-ҳил баҳоналар билан рад этди. Ҳозирги кунда яна менинг номерим бўйича Россия Федерациясидан таклифнома келиб тушди. Ушбу таклифномани мен кадрлар бўлимига тақдим этганимда, вақтинча директор вазифасини бажарувчи Мажидов Рустам худсоветни (бадиий кенгаш -таҳр.) йиғиб, улар билан ўзаро келишиб олиб, яна таклифномани рад этди. Ушбу худсоветдагилар Мажидов Рустамни қўллаб-қувватлайдиган шахслардир.
Шуни таъкидлаш лозимки, агарда мен Россия Федерациясига чиқиб, уларнинг цирк томошаларида қатнашсам, бу чиқишим Ўзбекистон Республикаси давлат циркига маблағ келиб тушишига сабаб бўлар эди. Аммо Мажидов Рустам ўз манфаатини ўйлаб, циркка келиб тушадиган пул маблағини менга берасан, деб тўсқинлик қилиб келмоқда. Мен бу талабига мутлақо рози бўлмадим", дейилган Азамат Ҳусиновнинг Маданият вазирлигига ёзган аризасида. Ҳусинов худди шу гапларни Озодлик билан суҳбатда ҳам такрорлади.
Ўзбек давлат цирки директори вазифасини бажарувчи Рустам Мажидов Озодлик мухбири саволларига жавоб бераркан, Азамат Ҳусиновнинг номерини Россия циркларидан бири таклиф қилинганини тан олди, лекин Ҳусиновнинг иддаоларини рад этди.
"Россияга ўзбек артистларининг бориб ишлаши цирк учун ҳам жуда яхши даромад олиб келувчи амалиётдир", деди Рустам Мажидов.
Цирк раҳбарининг айтишича, "қон мазасини татиган йўлбарслар" эндиликда ҳеч қаерга бора олмайди, цирк ветиринарининг қарорига кўра, йиртқичлар Тошкент зоопаркига топширилади.
Бироқ ҳайвон ўргатувчининг фикрича, йиллар давомида қилган меҳнати маҳсули бўлган "артист" йўлбарслари ва арслонини зоопаркка бериб юбориш учун уларнинг "қон татиб кўргани" сабаб бўла олмайди.
"Уларга ветеринар врачнинг кўрсатмаси билан ҳар икки хафтада шундоқ ҳам тирик қуён берилар эди", деди Азамат Ҳусинов.
Шу кунда Ҳусинов йиртқичларининг олдига кира олмаяпти.
"Иккита қулф осилган. Битта қулф меники, лекин унинг устидан цирк қулф осган. Йўлбарслар ичкарида. Менда кириб уларга сув бериш имконияти ҳам йўқ " - дейди ҳайвон ўргатувчи.
Ўзбекистан Давлат циркини вақтинча бошқараётган Рустам Мажидов циркнинг собиқ директори, ИИБ томондан цирк мол-мулкини талон-тарож қилганликда гумонланиб қидирувга берилган Баҳром Мажидовнинг укасидир.