Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:26

Наманганда эрини ўлдириб каналга оқизганликда гумонланиб хотини ва унинг ўйнаши қидирилмоқда


Суратнинг Намангандаги воқеага алоқаси йўқ.
Суратнинг Намангандаги воқеага алоқаси йўқ.

Наманган вилоят, Чортоқ туманидаги Боғистон қишлоғида яшаган 31 яшар йигитнинг жасади Тўрақўрғон туманидан ўтувчи каналдан топилди.

Воқеа гувоҳларининг иддаосича, йигитни унинг хотини ва хотинининг ўйнаши болта билан чопиб ўлдириб, каналга ташлаб юборган.

Бу воқеа юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка берган маълумотига кўра, мазкур жиноятни содир этишда қатнашганлардан икки киши қамоққа олинган, қочиб кетган икки кишига нисбатан эса қидирув эълон қилинган.

Чортоқ туманининг Боғистон қишлоғидаги Узун маҳалласида яшаган 31 яшар Д.К.нинг кўрпача ва целлофанга ўралган жасади, 27 январ куни Тўрақўрғон туманидан ўтувчи каналдан топилган.

Марҳумнинг воқеадан хабардор исми сир қолишини сўраган яқинларидан бирининг Озодликка айтишича, жасад ҳали топилмасдан йигитнинг хотини икки боласи билан ғойиб бўлган:

“Раҳматли қариндошимиз Д. Россияга бориб ишлаб келарди. У кетаётганида ўзидан 6 ёш кичик амакиваччаси, Оқтерак маҳалласида яшайдиган 25 яшар В.К.га келинаянгга мен йўғимда ёрдам бериб турасан, бирор жойга борадиган бўлса мошинада олиб борасан, бозор-ўчарини қилиб берасан деб, тайинлаб кетган экан. Айтишларича, амакивачча билан келин Н.Ю. дон олишиб қолган. Д. ўзи сал безорироқ, кўп ичадиган бола эди. Жанжал унга хотини ҳақида етказилган узунқулоқ гаплар ортидан келиб чиққан”.

Унинг айтишича, 18 январь куни Д.К.нинг оиласида қаттиқ жанжал бўлган:

“Д. ичиб олиб сени ҳам, ўйнашингни ҳам сўяман, деган. Онаси қўлидан пичоқни тортиб оламан деганда, унинг қўлини ҳам кесиб юборган. Келин уйдан қочиб тўғри В.нинг уйига бориб, "у сизни ўлдиради, қочинг" деган пайтда эри орқадан етиб келган. Д.ни инсофга келтириш учун унинг амакиси, В.К.нинг отаси ҳам жанжалга аралашган. Д. амакисини ҳам ураётганда В. болта билан унинг бошига уриб ўлдирган”, деди марҳумнинг қариндоши.

Боғистон қишлоғи маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, Д.нинг жасади Гўзал даҳасидаги каналга ташлаб юборилган:

“Жасад Тўрақўрғонгача оқиб борган. Уни аввал кўрпачага, ундан сўнг целлофанга ўраб каналга ташлаб юборишган экан. Жасадни кўрган милиция ходимининг айтишича, унинг бир кўзи шишиб кетган, пешонаси ёрилган, миянинг орқасида болта билан урилган чуқур из бор. Жасад суд-тиббий экспертизасидан ўтказилди”.

Тўрақўрғон туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими қотилликда гумонланаётган В.К. ва Н.Ю.лар қочиб кетганлигини ва улар қидирувга берилганини Озодликка айтди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати бу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида Озодликка берган маълумотида айтилишича, Д.К.ни ўлдиришда унинг амакиси Х.К. ва холасининг ўғли Т.М. ҳам гумонланмоқда:

"18 январь куни соат 21.30 ларда Д.К. яқин қариндоши бўлган амакиси Х.К. уйига келиб, турмуш ўртоғи Н.Ю. ва В.К. ўртасидаги ишқий муносабатларни Х.К. билан муҳокама қилаётган вақтида В.К. ҳам уларнинг ўзаро жанжалига аралашган вақтида, М.Т. унинг орқасидан келиб, қўлидаги темир болта билан Д.К.нинг бошига бир марта қасддан урган. Д.К. мувозанатини йўқотгандан сўнг Х.К. болтани олиб, Д.К. бошига болта билан 2 марта урган. Д.К. ерга йиқилгандан сўнг, В.К. келиб Д.К.ни бош қисмига қасддан тепган, натижада Д.К. воқеа жойида вафот этган. Шундан сўнг, В.К. ва М.Т.лар жиноят изларини яшириш мақсадида Д.К.ни жасадини кўрпага ва полиэтилен целофанга ўраб, отаси Х.К.га тегишли “Ласетти” русумли автомашинасининг юкхонасига юклаб, Наманган шаҳар, Машад МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган “Шимолий Фарғона канали”га ташлаб юборишган".

Матбуот хизмати хабарида қотилликда гумонланувчиларнинг икки нафари ҳибсга олингани ва икки нафарига қидирув эълон қилингани айтилади:

"Юқоридагиларга кўра, Х.К. ва М.Т.лар ЖКнинг 97-моддаси 2-кисми “п” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган, 28.01.2019 йилда Х.К., М.Т.ларга ЖКнинг 97-моддаси 2-кисми “п” банди билан жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб этилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

В.К. терговдан яшириниб Қозоғистон Республикасига мархум Д.К.нинг турмуш ўртоғи Н.Ю. билан биргаликда қочиб кетганлиги сабабли 28. 01.2019 йилда унга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “п” банди билан сиртдан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ҳақида қарор қабул қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлланилди ва қидирув эълон қилинди.

Ҳозирда жиноят иши вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими иш юритувига олинди. ​Жиноят иши бўйича тергов Бош прокуратура назоратига олинди".

XS
SM
MD
LG