Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:23

Финлашиш? Макроннинг баёноти Киевни асабийлаштириб, Хельсинкида ёмон хотираларни ёдга солди


Россия президенти Владимир Путин фин ҳамкасби Саули Ниинисто билан.
Россия президенти Владимир Путин фин ҳамкасби Саули Ниинисто билан.

Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан уч йил ўтиб, уруш бошида қудратли Қизил Армия устидан ғалаба қозонган Финляндия шарқий қўшниси билан шартнома имзолади. Келишув Хельсинкининг бетарафлигини мустаҳкамлаб, уни янги пайдо бўлган НАТОдан узоқлаштирди ва Финляндия сиёсатига ўнлаб йиллар давомида таъсир кўрсатди.

Ушбу вазият "Финлаштириш" деган геосиёсий атама билан номланди. Финляндияда бу сўз ёқимсиз қарши олинади. Айни кунларда бу сўз Киевда ҳақорат ўлароқ қаршиланди.

Шу ҳафта Киевга сафари чоғида Франция президенти мазкур атамани қўллаб айни ғояни илгари сургани хабар қилинмоқда. Бу мавжуд зиддиятни ҳал қилишнинг “пичоққа илинадиган” муқобил варианти экани айтилган.

Эммануэль Макроннинг Москвага ташрифи олдидан Киевга боргани Россиянинг янги босқини олдини олишга қаратилган сўнгги юқори даражадаги саъй-ҳаракатлардан бири бўлди.

Макрон кейинчалик бу атамани ишлатганини рад этди. Аммо хабарларга кўра, у ўзи билан ҳамроҳлик қилган журналистларга: "Бу айни дамда муҳокама учун чоралардан бири. Биз ҳозир вазиятни қайси сўз билан аташни эмас, муаммога ечим топиш ҳақида бош қотиришимиз керак", дея таъкидлаган.

8 февраль куни Киевда ўтган матбуот анжуманидан кейин Владимир Зеленский Франция етакчисидан “финлаштириш” атамасини эшитмаганини айтди.

"Украина учун бу қабул қилиб бўлмайдиган нарса", дейди Киевдаги Разумков таҳлил марказининг Ташқи алоқалар ва халқаро хавфсизлик дастури раиси Олексий Мелник.

"Агар доимий бетарафликни қабул қилсангиз, мантиқан бунинг эвазига бирор нарса олишингиз керак. Хўш, Украина бунинг эвазига нима олиши мумкин? Россия бу борада ҳеч нарса дегани йўқ.”

Бу атама Финляндияда афсус ва пушаймонлик билан эсланади.

Финляндия халқаро муносабатлар институтининг катта илмий ходими Матти Песу: "Фин нуқтаи назаридан, бу ҳақоратли сўз. Финлар бу сўзни ёқтирмайди ва сиёсий ечим сифатида ҳам таклиф қилмайди. Финлар ҳар доим ташқи куч томонидан ўрнатилган тизимга қарши."

"Заҳарли таъсир"

1948 йилда имзоланган Совет-Финляндия дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам шартномаси Хельсинкининг Совет Иттифоқи билан урушдан кейинги муносабатларига асос бўлди. Москва Финляндияга бостириб кирмаслигини кафолатлади.

Аммо 1960‑йилларга келиб, “Финлаштириш” атамаси Германияда СССРга яқин бўлган давлатларнинг муносабатларини тушунтириш учун қисқача тавсиф сифатида қўлланила бошланди.

1939-40 йилларда Совет Иттифоқи билан жангдаги Финляндия қўшинлари.
1939-40 йилларда Совет Иттифоқи билан жангдаги Финляндия қўшинлари.

"Сиз буни Финляндиянинг Москва билан муносабатларда омон қолиш механизми сифатида кўришингиз мумкин. Аммо бу ички сиёсатга заҳарли таъсир кўрсатди”, дейди хельсинкилик халқаро сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа бўйича тадқиқотчи Чарли Салониус-Пастернак.

Кекконен даврида Финляндия сиёсати Москвага нисбатан "мойил" бўлган. Финляндия сиёсатида Москвани кескин танқид қилиш мумкин эмас эди. Фин оммавий ахборот воситаларида ҳам Совет сиёсати камдан-кам танқид қилинган.

Совуқ урушдан кейин Финляндия 1995 йилда Европа Иттифоқига қўшилиб, Ғарб билан яқинроқ алоқалар сари интилди. Бироқ, 2014 йилда Россия Украинанинг Қрим ярим оролини аннексия қилгани Хельсинки учун кутилмаган кескин воқеа бўлди.

Финляндия НАТОга аъзо эмас, бироқ экспертларнинг таъкидлашича, у ташқи альянс билан анчагина интеграциялашган.

"Европа Иттифоқига аъзо бўлганимиздан бери биз бетараф эмасмиз, – деди Салониус-Пастернак. – Сиёсат нуқтаи назаридан биз НАТО ва АҚШ билан мустаҳкам алоқаларга эгамиз."

Финляндия жамияти ҳам НАТОга аъзоликни қўллаб-қувватлаш томон сезиларли даражада қадам ташлади. Бироқ ижтимоий сўровлар бу борада ноаниқликни кўрсатмоқда. Финляндия Бош вазири ҳам мамлакат НАТОга аъзо бўлиши "эҳтимолдан йироқлигини” айтди.

Украина учун бу муаммо анча мураккаб. Кремль Финляндиянинг Европа билан яқин бўлишига оддий қараса-да, Москва Киевнинг худди шу йўналишдаги ҳаракатларини тўхтатиш чораларини кўрмоқда.

“Москвага Украинага нисбатан “финлаштириш” сиёсатини қўллашига рухсат бериш хавфли қадам бўлади”, дейди Салониус-Пастернак.

"Финлар Украинага мамнуният билан таклиф қиладиган тажриба"

"Финлаштириш" Украинанинг энг йирик ҳарбий ёрдам билан таъминловчи ва қатъий қўллаб-қувватловчиси бўлган Қўшма Штатлар учун ҳам ёқимсиз сўз.

Ғарб расмийлари Москва аслида Украина ташқи сиёсатига вето қўйишни талаб қилаётганини айтмоқда.

НАТО расмийлари альянс эшиги Украина учун очиқ қолишини, бироқ яқин келажакда мамлакат иттифоққа қўшилмаслигини очиқ маълум қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский ва Финляндия президенти Саули Ниинисто 2019 йил сентябрь ойида Киевда.
Украина президенти Владимир Зеленский ва Финляндия президенти Саули Ниинисто 2019 йил сентябрь ойида Киевда.

“Президент Макрон бу атамани тилга олмаганини ва НАТОнинг “Очиқ эшиклар” сиёсатига чек қўйиш чинaкам муаммо бўлишини айтди.

“Биз бунга қўшиламиз”, деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Жалина Портер “Финлаштириш” ҳақидаги саволга жавобан. “Илгари айтганимиздек, биз суверен давлатлар ўз хавфсизлиги бўйича ўзи қарор қабул қилиш ҳуқуқига содиқмиз", қўшимча қилган у.

"Украина Финляндиядан ниманидир ўргана оладими? Финляндия кучли қўшниси билан кескин вазиятдан чиқиш тажрибасига эга. Бу давлат Швеция, Норвегия ва НАТО билан мустаҳкам мудофаа алоқаларига эга. Финляндия функционал жамиятга эга, дунёдаги энг кам коррупциялашган мамлакатлардан бири. Бу финлар Украинага ҳам мамнуният билан таклиф қиладиган тажрибалар”, дея хулоса қилди Финляндия халқаро муносабатлар институтининг катта илмий ходими Матти Песу.

XS
SM
MD
LG