Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:17

Қўқонда ҳайдовчиларни жаримага тортиш кучайди. Мақсад бюджет тушумини кўпайтириш экани айтилмоқда


Ҳайдовчилар инспекторларнинг асоссиз hатти-ҳаракатлари юзасидан кўп шикоят қилади.
Ҳайдовчилар инспекторларнинг асоссиз hатти-ҳаракатлари юзасидан кўп шикоят қилади.

Қўқондан Озодликка йўлланган мурожаатда¸ йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг ҳайдовчиларни асоссиз тўхтатиб, ҳар хил баҳона билан жаримага тортаëтгани иддао қилинди.

Озодлик гаплашган ҳайдовчиларга кўра, айни кунларда Қўқон йўлларидаги инспекторлар сони бир неча бараварга кўпайган.

Фарғона ҳокимият тизимининг шахси очиқланмаслигини сўраган мулозими¸ бюджет тушумларини кўпайтириш учун жаримага тортишни кўпайтириш ҳақида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев оғзаки буйруқ берганини иддао қилди.

Қўқон шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мулозими ҳайдовчилар шикоятини моҳиятан инкор қилмади, айни пайтда¸ жараëнга оид маълумот бера олмаслигини айтди.

Исми очиқланмаслигини сўраган қўқонлик ҳайдовчилардан бири Озодликка биргина 26 февраль куни 8 километрлик масофада ўзини ЙҲХ инспекторлари тўрт марта тўхтатганини айтади:

Кейин ҳеч айб тополмай аптечкангни кўрсат деди.


“Қўқоннинг бу четидан у четига иш билан бораётгандим. Бир километр юрганимдан сўнг инспектор тўхтатди. Ҳеч қандай қоида бузганим йўқ, тезлик ҳам нормальний. Тўхтатди, қоидага кўра, инспектор келиб, ўзини таништириши ва нима сабабдан тўхтатганини айтиши керак. Лекин на ўзини таништирди, на нима сабабдан тўхтатганини айтди. Ҳужжатларни кўриб қўяйлик, дейди. Бундан камчилик тополмай, бошқа айб ахтара бошлади. Сигнални чалдириб кўрди, капотни оч қанақа сигнал турибди экан, дейди. Кейин ҳеч айб тополмай аптечкангни кўрсат деди. Мени аптечкамда битта камчилик бор экан. Тамом Худо бердику. 111 минг сўм жарима ёзворди. Додингни кимга айтишни билмайсан”.

Исми сир қолишини сўраган қўқонлик бошқа ҳайдовчи ҳам инспекторлар йўлларда ҳаддан ташқари кўпайиб, автомобилларни кетма-кет тўхтатаётганини айтди:

Камчилик тополмагандан кейин, баллонларингиз ейилиб қопти деган айбни қўйди ва жарима ёзди.


“Бугун ёмғир ёғиб инспекторлар сал камайиб қолди. Лекин аввалги кунлар булар ҳаммани эзворди. Менинг ҳужжатларим ва машинамдан ҳеч қандай камчилик тополмагандан кейин, баллонларингиз ейилиб қопти¸ деган айбни қўйди ва норозилигимга қарамай жарима ёзди. Ҳозир шопирлар Телеграм каналидаги ҳайдовчилар гуруҳида қаерда ГАИ тургани ҳақида бир-биридан сўраб олаяпти”.

Озодлик мухбири қўқонлик ҳайдовчиларнинг Телеграм каналига аъзо бўлиб, у ерда ҳайдовчиларнинг бир-бирларини огоҳлантирганликларига гувоҳ бўлди:

“Эй, шопир акалар, ГАИнинг олдида ременга, балои баттарга, любой нарсага тўсиб ёзаяпти. Ҳушёр бўлинглар”.

“Ҳушёр бўлинглар, акалар-укалар, эрталабдан безотказ ёзаяпти..”

“Акалар, йўқ жойдан айб топиб ёзвораяпти, ҳушёр бўлинглар”.

“Документдан айб тополмаганидан кейин, менга ременга ёзворди, илгари ременга ёзмасди”.

“Аммо ёмон ёзсяпти, ҳозир яна қайтиб ўтдим, уч-тўрттасини тўхтатиб ёзсяпти, ҳушёр бўлинглар”.

“Акалар, Зелёнийда келиб Чархийга бурилишда туришибди, ҳушёр бўласизлар”.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган, фарғоналик мулозимнинг айтишича, ҳайдовчилардан кўпроқ жарима ундириш топшириғини вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев берган:

ГАИ ҳайдовчиларни вилоят бюджети учун жарима қилмоқда.


“ГАИ ҳайдовчиларни вилоят бюджети учун жарима қилмоқда. Бу вилоят ҳокими Ғаниевнинг оғзаки топшириғи. Бюджетга кам пул тушаяпти экан, шунинг учун рейд баҳонасида инспекторларга ҳайдовчиларни максимум даражада жарима қилиш топширилган”.

Озодлик Қўқон шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига қўнғироқ қилиб, ҳайдовчилар эътирозига сабаб бўлаëтган "жаримабозлик"ка муносабат сўради.

Ўзини таништирмаган мулозим, жаримага тортиш ҳолатларининг кескин кўпайгани ҳақидаги шикоятларни инкор қилмади, лекин бу ҳақда фақат бўлимга келиб, раҳбарлардан маълумот олиш мумкинлиги айтиб¸ суҳбатни узиб қўйди.

Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати Озодлик қўнғироғига жавоб бермади.

Фарғона вилоятининг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам ЙҲХБ инспекторларининг рейдлар ўтказаётгани ҳақида Озодликда маълумот йўқ.

2019 йил июль ойида ҳам фарғоналик ҳайдовчилар Қўқонда ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик ишларини молиялаш учун, уларга рейдлар давомида жарималар солингани ҳақида шикоят қилган эди.

Ўзбекистонда 2018 йилнинг 23 октябридан айрим йўл ҳаракати қоидалари, жумладан, маст ҳолда автомобиль бошқарганлик, йўлда ҳайдовчининг телефондан фойдаланганлиги ва тезликни оширганлиги учун жарималар оширилган эди.

Йўлда мобиль телефондан фойдаланган ҳайдовчилар бундан буён ЭКИҲнинг 3 баробари (қонун таҳриридан аввал 2 баробар бўлган) миқдоридаги жарима билан жазоланади.

Бундан ташқари, тезликни оширган ҳайдовчилар учун ҳам жарима миқдори ошди. Хусусан, ҳаракат тезлигини 40 км/с дан ортиқ катталикда ошириб юборганлар эндиликда ЭКИҲнинг 9 баробари миқдорида (аввал 7 баробар бўлган) жарима тўлайди.

Ҳаракат тезлигини 20 км/с дан ортиқ, лекин 40 км/с дан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юборган ёхуд транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини 20 км/с дан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор оширган ҳайдовчилар энг кам иш ҳақининг 15 баробари миқдоридаги жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йил муддатга маҳрум этиш билан жазоланади.

Бундай қонунбузарлик учун аввал ҳайдовчи энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдоридаги жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йил муддатга маҳрум этиш билан жазоланган.

Бундай қоидабузарликни учинчи бор содир этган ҳайдовчилар аввалда бўлгани каби транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 2 йил муддатга маҳрум этилибгина қолмай, ЭКИҲнинг 25 баробари миқдоридаги жаримага ҳам тортилади.

XS
SM
MD
LG